13:25 / 06.05.2020
2 581

Коронавирусдан ўлаётган беморнинг тўйини ташкиллаштирган ҳамшира ҳикояси

Коронавирусдан ўлаётган беморнинг тўйини ташкиллаштирган ҳамшира ҳикояси
Софи Брайант Майлз
Фото: Hi-Tech.Mail.ru

20 апрель куни ёш ҳамшира Софи Брайант Майлз Англиянинг Ғарбий Йоркшир графлигидаги Бредфорд шаҳри касалхонасидаги илк тунги навбатчилигига келди, деб ёзади Hi-Tech.Mail.ru'га таяниб Дарё нашри.

Ҳамкасбидан ишни қабул қилиб олаётганида у бўлимда соғлиғида муаммолари бўлган, бунинг устига коронавирус юқтирганлиги тахмин қилинаётган йигит борлигидан хабар топди. Унга беморнинг аҳволи оғирлиги, унинг яшаб қолиши даргумон эканлигини айтишди.

Софи беморнинг ёнида махсус ҳимоя кийими, ниқоб, қўлқоп, шаффоф кўзойнак таққан аёлни кўрди. Маълум бўлишича у беморнинг қаллиғи экан. Уларнинг танишганига 15 йил бўлган, қиз фарзандли бўлишган, бироқ тўй қилишни доим кечиктириб келишаётган эди. Баъзан пул, баъзан вақт йўқлиги тўйнинг сурилишига сабаб бўлган.

Бу қалбларни ларзага соладиган вазият эди. Шу сабабли Софи касалхона руҳонийси Жо Филдерни чақириб, жуфтликнинг тўйини ўтказиш ҳақида сўради.

Руҳоний тўйнинг тантанали қисмини ўтказиб бериши мумкинлигини, бироқ бу никоҳ қонуний кучга эга бўлмаслигини айтди. Шунингдек, жуфтлик бир-бирига ўлим уларни айирмагунича бирга бўлишлари ҳақида қасам ичиши, бир сўз билан айтганда, черковда ўтадиган никоҳ қандай бўлса, шифохонада шундай шароит яратиб бериши мумкинлигини айтган.

Жо жуфтликка қоғоздан никоҳ узуклари ясаб берди, шунингдек, FaceTime орқали уларнинг қизига қўнғироқ қилиб, ота-онасининг тўйида иштирок этишга чақирди.

Бу ўта таъсирли маросим бўлди. Жо никоҳланаётганларнинг исми туширилган ҳамда дуо сўзлари ёзилган таклифнома тайёрлатди. Ҳамма қатори келин ҳам ҳимоя кийимида бўлиши кераклигини яхши тушунарди. Куёвнинг юзида эса ниқоб бор эди. Буларга қарамай, жуфтлик никоҳланаётганидан жуда хурсанд эди.

«Кейин биз кичик фотосессия ўтказдик, чунки жуфтлик шуни хоҳлаётган эди. Биз тўйни иложи борича ҳақиқий қилишга уриндик. Ҳатто торт ҳам бор эди. Аёл эрининг бир неча соатлик умри қолганини биларди. Улар сўнгги марта ниманидир бирга қилаётганини ҳис этарди. Бу уларнинг биргаликдаги сўнгги хотираси эди. Биз ҳаммамиз йиғлардик», — дейди Софи.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Руҳоний ҳикояси
Тиббий кўрсатмалар бўйича, у тунда вафот этиши керак эди. Шунинг учун мен никоҳнинг имкон қадар черковдаги маросимдан фарқ қилмаслигига интилдим.

Бемор бор кучи билан гапиришга ҳаракат қиларди, баъзан бу нафас олишдаги муаммолар туфайли жуда қийин кечарди. Унинг рафиқаси ҳам жуда ҳаракат қилди, бироқ кўз ёшларини тия олмасди. Бизни онлайн кузатаётган оиланинг бошқа аъзолари бир йиғлаб, бир куларди.

Жараён ҳимоя костюмларида ўтказилди. Бемор ҳаётидаги энг муҳим сўзларни айтиб, жон берди. Унинг рафиқаси ҳам сўнгги дақиқаларда эрининг ёнида бўлиши ҳақида қасам ичиш имкони берилганидан мамнун бўлди.

«Инсонлар ҳар қандай дамда ҳам ўзини муносиб ҳис этиши учун барча имкониятни яратишни истайди. Мен икки инсонга бир-бирига бўлган муҳаббатини мустаҳкамлашга кўмаклашганимдан мамнунман», — дейди Жо.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирусдан ўлаётган беморнинг тўйини ташкиллаштирган ҳамшира ҳикояси