34 йил кутилган мўъжиза: Шотландия оролида чақалоқ туғилди

34 йил кутилган мўъжиза: Шотландия оролида чақалоқ туғилди

Шотландиянинг олис Шимолий Роналдей оролида 34 йиллик танаффусдан сўнг илк бор чақалоқ дунёга келди. Қизиғи, боланинг Коста-Рикада туғилиши режалаштирилган эди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Чақалоқнинг ота-онаси — Элис Трейл Форд ва Хорхе Суарес йилнинг бир қисмини Шимолий Роналдейда, қолган вақтини эса Коста-Рикада ўтказади. Оила сентябрь ойи ўрталарда оролга келганида Элиснинг кутилмаганда тўлғоғи бошланган.

Натижада 15 сентябрь куни олис оролда янги ҳаёт дунёга келди.

Элис Трейл Форднинг оиласи Шимолий Роналдей билан узоқ тарихий боғлиқликка эга. Унинг аждодлари оролни 1727 йилда сотиб олган. Элис эса болалигидан буён ҳар йили мазкур ҳудудга ташриф буюриб келган.

Аёлнинг таъкидлашича, орол унинг ҳаётида алоҳида ўрин тутади ва у ўзини бу ерга жуда яқин ҳис қилади.

Шимолий Роналдей аҳолиси жуда кам бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. 2024 йилги маълумотларга кўра, оролда 72 киши истиқомат қилган бўлса, ҳозир доимий аҳоли сони 51 нафарни ташкил этмоқда.

Оролнинг узунлиги қарийб 4,8 километр, эни эса 3,2 километр атрофида.

Бундай узоқ танаффуснинг асосий сабабларидан бири — оролда тиббий инфратузилманинг деярли мавжуд эмаслиги. Бу ерда шифохона ёки шифокорлар йўқ, доимий яшайдиган тиббиёт ходими эса атиги бир нафар ҳамширадан иборат.

Шу боис 34 йилдан кейин оролда чақалоқ туғилиши маҳаллий аҳоли учун ҳам ноодатий ва эсда қоларли воқеага айланди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар