00:11 / 14.03.2021
1 280

Олмаота аэропорти яқинида Ан-26 самолёти қулаб тушди

Олмаота аэропорти яқинида Ан-26 самолёти қулаб тушди
Фото: «Sputnik.kz»
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аэропорти яқинида Ан-26 самолёти қулаб тушди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизматига асосланиб «ТАСС» хабар берди.

«Нур-Султон– Олмаота йўналишида учиб келаётган Ан-26 самолёти билан алоқа 13 март соат 17:20 да (Тошкент вақти билан 16:20) Олмаота аэропортига яқинлашганда узилиб қолди. Зудлик билан тревога эълон қилинди ва аэропортнинг фавқулодда хизматлари воқеа жойига йўл олди. Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт учиш-қўниш йўлаги охирида қулаб тушган», – дейилади матбуот хизматининг Facebook’даги расмий саҳифасида.

Kazinform агентлигининг хабар беришича, дастлабки маълумотларга кўра самолётда олти киши бўлган, улардан тўрт нафари вафот этган, икки киши касалхонага ётқизилган.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам тўрт киши ҳалок бўлганини, икки киши яраланганини хабар қилган. «Дастлабки маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлди, икки киши ярадор бўлиб, Или вилоятидаги энг яқин касалхонага жўнатилди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳалокат бўлган жойда Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг 10 та реанимацион тез ёрдам гуруҳлари, ёнғин бўлими экипажлари ва қутқарувчилар ишламоқда. Таъкидланишича, самолётда юзага келган ёнғин ўчирилган.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ва табиий офат сабабларини текширишни бошлашга кўрсатма берган.

«Олмаота аэропортидаги авиаҳалокат пайтида ҳалок бўлган аскарларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишини тилайман. Менинг кўрсатмаларим билан авиаҳалокат сабабларини аниқлаш ишлари бошланди. Бундай ҳодисалар такрорланмаслиги керак», – деб ёзди Тўқаев Twitter’да.

Олмаота ҳокими Бақитжан Сагинтаев ҳам Ан-26 самолёти қулаган жойга жўнаб кетганини маълум қилган ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.

«Мен тегишли хизматларга воқеа оқибатларини бартараф этишни топширдим. Қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Жабрланганларга барча керакли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», – дейди шаҳар ҳокими.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Олмаота аэропорти яқинида Ан-26 самолёти қулаб тушди