21:06 / 19.07.2021
3 099

Афғонистон ҳукумати армияси «Толибон»нинг 230 дан ортиқ жангарисини йўқ қилди


Фото: Anadolu Agency
Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари ўтган кун давомида «Толибон»нинг 233 нафар жангарисини йўқ қилди, яна 88 нафарини жароҳатлади. Бу ҳақда 19 июль куни Афғонистон Мудофаа вазирлиги ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди, деб ёзади Anadolu Agency.

Вазирлик маълумотларига кўра, миллий армия Нангарҳор, Ғазни, Қандаҳор, Жузжон, Сарипул, Фарёб, Балх, Ҳелманд, Тахар ва Қундуз вилоятларида ҳарбий операциялар ўтказган. Хавфсизлик кучлари 15 та қўлбола портловчи мосламани топиб, зарарсизлантирган.

Афғонистон миллий армиясининг «Шохин» 209-корпуси матбуот маркази хабар беришича, мамлакат шимоли-ғарбидаги Саманган вилоятининг Дарайи-Суфи Бала туманини озод қилиш операцияси давомида ҳукумат кучлари «Толибон»нинг ушбу минтақадаги барча қўмондонларини йўқ қилган.

«Ўзини тумандаги ‘Толибонълар раҳбари деб эълон қилган ҳаракатнинг ўн нафар вакили, уларнинг ўринбосарлари ва ҳаракатнинг икки асосий қўмондони ўлдирилди, 15 нафар жангари яраланди, душманга тегишли кўплаб қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва 11 та транспорт воситаси мусодара қилинди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, туманнинг чекка ҳудудларида жанглар давом этмоқда, мудофаа кучлари ва милиция бўлинмалари ҳудуд тўлиқ тозаланмагунча операция ўтказади.

18 июль куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида афғонистонлик сиёсатчилари делегацияси ва «Толибон» вакиллари ўртасида икки кунлик музокаралар якунланди. Томонлар тинчлик музокараларини давом эттиришга келишиб олди, аммо сулҳга эришилмади.

Баъзи оммавий ахборот воситалари икки томон Қурбон ҳайити куни маҳбусларни алмашиш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берган. Аммо «Толибон»нинг Қатардаги сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим буни рад этди.

Аввалроқ «Толибон» Афғонистондаги муаммоларни музокаралар йўли билан ҳал қилиш истагини билдирганди.
Афғонистон ҳукумати кучлари ва «Толибон» ўртасидаги тўқнашувлар АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагач кучайди.

Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш 29 апрелда бошланган, АҚШ ва «Толибон» ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон ҳукумати армияси «Толибон»нинг 230 дан ортиқ жангарисини йўқ қилди