20:25 / 22.12.2020
1 400

Трампнинг тарафдорлари 20 январь куни унинг «иккинчи инаугурацияси»ни ўтказишни режалаштирди

Трампнинг тарафдорлари 20 январь куни унинг «иккинчи инаугурацияси»ни ўтказишни режалаштирди
Фото: Getty Images
Амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампнинг тарафдорлари Facebook’да «Дональд Трампнинг иккинчи инаугурацияси» деб номланган гуруҳ тузиб, Америка етакчисининг ваколатлари муддати тугайдиган 2021 йил 20 январь куни унинг онлайн инаугурациясини ўтказмоқчи. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Трампнинг ўз лавозимига киришиш маросимига ташриф буюриш истагини 62 минг киши билдирди, яна 263 минг киши тадбирга қизиқиш билдирган.

2021 йил 20 январь куни сайланган давлат раҳбари демократ Жо Байден ўз лавозимига киришиши керак. Декабрь ўрталарида сайловчилар ҳайъати Трампнинг сайловдаги бош рақибини Американинг 46-президенти деб эълон қилди. Байден сайловчилар ҳайъати аъзоларининг 300 дан ортиқ овозини, амалдаги президент эса 230 дан зиёдроқ овозни қўлга киритди. Байденнинг инаугурацияси анъанага кўра Вашингтонда бўлиб ўтади.

Амалдаги Америка етакчиси ўз рақибининг ғалабасини тан олишдан бош тортиб, ҳамон сайлов натижалари юзасидан судларда даъволашишга уринмоқда. CNN ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Трамп «чуқур эътироз» лаҳзаларида жазавага тушиб, Байденнинг инаугурацияси куни Оқ уйни тарк этмаслигини айтмоқда.

Байден эса ўз рақибини баъзи штатлардаги сайлов якунларини суд орқали бекор қилишга уриниб, бу билан халқ хоҳишига ҳурматсизлик кўрсатаётганликда айблади.

Axios маълумотларига кўра, Трамп 20 январь — Байден президент лавозимига киришадиган куни Оқ уйни вертолётда тарк этиб, сўнг Air Force One (АҚШда бортида давлат раҳбари бўлган ҳар қандай самолёт шундай аталади) самолётида Флоридага жўнаб кетишни ва у ерда Байденга қарши митингда нутқ сўзлашни мўлжалламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Трампнинг тарафдорлари 20 январь куни унинг «иккинчи инаугурацияси»ни ўтказишни режалаштирди