18:53 / 21.09.2021
1 188

Пермь университетида содир бўлган отишма гувоҳлари воқеа ҳақида сўзлаб берди

Пермь университетида содир бўлган отишма гувоҳлари воқеа ҳақида сўзлаб берди
Пермь университетига қилинган ҳужумдан кейин олийгоҳ талабалари, 20 сентябрь, 2021 йил
Фото: АP

20 сентябрь куни эрталаб Россиянинг Пермь давлат миллий тадқиқот университетида 18 ёшли талаба Тимур Бекмансуров отишма содир этди. Воқеада олти киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ одам жароҳатланди. Ҳужум қилган шахс ҳибсга олинган. Meduza отишма вақтида университетда бўлганлар билан суҳбатлашди.

Александр Стабровский
Лойиҳалар бўлими менежери, Пермь давлат университети тарихи музейининг собиқ директори

— Мен ўз кабинетимда — саккизинчи корпуснинг биринчи қаватида эдим (Бекмансуров шу бинога ҳужум қилган). Ҳамкасбим Виталий билан бирга ўтиргандик, унинг машинасидаги сигнализация ишга тушиб кетди. У кабинетдан чиқди, мен эса дераза олдига бордим. Қурол кўтарган йигит хиёбон бўйлаб келаётганини кўрдим. У қуролни олдинга чиқариб олди. Мен бунга аҳамият бермадим: талабалар бирор нимани машқ қилаётган бўлса керак деб ўйладим. Унда ҳеч қандай асабийлик сезилмасди. У бир текис қадам ташлаб келарди, худди параддагидек — кейин қарсиллаган овоз эшитилди.

Лекин бу йигитнинг ўқ узаётганини мен кўрмадим. (Қарсиллашдан кейин) Эшикка ўгирилдим. Бу вақтда Виталий офисга югуриб кирди. У эшикни ёпди, яна бир нечта қарсиллаш эшитилди. Улар ўқ овозига ўхшамасди, лекин мен университетда теракт содир бўляптиб деб ўйладим. Маълум бўлишича, бу йигит (асосий) корпусга кириб, ўша ерда ўт очишни бошлаган. Йигит ҳамкасбимизни отиб ташлади, у қирқ ёшдан сал ошганди, ҳозир реанимацияда ётибди. У йўлакда шунчаки ўз ишлари билан юрганида иккови учрашиб қолган.

У (ҳужумчи) иккинчи қаватга кўтарилди. Кейин одамларнинг деразадан сакраётганини эшитдик. Бир йигит мен яқин турган дераза ортидан ерга учиб тушди. У сакраган, лекин, афтидан, оёғи синганми ёки бошқа нарса, хуллас, қочиб кетолмаган. Йигит ўша жойда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари келиб (ҳужумчи ушланганидан кейин) олиб кетгунга қадар ётди.

Қуролли шахс иккинчи қаватга кўтарилиб, ҳаммани кетма-кет ўққа тутди. Ҳаммамиз ўз кабинетимизга қулфланиб олдик. Иккинчи қаватда талабалар билан бўлган ўқитувчи эшикни чилвир билан беркитди — натижада у кира олмади.

Отишма, тахминан, етти дақиқа давом этди. Кейин 20 дақиқа давомида ҳаммаёқ тинчиб қолди. Ўлик сукунат ҳукм сурар, ҳеч нарса эшитилмасди. 20 дақиқадан сўнг полиция, тез ёрдам, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги келди. Улар эшигимиз ортида шовқин солди: «Полиция, полиция, қўлингизни кўтариб чиқинг, деворга қаранг!». Бир соатлар ичида бизни кўчага олиб чиқишди. Ҳамкасбим билан кийимларимизни олиб, ташқарига чиқдик. Талабалар кўчада турарди.

Пермь университети кампусидан талабалар эвакуация қилинмоқда.
Фото: AFP

Менимча (ҳужумнинг сабаби) бор-йўғи куз, хуруж қилиш. Замонавий аҳмоқларнинг психологияси аллақачон маълум. Шунга қарамай, университетда бундай вазиятларда ўзини қандай тутиш кераклиги ҳақида махсус дарслар ва алгоритмлар муҳокамаси бўлмаган.

Мен бу университетда 50 йил ишладим, ҳозир 73 ёшдаман. Келиним ушбу воқеа фонида менда инфаркт бўлиши мумкинлигидан хавотирланяпти, лекин ҳозирча дадилман.

Виталий Призюк
Пермь давлат университети журнали бош муҳаррири

Менинг машинам унинг (ҳужумчи) йўлида турганди. У машина ёнидан ўтиб, ўқ узган. Лекин мен уни кўрмадим, фақат сигнализацияни эшитдим. Курткамни устимга ташлаб, нима бўлганини текшириш учун ташқарига чиқдим. Мен машинам ёнига шошиб, йўлакка чиққанимда — нималар бўлаётганидан бехабар эдим — у ерда 50 га яқин одам тўпланганди.

Ўқ овозлари бизга жуда яқиндан эшитиларди, гўё йўлакда отилаётганди, ҳамма кабинетларга қочиб кетди. Жуда кўп ўқ узилди, уларнинг овози шунчалик баланд эдики, биз университетга кўп одамлар ҳужум қиляпти деб ўйладик, лекин билсак, у ёлғиз ўзи экан.

Ҳозир яқинларимиз ва ҳамкасбларимиз билан йиғилдик. Бирга ўтириб, ҳамма учун қайғуряпмиз.

Отишма содир бўлган университетга полиция кириб келмоқда
Фото: Reuters

Иван Печишчев
Филология факультетининг журналистика ўқитувчиси

Бугун (20 сентябрь) университетнинг иккинчи корпусидаги талабаларимга маъруза ўтишга бордим — кампусимизда ўндан ортиқ корпус бор. Мен озроқ кеч қолдим, соат 11:30 эди. Бўлажак географлар ўқийдиган саккизинчи корпусдан ўтаётганимда, иккинчи қават деразаларидан сакраётган талабаларни кўрдим.

Нима бўлганини сўрай бошладим. Улар менга отишма ҳақида айтишди. Бинодан кучли қарсиллаш овозларини эшитдим. Жуда ваҳимали эди. Ҳамма ҳар томонга қочарди. Мен талабаларим жойлашган иккинчи корпусга қараб йўл олдим (у алоҳида бино, лекин саккизинчи корпусдаги ўтиш йўлаклари орқали у ёққа ўтиш мумкин). Биздаги хавфсизлик хизмати аллақачон чора кўрган, бу ва қолган биноларнинг эшиклари ёпиб қўйилганди. Мен тақиллатдим, тушунтирдим. Ниҳоят улар мени ичкарига киритди.

Натижада шогирдларим олдига келдим. Ҳамма ҳайрон эди, жуда қўрқарди. Улар иккинчи курс — тахминан 18 ёшда. Қизлар йиғлаётган эди. Улар ҳужумчини танимаган. Нима бўлаётганини тушунмасди. Фақат даҳшат билан ҳамма нарсани ижтимоий тармоқларда ўқирди.

Отишмадан кейин университет йўлаги
Фото: AFP

Мен ваҳимани камайтиришга ҳаракат қилдим. Биз нисбатан хавфсиз жойда эканимизни, бизнинг корпус ҳам, корпусдан корпусга ўтиш йўлаги ҳам ёпиқ эканини тушунтирдим. Биз улар билан аудиторияни беркитиб, баррикада қуриб олдик ва бир ярим соат шундай ўтирдик.

Университет бундай ҳолатлар учун ҳаракатлар алгоритмини олдиндан ишлаб чиқмаган. Бизга фақат карнайлар орқали синфларда қолишни айтишди. Мен эса талабалардан ваҳима қилмаслик учун ижтимоий тармоқларни ўқимасликни сўрадим. Кейин бизга карнайда уйга кетишимиз мумкинлигини айтишди ва бизни олиб кетишди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Пермь университетида содир бўлган отишма гувоҳлари воқеа ҳақида сўзлаб берди
[/banner_pushhouse