12:55 / 16.09.2018
12 193

«Нега Иброҳим пошша хуфиёна севгилиси Нигордан юз ўгирди?..»

«Нега Иброҳим пошша хуфиёна севгилиси Нигордан юз ўгирди?..»
Қачонлардир Грециядан қул қилиб олиб келинган Тео Паргали исмли йигитча бир кун келиб усмонийлар империясининг энг обрўли, адолатли шоҳи Сулаймон Қонуний хонадонида қолиши, кейинчалик бош вазир лавозимигача етиб бориши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. У болалигидаёқ султон саройига келтирилди. Мусулмон динини қабул қилди. Унга янги исм берилди. Иброҳим. Кунларнинг бирида скрипкани яхши чалишидан хабар топган Сулаймон Иброҳимга дўст тутинди. Ўша-ўша улар бирга бўлишди…

Лекин гап ҳозир бу ҳақда бормайди. Маълумки, Тўпқопи саройида подшоҳнинг алоҳида ҳарами мавжуд бўлган. Ҳарамда турли давлатлардан қул қилиб олиб келинган, ҳуснда тенгсиз қизлар яшаган. Уларни ўқитишган, ишлатишган, бахти кулгани подшонинг хос жазманига айланиб, бойиб кетган. Ана шундай қул қилиб олиб келинганлардан бири Нигор эди. Нигорга шоҳ ётоғига кириш, муҳаббатини қозониш насиб этмаган бўлса-да, лавозими ҳавас қилса арзигулик эди. Нигор султон Сулаймон Қонуний ҳарамининг қалфаси, вазифаси канизакларни назорат қилишдан иборат эди. Шу орада подшоҳнинг хотини, хос жазманларига ҳам алоҳида пул эвазига хизмат кўрсатарди.

Ажойиб кунларнинг бирида Нигор ўша вақтдаги бош вазир Иброҳим пошшанинг эътиборини қозонди. Тўғри, Иброҳим пошша Сулаймоншоҳнинг синглиси Хадича хонимга қонуний уйланган, уларнинг фарзандлари ҳам бор. Хадича хоним Иброҳимни, Иброҳим Хадича хонимни еру-кўкка ишонмасди. Бироқ Иброҳим пошшанинг бир армони бор эди. У саройда, ҳатто Хадичасининг бағрида ҳам озодликни, эркинликни, қачонлардир денгиз бўйида балиқ овлаб ўтган лаҳзаларни, оддийликни, тўпориликни, ҳақиқатни ва ғийбат, фисқ-фасоддан холи ҳаётни соғинарди. Бир кун келиб Нигорда ўзини топгандек, орзусидаги лаҳзалар ўзига қайтгандек туюлди. Қолаверса, Нигор қалфанинг ҳам қалби фақат Иброҳим пошшага бағишланганди. Шундай қилиб, улар хуфиёна учраша бошлашди. Ораларидаги муҳаббат учқуни тобора аланга ола борди.

Иброҳим пошша Нигор билан биргалигида ўзини эркин тута бошлади. Саройдаги фисқ-фасодни унутгандек бўлди. Энди Хадичанинг ёнига кеч қайтишга одатланди. Бу ҳолат бир неча йил давом этди. Аммо кунларнинг бирида Иброҳим пошшанинг тафаккури, виждони уйғонган каби сергак тортди. Ахир, нималар қилиб қўйди? Нега Хадичадан узоқлашди? Бир пайтлар худди Нигорга талпинганидек Хадичанинг висоли сари талпинмаганмиди?..

Шуларни ўйларкан, Иброҳим пошша Нигор билан муносабатларга нуқта қўйиш зарурлигини англади. Сабабини уқтириб ўтирмасдан, аста-секин Нигордан узоқлаша бошлади. Қарангки, ўшанда Нигор Иброҳимдан ҳомиладор эди. Наҳотки, ҳали туғилмаган фарзандини ҳам ўйламаган бўлса?..

Йўқ, ўйлаган. Қайғурган. Тарозининг палласини тенглаштиришга уринган. Фақат… Қўрқоқлиги, аниқроғи, Сулаймоншоҳнинг ғазабидан қўрқиш ҳисси шу йўлга бошлаган. Ҳа, у усмонийлар империясининг бош вазири бўла туриб қул ҳисобланган аёлга расман ҳам уйлана олмасди. Қонунлар бунга йўл бермасди. Қолаверса, у Сулаймоншоҳнинг куёви, яъни, синглисининг эри ҳисобланган. Нигор билан учрашиб юрганини сезса, султон сира ўйлаб ўтирмай, қатл этишидан чўчиган. Учинчидан, Иброҳим пошша ўзини ҳаддан зиёд севадиганлар хилидан эди. Бунга Нигорни севиб, қалбан ардоқласа ҳам, унга ниҳоятда паст назар билан боқиши, муносабатда бўлиши яққол исботдир…

Надоматлар бўлсинки, худбин, амалпараст, димоғдор, айёр бир бандага айланиб қолган Иброҳим пошша Нигордек камтар бир аёлнинг умрига зомин бўлди. Ораларида қиз туғилганди. Қиз ҳам отасининг номардлиги касрига қолди.

Ўзи-чи? Иброҳим пошшанинг ўзини ҳам манманлиги жувонмарг қилди. Сулаймоншоҳ қачонлардир яқин дўст бўлган, укаси сифатида қабул қилган, фарзандларининг суюкли устози Иброҳим пошшани қатл этиш ҳақида фармон берди. Жаллодлар бу вазифани бир неча дақиқадаёқ аъло даражада уддалашди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Нега Иброҳим пошша хуфиёна севгилиси Нигордан юз ўгирди?..»