00:17 / 13.12.2018
6 745

Дубай ҳақида билсангиз зарар қилмайди

Дубай ҳақида билсангиз зарар қилмайди
Кўпчиликнинг Дубайда ишлаш ҳақидаги берилган саволлари сабаб ёзилган мақола...

Ишлаш имкониятлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Дубайга келганимга мана бугун икки йил бўлди. Ўтган шунча пайтдан бери жуда кўпчилик мендан бу ерда ишлаш, яшаш, ойлик, иш топиш имкониятлари ҳақида сўрайди. Шундай сўровчиларга умумий жавоб, бундан кейин сўрайдиганларга тайёр қўлланма бўлиши учун шу мақолани ёзишга қарор қилдим. Бу ёзиладиганларда Дубай ҳақида, у ердаги ишлар, бизнинг ўзбеклар асосан нима ишлар қилиши ва ҳужжат масалаларида баҳоли қудрат маълумот беришга ҳаракат қиламан. Демак бошладик.

Дубай

Бирлашган Араб Амирликларидаги 7 та амирликдан бири ва БААнинг асосий эътиборга молик шаҳри ҳисобланади. Гарчи пойтахт шаҳар бўлмасада, бутун дунёда худди Нью-Йорк, Истанбул, Сидней ва ҳоказо шаҳарлар сингари жуда машҳур. Дубай дунёнинг йил давомида энг кўп турист ташриф буюрувчи шаҳарлари рўйхатининг энг олди қаторларида туради. Иқтисодиётининг асосий қисми ҳам кўпчилик ўйлаганидай нефтдан эмас, туризмдан иборат. Дубай яна бир нечта дунёда ягона бўлган бинолар, жойлар ва кўнгилочар янгиликларга ҳам марказ ҳисобланади. Юқори намлик ва йил 12 ой иссиқ бўладиган об ҳавоси айниқса куз ва қиш ойларида туристларни ўзига жалб қилади.

Иш, ойликлар

БАА чет эллик иммигрантлар сонининг фуқаролар сонига нисбати бўйича ҳам жаҳон давлатлари орасида энг олди қаторларда туради (Фуқаролар умумий аҳолининг тахминан 10% ташкил этади.) Бу мамлакатда деярли ҳамма соҳада иммигрантлар фаолият юргизишади. Бизнинг ўрта осиёлик иммигрантларнинг асосий иш йўналиши савдо-сотиқ (sales) Меҳмонхона (Hotel) ва кўчмас мулк бизнеси ҳисобланади (real estate). Бу соҳаларда иш топиш учун етарлича малака, тил билими ва киришимлилик талаб этилади. Қанча кўп тилни билсангиз, қанчалик яхши билсангиз БААда иш топиш имконингиз шунчалик ошади. Иш қидириш ва турли фирмаларга ҳужжат топширишнинг энг қулай ва синалган усули БААга турист сифатида келиб иш қидириш. Бу ерга турист бўлиб келганингиздан сўнг шаҳарни айланиб ишламоқчи бўлган соҳангизга оид идораларга ўз резюмейингизни ташлаб келишингиз, уйга келгач эса интернет орқали ҳам бу жараённи давом эттиришингиз керак. Турвизалар ҳам асосан икки турга 1 ва 3 ойликка бўлинади. Виза олиш учун (ҳаттоки ишчи визага ҳам) ҳеч қандай элчихона ва суҳбатдан ўтиш шарт эмас. Иш қидириш учун кетадиган муддатда қанча яшашингизга қараб ўртача 1500-2500$ (самолёт билетлари ҳам киритилган) атрофида харажат қилинади. Дубайда ишлаш иштиёқида бўлган миллатдошларимизнинг йўлига асосий ғов шу бошланғич харажатга етарли пул топиш. Пул топилган тақдирда ҳам бунча пулни шунчаки таваккал учун сарфлаб юбориш қийин. Лекин агар насиб қилиб иш топилиб қолса сарфланган пулни 3-4 ойда қоплаб олса бўлади. Ойликлар йўналишларга қараб фарқланади. Янги келган ишчи учун sales соҳасида ўртача 900-1000$ атрофида, меҳмонхонада 500$ атрофида ва ҳамма яшаш харажатлари меҳмонхона ҳисобидан бўлади. Кўчмас мулк соҳаси ҳақида унчалик кўп маълумотга эга эмасман. Лекин у соҳадаги фрешер яъни тажрибасиз ишчига тўланадиган ойлик ҳам бошқа соҳалардан катта фарқ қилмайди.

