19:23 / 26.01.2021
2 515

Олимлар коронавирусни даволашда «Ремдесивир»дан 30 марта самаралироқ дорини аниқлади

Олимлар коронавирусни даволашда «Ремдесивир»дан 30 марта самаралироқ дорини аниқлади
Фото: Getty Images
Саратонга қарши дори сифатида ўрганилаётган плитидепсин баъзи мамлакатларда қўлланилаётган «Ремдесивир» дорисига нисбатан SARS-CoV-2 коронавирусига қарши 27,5 марта самаралироқ вирусга қарши восита бўлиб чиқди. Ушбу тадқиқот натижаларини Нью-Йорк ва Сан-Франциско олимлари Science журналида эълон қилди, деб ёзади «РБК».

«Аплидин» савдо белгиси остида кўпроқ машҳур бўлган плитидепсин 2000 йилларда чекланган тарзда тарқалган эди. У ассидия денгиз жонивори томонидан ишлаб чиқарилади. Биринчи марта у Ибица ороли соҳилбўйи яқинида, Ўртаер денгизида аниқланган Aplidium albicans туридаги ассидиядан ажратиб олинган. Ушбу дори учун ҳуқуқ Испаниянинг PharmaMar компаниясига тегишли.

2004 йилда бу дори Европа дори воситалари агентлиги томонидан саратонни даволашда ёрдам берадиган дори сифатида рўйхатга олинган. 2017 йилда дори воситалари бўйича EMA қўмитаси уни кўп сонли иккиламчи таъсирлари ва исботланмаган даволовчи таъсири туфайли кўп миқдордаги миеломани даволаш учун дори сифатида сотишга рухсат беришдан бош тортди. 2020 йил октябрда суд бу қарорни бекор қилди. Австралияда плитидепсин 2018 йил декабрида маъқулланган бўлиб, у ерда миеломанинг баъзи турларини даволаш учун дексаметазон билан биргаликда қўлланилади.

2020 йилда АҚШ, Буюк Британия ва Испанияда бошқа бир қатор экспериментал дорилар билан бирга, плитидепсиннинг вирусга қарши таъсирини ўрганиш бошланди. Олимларнинг бир нечта гуруҳи у ҳақиқатан ҳам COVID-19’ни даволашда аҳамиятга эга бўлиши мумкин, деган хулосага келди. Тадқиқотга мувофиқ, плитидепсин вируснинг ҳаёт циклида муҳим ролни ўйнайдиган алоҳида оқсилларга таъсир ўтказиб, инсон ҳужайраларида SARS-CoV-2 фаоллигини «Ремдесивир»га нисбатан 27,5 марта самаралироқ туширади.

San Francisco Chronicle аниқлик киритишича, бошқа дорилардан фарқли ўлароқ, плитидепсин вируснинг ўзидаги оқсилларга эмас, вирус репликация учун фойдаланадиган ҳужайраларнинг оқсилларига таъсир қилади. Тадқиқотлар маймунлар ва сичқонлар иштирокида, Испанияда эса иккинчи босқич доирасида одамлар иштирокида ҳам ўтказилди. Дори COVID-19’га чалинган 45 беморга юборилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у беморларнинг касалхонада ётиш муддатини 47 фоизга қисқартирган: беморларнинг 81 фоизига 15 кун ичида жавоб берилган.

«Ремдесивир» Европа Иттифоқида рухсат олиш учун тавсия қилинган коронавирусга қарши илк дори воситаси ҳисобланади. Жанубий Корея ҳам 1 июлдан бошлаб «Ремдесивир» дори воситасини сотиб олишни бошлаганди. Ўзбекистонда ҳам профилактика, касалликнинг юқишини олдини олиш мақсадида ишлатиш мумкин бўлган дорилар қаторида «Ремдесивир» бор. ЖССТ «Ремдесивир»ни коронавирусга қарши курашда «умид уйғотувчи» дори воситаси деб атаган. Препарат коронавирус кўпайишини блоклаш хусусиятига эга экани канадалик олимлар томонидан апрель ойида аниқланганди. АҚШ «Ремдесивир» препаратининг деярли барча захирасини сотиб олаётганини маълум қилганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса COVID-19’ни даволаш учун «Ремдесивир»ни қўллашга қарши чиқди. ЖССТ маълумотларига кўра, ташкилот мутахассислари айни пайтда «ушбу дори беморларда яшовчанликни яхшилаши ва бошқа хусусиятлари исботланмагани» сабабли доридан фойдаланишга қарши.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар коронавирусни даволашда «Ремдесивир»дан 30 марта самаралироқ дорини аниқлади