Сайёҳлар баҳайбат гризли айиғи билан юзма-юз қолди

АҚШнинг Аляска штатида уч нафар сайёҳ учун оддий сайр кутилмаган хавфли ҳолатга айланди. Улар тоғ йўлагида тўсатдан баҳайбат гризли айиғи билан юзма-юз келиб қолди. Ҳодиса тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.
Воқеа Anan Creek Wildlife Observatory ҳудудида содир бўлган. Сайёҳлар бурилишдан ўтаётганида лақаби «Scuba Sue» бўлган гризли айиғига дуч келган. Айиқ ўша вақтда дарёга келиши керак бўлган лосось балиқларини қидираётган эди.
Сайёҳлар айтишича, улар парк рейнджерлари берган хавфсизлик қоидаларига амал қилиб, саросимага тушмасдан айиқ билан хотиржам овозда гаплашган ва секинлик билан орқага чекиниб, унга йўл бўшатган.
«Жуда қаттиқ қўрқдик. Аммо рейнджерлар айтган маслаҳатларни эслаб, хотиржам қолишга ҳаракат қилдик», — деди сайёҳ Таня Томпсон.
Бир неча дақиқалик таранг вазиятдан кейин гризли айиғи одамларга тегмасдан йўлида давом этган.
Доктор Мишель Линн Таллернинг таъкидлашича, бу йил лосось балиқлари дарёга одатдагидан кечроқ келаётгани сабабли айиқлар оч қолган ва бу каби учрашувлар янада хавфли тус олиши мумкин.
АҚШ Миллий боғлар хизмати мутахассислари бундай ҳолатларда қочмаслик, кескин ҳаракат қилмаслик, айиқ билан хотиржам овозда гапириш ва имкони борича унга йўл беришни тавсия этади.






























Изоҳлар 0
…