09:30 / 19.12.2019
1 068

АҚШ вакиллар палатаси Трампнинг импичменти учун овоз берди

АҚШ вакиллар палатаси Трампнинг импичменти учун овоз берди
Фото: The New York Times
АҚШ конгресси вакиллар палатаси (қуйи палата) АҚШ президенти Дональд Трампга қўйилган икки айблов – “ваколатларни суиистеъмол қилиш” ва “конгрессга қаршилик кўрсатиш” бўйича президентнинг импичменти учун овоз берди.

Қуйи палатада кўпчиликни ташкил қилувчи демократлар импичмент учун, республикачилар эса унга қарши овоз беришган.

Энди иш сенатда кўриб чиқилади, у Трамп устидан суд жараёнини ўтказади. Сенатда кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар Трампга импичмент эълон қилмоқчи эмаслар.

Трампнинг ўзи демократлар томонидан бошланган импичмент жараёнини уларнинг “сиёсий ўз жонига қасд қилиши” деб атаган. “Бекорчи демократлар америкалик сайловчиларга ўз адоватини очиқчасига кўрсатмоқда. Ушбу ноқонуний ва сиёсийлашган импичмент Демократик партиянинг сиёсий ўз жонига қасд қилиши ҳисобланади. Сиз менинг рейтингимни кўрганмисиз? Улар менга биринчи кунданоқ импичмент эълон қилишга ҳаракат қилишган. Улар буни мен курашни бошлашимдан олдиноқ қилишга уринишган”, деб айтган Трамп Мичигандаги намойишда.

Унинг таъкидлашича, вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2020 йилги сайловлар натижаларига кўра конгрессдаги ўрнидан маҳрум бўлиши муқаррар.
Оқ уйда Трамп импичмент жараёни доирасидаги кейинги қадамларга тайёрлигини ва сенатда тўлиқ оқланишига ишончи комиллиги айтилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)