ВВС манбаси: «Эрдўған Трампнинг мактубини ахлат челагига отди!»

  • 18 октябрь 2019, 21:36
  • 1 088
  • Дунё
  • ВВС манбаси: «Эрдўған Трампнинг мактубини ахлат челагига отди!»
    «Тинчлик чашмаси» операцияси бошланишидан олдин Трамп Эрдўғанга таҳдидли хат йўллагани хабар қилинганди. Турклар етакчиси америкалик ҳамкасбининг дипломатик этикага номувофиқ бу мактубини чиқинди қутисига улоқтиргани айтилмоқда. Бу ҳақда ББС турк хизмати ўз манбасига таяниб хабар тарқатган.

    Туркия ҳарбийлари Сурия ҳудудига кирган кун – 9 октябрда АҚШ президенти Дональд Трамп турклар етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғанга огоҳлантириш хати йўллагани маълум бўлди. Мактубда Трамп Эрдўғанга «қайсарлик қилмаслик ва аҳмоқ бўлмаслик»ни маслаҳат берган.

    Расмий хатда дипломатик мулозамат ва юмшоқ жумлалар деярли учрамайди. Маълум бўлишича, Туркия президенти америкалик ҳамкасбининг ноодатий тарзда қўполлик билан битган расмий мактубини чиқинди қутисига улоқтирган.

    «Келинг, яхшиликча келишиб оламиз. Сиз минглаб одамларнинг қони тўкилиши учун жавобгар бўлишни хоҳламайсиз. Мен ҳам Туркия иқтисодининг вайрон бўлиши учун масъул бўлгим йўқ, аммо шундай қилиш қўлимдан келади. Бунинг қандай бўлишини аллақачон пастор Брэнсон ишида мисол тариқасида кўрсатганман», – деб ёзган Дональд Трамп.

    АҚШ президенти ўз хатида курд генерали Мазлумдан мактуб олгани, у Вашингтондан Туркия билан музокараларда ёрдам сўраганини маълум қилган. Матнга кўра, Трамп генерал Мазлумнинг хатини ҳам Эрдўғанга илова қилиб юборган.

    «Буни тўғри ва гуманитар тарзда амалга ошира олсангиз, тарих сизга ижобий баҳо беради. Агар оқибати ёмонликка олиб келса, абадий қонхўр деган номни оласиз. Айтганидан қолмайдиган қайсар йигит бўлманг. Аҳмоқлик қилманг! Кейинроқ қўнғироқ қиламан», – дея ўз хатини якунлаган Дональд Трамп.

    Мактубни дастлаб Fox Business телеканали мухбири тарқатди, кейинроқ Оқ уй хатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлагани ҳақида NBC телеканали маълум қилди.

    BBC манбаларига кўра, турк ҳукумати доираларида Трампнинг хати «дипломатик этикага номувофиқ» деб баҳоланган. Анқарадаги манбаларнинг билдиришича, Эрдўған хатни ўқиб, уни «чиқинди қутисига улоқтирган».

    Туркия президенти бу хатга жавобан шу куннинг ўзидаёқ Сурия билан чегарада «Тинчлик булоғи» операциясини бошлаш ҳақида буйруқ берган. Бундан бироз олдин эса АҚШ ўз ҳарбийларини Сурия шимолидан – Туркия режалаштирган «хавфсиз ҳудуд»дан олиб чиқиб кетишини эълон қилганди.

    Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп, турк ҳарбийлари Сурия ҳудудига киришидан икки кун олдин, агар Анқара ҳаддидан ошадиган бўлса, Туркия иқтисодиётини вайрон қилиш билан таҳдид қилган эди. Жорий ҳафта бошида эса АҚШ Туркияга қарши санкциялар киритди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » ВВС манбаси: «Эрдўған Трампнинг мактубини ахлат челагига отди!»