10:25 / 15.02.2021
1 905

Мьянмада норозилик намойишлари давом этмоқда

Мьянмада норозилик намойишлари давом этмоқда
Фото: CNN
Мьянмада февраль бошида юз берган давлат тўнтаришидан кейин ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар шахсий ҳаёт хавфсизлиги тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиб, ўзларига мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотлари ва уларни ҳибсга олиш борасидаги янги ҳуқуқларни тақдим этди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги мамлакат Қуролли Кучлари бош қўмондони аппарати баёнотига таяниб хабар берди, деб ёзади «Коммерсантъ». Шунингдек, янги ҳукумат ОАВдан уларни «хунта» деб атамасликни сўради.

Янги қоидалар ҳарбийлар томонидан шакллантирилган давлат маъмурий кенгашининг бутун ваколат муддати давомида амал қилади. Янги қоидалар ордерсиз тинтув ўтказиш ва ҳибсга олиш имкониятини беради. Бундан ташқари, улар хат ва посилкаларни очиб кўриш, бировларнинг хабарларини «тутиб олиш» ва телефон компанияларидан шахсий маълумотларни олиш учун имконият яратади. Аввалроқ эса ҳарбий ҳукумат мамлакатда Facebook, Twitter ва Instagram фаолиятини тўхтатиб қўйган эди.

12 февраль, жума куни, Bloomberg хабарига кўра, мамлакат Ахборот вазирлиги миллий ОАВлардан мамлакатдаги воқеаларни «тўнтариш», ҳукмрон хунтани эса «хунта» ёки «режим» деб атамасликни сўради. Бу шу билан изоҳланадики, терминлардан нотўғри фойдаланиш «фуқаролар ўртасида ғалаён туғдирувчи фитна» сифатида баҳоланади ва шу тариқа, амалдаги матбуот тўғрисидаги қонунларни бузиш ҳисобланади.

Минтақа ОАВлари хабарига кўра, 14 февраль, якшанба куни Мьянмада ўн минглаб аҳоли асосий шаҳарларда мамлакатда юз берган ҳарбий тўнтаришга норозилик билдириш мақсадида кўчаларга чиққан. Мухолифат намойишлари кетма-кет тўққиз кундан буён давом этмоқда.

Мамлакатдаги энг йирик шаҳар — Янгонда талабалар давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжини озод этишни талаб қилиб, шаҳар марказидан юриб ўтди. Шунингдек, кўчаларда автобуслар колоннаси секин юриб ўтиб, норозилик белгиси сифатида сигнал чалди. Намойишчилар ҳукуматдан «кечалари одамларни ўғирлаб кетишни бас қилиш»ни талаб қилди. Пойтахт Нейпьидода эса норозилик акциялари чоғида автомобиллар ва мотоцикллар карвони юриб ўтди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотларига кўра, тўнтаришдан кейин мамлакатда 384 дан ортиқ одам қўлга олинган.

Аввалроқ Мьянма давлат маъмурий кенгаши 23 314 маҳбус, шу жумладан, 55 нафар чет эллик учун амнистия эълон қилган эди. «Мьянмада тинчлик, тараққиёт ва тартиб билан янги демократик давлат яратилаётган пайтда маҳбусларни намунали фуқароларга айлантириш, жамоатчиликни хурсанд қилиш учун…. Давлат маъмурияти кенгаши, конституцияга мувофиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар учун 2021 йил 31 январга қадар берилган жазоларни афв этиш тўғрисида фармон чиқарди», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Мьянмада ҳокимият ҳарбийлар томонидан эгаллаб олинди, улар бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий қилди. Мамлакат президенти ва ҳукумат раҳбари ҳамда яна кўплаб мансабдорлар қамоққа олинди. Бу воқеа ҳукумат ва ҳарбийлар ўртасидаги азалий зиддият кучайиши оқибатида содир бўлди. Ҳарбийларнинг таъкидлашича, 8 ноябрь куни мамлакатда ўтказилган сайловларда қонунбузарликлар бўлган. Қуролли Кучлар бош қўмондони Мин Аунг Хлайн мамлакатнинг муваққат президенти этиб тайинланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мьянмада норозилик намойишлари давом этмоқда