08:00 / 30.04.2021
4 235

Тасодифми, ё махсус операция?


Россия мудофаа вазири, армия генерали С.Шойгу келиб кетди-ю, шу кунгача тинчгина яшаб келган қирғиз ва тожик биродарларимиз эртасига арзимаган видеокамералар дастидан бир-бирига қарата ўқ уза бошлади.

Назаримда, бу ерда бир гап бор... Видеокамералар махсус операция бошлашга важ бўлган, холос, деган гумондаман. Фикримча, тунов куни ўтган КХШТ мудофаа вазирларининг кенгашида нимадир "ёпишмаган", иттифоқчилар ўрис генерали таклиф қилган қалтис режага кўнмаган. Бинобарин, ўрис ўзининг қирғиз ва тожик биродарларимиз орасида фаолият юритаётган бешинчи колоннасини ишга солиб, фитна чиқарган. Бу масалада Кремлнинг олдида биров ип эша олмаса керак.

Ана энди мутлақо фойдасиз ташкилот бўлмиш КХШТнинг икки иттифоқчисини ўзаро яраштириб қўйиш баҳонасида Россиянинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти  Марказий Осиё давлатларидаги ўз ҳарбий контингентини, хусусан, жойларда фаолият юритадиган ҳарбий мутахассислар ва махсус техника турларини кўпайтириб олиши, тегишли операциялар уюштириб бориши мумкин.

Бу билан у, АҚШ ва НАТО қўшинлари тарк этган Афғонистондан Россияга нисбатан юзага келадиган "афғон хавфи"ни бартараф этиш чораларини кўрган бўлади. Россия учун эса бундай хавф туғилиши муқаррар. Чунки ушбу масалада  "дарёнинг нариги томони"да қолган хорижий махсус хизматлар яхшигина ҳаракат қилади ва ўрис буни жуда яхши билади.

Россиянинг бундай найранглари оқибатида икки қардош халқнинг бегуноҳ вакиллари жабр кўриши ёмон. Тахминим қанчалик тўғри эканлигини билиш учун воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Шокир Долимов,
ҳарбий-сиёсий шарҳловчи, 
истеъфодаги подполковник

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тасодифми, ё махсус операция?