Канадада гризли айиғи онага ҳужум қилди, 19 ёшли қизи бедарак йўқолди

Канадада гризли айиғи онага ҳужум қилди, 19 ёшли қизи бедарак йўқолди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Канаданинг Британия Колумбияси провинсиясида гризли айиғи ҳужуми оқибатида Женни Балкаррас вафот этди ва унинг 19 ёшли қизи бедарак йўқолди.
  • Она ва қизига тегишли автомобил Белла-Кула шаҳри яқинидаги Снука-Уест сайёҳлик йўлидан топилган.
  • Ҳозирда қидирув-қутқарув хизматлари бедарак йўқолган қизни излаш ва ҳужум қилган ҳайвонни аниқлаш ишларини давом эттирмоқда.

Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида гризли айиғи ҳужуми фожиа билан якунланди. Йиртқич ҳайвон ҳужуми оқибатида бир аёл ҳаётдан кўз юмган, унинг 19 ёшли қизи эса ҳанузгача топилмаган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Маълум бўлишича, Женни Балкаррас ва унинг қизи дам олиш кунлари бедарак йўқолган. Улардан дарак бўлмагач, яқинлари мустақил равишда қидирув ишларини бошлаган. Кейинчалик аёл ва қизига тегишли автомобиль Белла-Кула шаҳри яқинидаги сайёҳлик йўли бошланиш нуқтасидан аниқланган.

Фожиали ҳодиса провинциянинг марказий соҳилида, Белла-Кула шаҳридан тахминан 8 километр шарқда жойлашган Снука-Уэст сайёҳлик йўли ҳудудида содир бўлган. 1 ноябрь куни қидирув ишларида иштирок этаётган табиатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари аёлнинг жасадини топган. Унинг 19 ёшли қизини излаш эса ҳануз давом этмоқда.

Маҳаллий маълумотларга кўра, ушбу ҳудудда гризли айиқларининг инсонларга ҳужум қилиши камдан-кам кузатилади. Бироқ ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам шу атрофда айиқ мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларига ташланган. Ўшанда 11 киши жароҳат олган. Йиртқич ўрмондан чиқиб, сайр йўлаги ёнида овқатланаётган ўқувчилар гуруҳига ҳужум қилган эди. Катта қидирув ишларига қарамай, уни топишнинг имкони бўлмаган.

Нухалк халқи етакчиси Самуэл Шунернинг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин бўлган айиқни аниқлаш учун махсус тузоқлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, у оммавий ахборот воситалари вакилларидан маҳаллий аҳоли билан боғланмасликни сўраган.

Айни пайтда асосий эътибор бедарак йўқолган 19 ёшли қизни топиш ва ҳодисага сабаб бўлган ҳайвонни аниқлашга қаратилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар