12:25 / 31.03.2022
1 466

Европаликлар Россия гази учун рублда тўлашдан бош тортмоқда

Европаликлар Россия гази учун рублда тўлашдан бош тортмоқда
Фото: DPA
Ўтган ҳафтада Россия президенти Владимир Путин кутилмаганда «нодўст давлатлар» Россия гази учун рублда тўлов амалга ошириши кераклигини айтди - бу амалда Россия газининг асосий истеъмолчилари бўлган Европанинг барча мамлакатларига тааллуқли эди. Ўтган вақт давомида ЕИнинг қатор давлатлари бунга рози бўлмасликларини маълум қилиб бўлишди.

«Биз рублда тўламаймиз. Биз Евроиттифоқнинг бошқа барча давлатлари билан якдилмиз», деди 30 март куни Австрия мудофаа вазири Клаудиа Теннер PULS 4 телеканалига берган интервьюсида.

Шу куни Германия канцлери Олаф Шольц ва Россия президенти ўртасидаги телефон мулоқотида газга тўлов масаласи муҳокама қилинди. Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебестрайт суҳбат мазмунини қисқача келтирган.

Унинг сўзларига кўра, Путин Шольцга, европалик ҳамкорлар учун ҳеч нарса ўзгармаслигини айтган: тўловлар аввалгидек еврода ўтказилиши ва санкцияларга учрамаган «Газпромбанк»ка келиб тушиши, кейин рублга конвертация қилинишини айтган.

«Шольц суҳбатда бундай процедурага розилик билдирмади, аммо яхшироқ ўрганиш учун хат орқали маълумот етказишни сўради», дея хабар қилган Хебестрайт.

Таъминотда узилишлар юзага келиши эҳтимоли туфайли Германия ва Австрия фавқулодда ҳолатлар режимидаги ҳаракатлар режасини ишга туширган. Германия эҳтимолий тақчилликни инобатга олган ҳолда аҳоли ва компанияларни газ истеъмолини қисқартиришга чақирган. Австрия ҳукумати газ бозорида назорат қатъийлаштирилишини маълум қилган.

«Франция рублда ҳисоб-китоб қилишга қарши», деганди бироз аввалроқ Франция президенти Эммануэль Макрон. 29 март куни у уруш бошланганидан буён тўққизинчи марта Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Макрон ва Путиннинг мулоқоти куни «Катта еттилик» йиғилиши ўтказилди. Унда Ғарб давлатлари ҳам газ учун рублда тўлов қилмасликка келишиб олди. «Етказиб бериш доллар ёки евро орқали амалга оширилиши керак», деди Еврокомиссия матбуот котиби Эрик Мамер.

Шарқий Европа давлатлари вазирлари ҳам ўзгаришга қарши чиқишганди. «Мен Европада кимдир рублнинг қандай кўринишда эканини билишига шубҳам бор», дея Словения бош вазири Янез Яншанинг сўзларини келтирган Reuters.

Жараённинг чўзилиши
23 март куни Владимир Путин Россия гази «нодўст давлатлар»га экспорт қилинганида тўлов рублда қабул қилиниши ҳақида эълон қилди. Россия бундай рўйхатга 48 мамлакатни киритган - улар асосан Украинадаги урушдан кейин Россияга қарши санкцияларга қўшилган Ғарб давлатларидир.

31 март куни марказий банк ва Россия ҳукумати бу ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилиши, европаликлар ички бозордан қандай қилиб рубль сотиб олиши борасида режани тақдим этиши керак эди.

Европаликларнинг илк реакциясидан кейин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия рублда тўлов қилишдан бош тортганларга газни текинга етказиб бермаслигини айтди.

Кейинроқ Кремль рублда тўлов қилишга ўтиш узоқ давом этадиган жараён экани ва бу 31 март куни бошланмаслигини маълум қилди.

Чоршанба куни Bloomberg ва Reuters агентликлари «Газпром»нинг Германиядаги офисида Евроиттифоқнинг монополияга қарши регулятори ходимлари томонидан тинтув ўтказилгани ҳақида хабар тарқатди. Нашрнинг ёзишича, тинтувлар газ таъминоти бўйича текширув билан боғлиқ. Регулятор «Газпром»нинг Европада газ нархи рекорд даражада ошишига алоқадорлигини текширмоқда.

Кузда ҳам газ нархи тарихий максимумларни қайд этганди. Европадагилар ўшанда «Газпром» етарли миқдорда газ етказиб бермаётганини айтган, россияликлар компанияси буни рад этганди.

Воз кечиш мумкинми?
Европанинг кўплаб компаниялари амалда бўлиб турган шартномаларда тўловларни рублга ўтказиш ёки газ етказиб беришдан воз кечиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаганини айтишмоқда.

«Газпром» билан шартномада тўлов амалга ошириладиган валютанинг ўзгариши кўзда тутилмаган», деган Польшадаги PGNiG нефтгаз компанияси раҳбари Павел Маевский PAP Biznes агентлигига.

Литванинг Ignitis grupe компанияси Россия газидан воз кечишга тайёр. Бу ҳақда BNS ее агентлигига унинг вакили Артурас Кетлерюс маълум қилган.

«Тўловларни рублда қилиш тўғрисидаги баёнот шартномаларни бузиш ҳисобланади», деган Германия вице-канцлери, иқтисодиёт ва иқлим вазири Роберт Хабек.

Турли давлатлар учун турлича шартномалар тузилган. Одатда уларнинг матн очиқланмайди.

Аммо бошқа омил ҳам бор: Европанинг кўплаб давлатлари Россия газига кучли даражада қарам. ЕИда бу қарамликни камайтириш ва ундан халос бўлиш бўйича узоқ муддатли режа бор, Украинадаги уруш шароитида бу жараённи тезлаштиришга киришишган - йил охирига қадар европаликлар Россия гази истеъмоли ҳажмини учдан икки қисмига камайтиришни мақсад қилишган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европаликлар Россия гази учун рублда тўлашдан бош тортмоқда