20:43 / 30.07.2018
6 964

АҚШда ўзбекистонликлар энг кўп қайси касбларда ишлашмоқда?

АҚШда ўзбекистонликлар энг кўп қайси касбларда ишлашмоқда?
Фото: “Америка овози”
“Америка овози” нашрининг хабар беришича, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган қиз (Садоқат Мақсудова) АҚШ полициясига ишга қабул қилинди ва мазкур мамлакат полиция хизматида иш бошлаган биринчи ўзбекистонликка айланди.

Шу тариқа ўзбеклар Америкада қиладиган ишлари рўйхатига яна бир касб қўшилди.

“Ўзбекистонликлар Америкада асосан нима иш қилишади?”

Америкадаги ўзбеклар ҳақида гап кетганда кўпчилик ҳуқуқшунос, блоггер Нодир Закировни, “Америка Овози”нинг энг фаол журналистларидан бири — Навбаҳор Имомовани, яқинда “Forbes” журналида 30 ёшдан кичик бўлган осиёлик энг бадавлат тадбиркорларнинг ўттизталик рўйхатида қайд этилган Дилмурод Асқаровни, миллионер Бобур Акилхоновни билади.

Яқинда Наргиза Илҳомовна исм-шарифли қиз Facebook’да иш бошлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Кўпчилик танимаса-да, Американинг катта компанияларида ишлайдиган, университетларда дарс бераётган, илмий ишлар қилаётган ўзбекистонликлар бор. Лекин барибир улар Америкадаги ўзбекларнинг 3-5 фоизини ташкил қилса керак. Балки кўпроқдир.

Жуда ҳам турли соҳаларда ўзбекистонликларни учратиш мумкин бўлса-да, барибир, АҚШдаги ватандошлар орасида энг машҳур соҳаларни аниқлашга уриниб кўрса бўлади.

Мен ўзим билган, таниганларимдан ва Facebook’даги Uzbeks in USA гуруҳини кузатишим натижасида Америкадаги ўзбеклар орасида энг оммабоп касб — truck driver, яъни юк машинаси ҳайдовчилари бўлса керак, деб тахмин қиламан. Нега шунақа?

Логистика-транспортация соҳаси Америка Қўшма Штатлардаги энг катта бизнеслардан бири. Юк машинаси ҳайдовчилари кези келса нуфузли университетларни тамомлаган, катта корхоналарда, яхши лавозимда ишлайдиганлардан ҳам кўпроқ даромад қилишади, бу — бир.

Юк машинаси ҳайдаш учун керак бўладиган CDL гувоҳномасини олиш учун нари борса икки ой вақт ва икки минг доллар пул кетади, бу — икки.

Truckчиларнинг кўпчилиги ўзбекистонликлар юритадиган компанияларда ишлашади. Инглиз тилини зўр билиш ҳам шарт эмас, шунинг учун, бу — уч.

Лекин иш машаққатли. Вақти келса ойлаб оиладан узоқда юришга, тунлари билан баҳайбат уловни бошқаришга, катта хавф-хатарларни бўйинга олишга, бир кунда минглаб километр йўл босишга тўғри келади. Ўзимас.

Ўзбекистонликлар орасида яна бир машҳур иш — Uber/Lift такси ҳайдовчилиги. Катта, гавжум шаҳарларда бир кунда $300-400 ишлаш мумкин дейишади. Орландода бир кунда ўртача 10 соатча ҳайдасанг $120 атрофида топасан, дейди мен гаплашган Uberчилар. Машина ва унинг ҳужжатлари, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва смартфон бўлишининг ўзи етарли. Фақат Uber талабига кўра АҚШда бир йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлиши керак. Liftда талаблар анча осон дейишади.

Шунингдек, жуда ҳам кўп штатларда ўзбекистонликлар очган кафе-ресторанлар, новвойхоналар, пиццериялар фаолият олиб боради. Ишчиларининг кўпчилиги ўзбекистонликлар. Умуман, тадбиркорларимиз кўп. Тадбирлари билан одамлар корига яраб юришибди. Турли савдо марказлари, дўконлар, завод ва фабрикалар, меҳмонхоналарда ишлаш ҳам ўзбекистонликлар орасида кенг тарқалган.
Аброр Қодиров. Флорида, АҚШ.

Манба: "Халқ сўзи"

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда ўзбекистонликлар энг кўп қайси касбларда ишлашмоқда?