Яшаш шароитлари

БААда ўртача яшаш нархларини ўзим шу кунгача яшаган икки шаҳар - Абу Даби ва Дубай мисолида тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Бу икки шаҳардаги нархлар жудаям катта фарқланмаслигини кўрдим. Бир ойлик турар жой (квартира) нархи киши бошига 200-350$ атрофида топса бўлади. Нархлар ҳудудлар ва туманлар, бир хонада қанча киши туришига қараб фарқланади. Оиласи билан турмоқчи бўлганлар фақатгина квартирани ўзи учун камида 1000$ атрофида сарфлашларига тўғри келади. Квартираларда одатда кондиционер, wifi, кир ювиш машинаси ва музлатгич бўлади. Йўл кира учун Дубайда ўртача 70-80$ атрофида кетса Абу Дабида автобус учун ойлик тўлов нархи 20-25$ атрофида. (Шу томондан 4 ойдан бери анча пул тежаб қўйдим.)

БААда яна сизни ишга олиб бориб, олиб келиш билан шуғулланувчи хусусий ширкатларнинг автобуслари (cарлифт) бор. Дубайдаги айтилган нарх ўша автобусларнинг ойлик тўлов нархи. Ўз эҳтиёжингиз учун ишдан ташқари ишлатадиган йўлкиранинг қанча бўлиши сизга боғлиқ. Абу Дабида ўзим cарлифтдан фойдаланмаганим учун нархларидан бехабарман. Емоқ-ичмоққа кетадиган харажат миқдори ҳам яна ўзингизга боғлиқ. Бир ойда ўртача 150-200$ атрофида сарфланади. Агар шерикларингиз билан бирга турсангиз ва овқатни доимий уйда тайёрласангиз бундан ҳам арзонроққа яшаш мумкин. Телефонлардаги суҳбат нархлари ҳам анча қиммат. Ўртача ойлик пакет (300 дақиқа ва 6ГБ интернет) нархи 40$ атрофида туради. Шунинг учун БААдаги иммигрантлар учун асосий алоқа воситаси интернет ва online call программаларидир. Қисқаси бу ерда яшаш учун бир ойда киши бошига 500-600$ атрофида пул сарф бўлади.

Ҳужжатлар масаласи

БААнинг менга энг ёққан жиҳатларидан бири сизнинг ҳужжатларга ортиқча оворагарчилик қилмаслигингиздир. БААга янги келган ишчига одатда компания томонидан барча ҳужжат ишлари қилинади ва Emirates ID (Яшаш учун рухсатнома) очилади. Унинг муддати икки йил. ID олишга топшираётган шахс тўла тиббий текширувдан ўтказилади. Ундан ташқари сизни кўчада Police умуман безовта қилмайди. Хавфсизлик даражаси ўта юқори. Ярим кечасида хоҳлаган жойингизга бехавотир боришингиз мумкин. Баъзи Европа мамлакатлари ёки АҚШда бўлгани сингари “бориш тавсия этилмайдиган ҳудудлар ва туманлар” умуман йўқ. БААдаги меҳнат масалалари тизимининг ўзига хосликларидан бири – бу сиз янги келган пайтда компания томонидан паспортингиз олиб қўйилишидир. Барча масалаларни ҳуқуқий томонини ҳал қилиш учун эса қўлингиздаги Emirates ID​ етарли. Бу мамлакатда прописка, маҳалладан справка, маҳалла оқсоқолидан намунали фуқаро эканингиз ҳақидаги тавсифнома ва ҳоказоларга умуман ҳожат йўқ...

БААда яшаш ва ишлаш масаласидаги икки йиллик саволларга жавоб тариқасида ўзимизнинг шахсий тажрибамиздан келиб чиқиб баҳоли қудрат маълумот беришга ҳаракат қилдик. Бу маълумотларни яна тўлдириш ва кенгроқ танишиш учун интернетдан керагидан ортиқча манбалар топиш мумкин. Пост давомида йўл қўйилган хатолар ва маълумотлардаги чалкашликлар бўлса олдиндан узр сўраймиз ва бу масалада янаям тажрибалироқ қадрдонлардан бизнинг камларимизни тўлдиришларини илтимос қилиб қоламиз. Эътибор учун ташаккур!!! Сарф этган вақтингизга рози бўласиз. Инша Аллоҳ давоми бор...
Дониёрбек КАРИМОВ

Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Дубай ҳақида билсангиз зарар қилмайди