date
views 2 736

Данияда коронавируснинг мутация қилган тури сабабли миллионлаб норкалар йўқ қилинади

Данияда коронавируснинг мутация қилган тури сабабли миллионлаб норкалар йўқ қилинади
Фото: Reuters
Дания ҳукумати одамлар орасида коронавируснинг норкаларда мутация қилган шакли билан касалланиш ҳолатлари аниқлангандан кейин мамлакатда етиштирилувчи барча норкаларни йўқ қилишни буюрди.

Дания бош вазири Метте Фредериксеннинг матбуот анжуманда маълум қилишича, вируснинг мутация қилган ушбу тури одамлар орасида тарқалмоқда ва уларда антитаналар ҳосил қилиш қобилиятини кучсизлантирмоқда.

Фредериксеннинг ўзи ҳам коронавирус юқтириб олган Адлия вазири Ник Хэккеруп билан учрашувдан кейин айни вақтда карантинга кетган.

Ҳозирда Даниянинг Шимолий Ютландия вилоятида 12 кишида мутация қилган вирус аниқланган. Фредериксен у нафақат Даниянинг қолган қисмига, балки бутун дунёга тарқалиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Шу билан бирга, ҳукумат норка фермалари эгаларига молиявий ёрдам кўрсатишга ваъда берган.

Фермерларга норкаларни йўқ қилишда қуролли кучлар ва фавқулодда вазиятлар агентлиги кўмак кўрсатади. Фермерлар кўрадиган зарарни қоплаш ҳукуматга 2,3-2,8 млрд кронага (362-441 млн доллар) айланади.

Дания дунёда норка мўйнасининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Мамлакатда 1139 норка фермаси бор бўлиб, уларда 15-17 млн норка етиштирилади. Айни вақтда 200дан кўпроқ фермада коронавирус тарқалиши қайд қилинган, улардан 67тасида барча мўйналилар йўқ қилинган.

Июнь ойида шундай қарорни Нидерландия ҳукумати қабул қилганди: ўшанда мамлакатдаги норка фермаларида коронавирус тарқалиши қайд қилинганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Данияда коронавируснинг мутация қилган тури сабабли миллионлаб норкалар йўқ қилинади