Шимолий Оролда сув сатҳи 44 метрга кўтарилиши мумкин

Шимолий Оролда сув сатҳи 44 метрга кўтарилиши мумкин
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Қозоғистон Жаҳон банки билан ҳамкорликда Шимолий Орол денгизи сув сатини Болтиқ тизими бўйича 44 метрга кўтаришни режалаштирмоқда.
  • Ушбу лойиҳа доирасида кейинги 5–6 йил ичида Шимолий Орол майдонини 3,9 минг квадрат километрга, сув ҳажмини эса 34 миллиард куб метрга етказиш кўзда тутилган.
  • Шу билан бирга, Қозоғистон Оролнинг қуриб қолган тубида 1,1 миллион гектар майдонда ўрмон-мелиорация ишларини олиб бормоқда.

Қозоғистон Жаҳон банки билан ҳамкорликда Шимолий Оролда сув сатҳини Болтиқ тизими бўйича 44 метрга етказишни режалаштирмоқда. Мазкур лойиҳа орқали Орол денгизининг шимолий қисмида сув ҳажмини янада ошириш ва экологик ҳолатни яхшилаш кўзда тутилган. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт давомида Шимолий Орол майдони 36 фоизга кенгайган. Шу давр мобайнида сув ҳажми ҳам қарийб икки баробар ошиб, 23,4 миллиард куб метрга етган. Шу билан бирга, сувнинг минераллашув даражаси икки баробар камайган.

Лойиҳанинг навбатдаги босқичида Оролни тиклашда муҳим иншоотлардан бири ҳисобланган Кўкарал тўғонини реконструкция қилиш режалаштирилган. Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа доирасида сув сатҳини Болтиқ тизими бўйича 44 метрга кўтариш кўзда тутилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги 5–6 йил ичида Шимолий Орол майдонини 3,9 минг квадрат километрга, ундаги сув ҳажмини эса 34 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган. Бу ўз навбатида денгиз ҳудудидаги экологик шароитни янада яхшилашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Қозоғистон Оролнинг қуриб қолган тубида кўкаламзорлаштириш ва ўрмон-мелиорация ишларини ҳам давом эттирмоқда. Маълум қилинишича, ҳозиргача 1,1 миллион гектар майдонда ўрмон-мелиорация тадбирлари амалга оширилган.

Қуриб қолган денгиз тубини ўсимликлар билан қоплаш мақсадида 3,4 минг тонна саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар уруғи сепилган. Шунингдек, 56,2 миллион туп саксовул кўчати экилган.

Кўчатларни етиштириш учун махсус питомник ҳам ташкил этилган. Майдони 33 гектарни ташкил этувчи ушбу питомник йилига 3 миллион дона кўчат тайёрлаш қувватига эга.

Қозоғистон Орол денгизи билан бир қаторда Каспий денгизининг экологик ҳолатига ҳам эътибор қаратмоқда. Мамлакат Каспий денгизини сақлаб қолиш бўйича давлатлараро дастур тайёрламоқда.

Мазкур дастурда Каспий денгизи сатҳининг пасайиши, биохилма-хилликни асраш, сувнинг ифлосланишига қарши курашиш ҳамда экологик мониторинг тизимини такомиллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.

Шу тариқа Қозоғистон Орол ва Каспий денгизларининг экологик ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларини асраш ҳамда ушбу ҳудудларда табиий муҳитни тиклашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар