23:30 / 21.03.2022
1 586

Украинада ҳайдовчиларга видеорегистраторлардан фойдаланиш тақиқланди

Украинада ҳайдовчиларга видеорегистраторлардан фойдаланиш тақиқланди
Фото: «Zaodessu.com.ua»
Украинада автомобиль ва мотоцикл ҳайдовчиларига видеорегистраторлардан фойдаланиш тақиқланди, деб хабар беради «Украинская правда» нашри. Мазкур қарор Россия ҳарбий операцияси фонида Украина «мудофаа кучларининг вазифани бажариш ва бир жойдан бошқа жойга кўчишига» оид маълумотлар ошкор этилмаслиги учун қабул қилинган.

Украина ҳукуматининг қарорига кўра, умумий фойдаланишдаги йўлларни, умумий фойдаланишдаги объектлар ва инфратузилма объектларини сурат ва тасвирга олиш тақиқланган. Шунингдек, назорат-ўтказиш пунктлари, уларнинг жойлашувини, бундан ташқари, Украина Қуролли кучлари ҳарбий қисмлари ва бўлинмаларининг ҳаракатини суратга олиш тақиқланади.

«Бу каби эҳтиёткорлик барча вилоятлар, айниқса, жанговар ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлар учун жуда муҳим. Ҳарбий қўмондонликнинг ушбу қарори ҳарбий маъмуриятлар вакилларига етказилган, улар буни жамоатчиликка ҳавола этади», — дейди Украина Қуролли кучларининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Богдан Сеник.

Аввалроқ Зеленский Россия пропагандасини тақиқловчи қонунни имзолаганди. Қонун Россиянинг Украинага қарши қуролли тажовузини оқлаш, унга алоқадор шахсларни мақташни тақиқлайди. Россиянинг ҳаракатларини оқловчи партиялар ва россияпараст ташкилотлар фаолияти суд қарори билан тугатилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 24 февралга ўтар кечаси Россия президенти Владимир Путин Украинани «демилитаризация» ва «денацификация» қилиш бўйича «махсус ҳарбий операция» бошланганини маълум қилди. Маълумотларга кўра, Россиянинг Украинага босқини бошлангандан буён ҳарбий ҳаракатлар оқибатида 115 нафар украиналик бола ҳалок бўлди, яна 140 нафари яраланган. Украинада россиялик ҳарбий асирлар учун лагерлар ташкил этилган, мамлакатда камида 562 нафар асир бор.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада ҳайдовчиларга видеорегистраторлардан фойдаланиш тақиқланди