Танзанияда автобус ва юк машинаси тўқнашуви оқибатида 28 киши ҳалок бўлди

Танзанияда йўловчи автобуси ва ёғоч ортилган юк машинасининг юзма-юз тўқнашиши оқибатида камида 28 киши ҳалок бўлди. Тўқнашувдан кейин автобусда ёнғин чиқиб, транспорт воситаси бутунлай ёниб кетган. Бу ҳақда Associated Press нашри хабар берди.
Ҳодиса 8 октябрдан 9 октябрга ўтар кечаси мамлакатнинг Морогоро вилоятидаги Мкамбарани ҳудудида, Морогоро — Дар-эс-Салам автомобиль йўлида юз берган. Дар-эс-Саламдан Мбея шаҳрига қараб ҳаракатланган автобус қарама-қарши йўналишда келаётган ёғоч ортилган юк машинаси билан тўқнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Иринга шаҳридан Дар-эс-Салам томон кетаётган юк машинаси ҳайдовчиси бошқа транспорт воситаларини қувиб ўтишга уринган. Бироқ манёвр вақтида автобус билан тўқнашув содир бўлган.
Морогоро вилояти ёнғин хавфсизлиги ва қутқарув хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Жозеф Мвасабежанинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг 27 нафари автобус йўловчилари, яна бири эса юк машинасида бўлган.
Ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар ҳам бор. Айрим жабрланувчилар шифохонага етказилган, бироқ дастлабки хабарларда жароҳатланганларнинг якуний сони маълум қилинмаган. Ҳалок бўлганларнинг айримларини аниқлаш учун ҳам қўшимча текширувлар ўтказилиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…