Ўзбекистонга ёз фасли кириб келиши билан салқин ичимликлар, серсув мева ҳамда полиз экинларига талаб ошади. Тарвуз ҳам шулар жумласидан, ушбу маҳсулотни ҳали мавсум тугаб улгурмай тўйиб еб олиш илинжидаги харидорлар бозорларни тўлдирган. Аммо аксар одамларда яхши тарвузни қандай, қайси жиҳатларига эътибор берган ҳолда танлаб олиш бўйича аниқ бир тушунча бўлмагани сабабли “Дарё” шу полиз экинини сотиб олишда асқатадиган омиллар ҳақида маълумот олиш учун сотувчилардан маслаҳат сўради.
Тошкент шаҳридаги бозорлардан бирида тарвуз сотиш билан шуғулланадиган Биржон Эсхўжаевнинг айтишича, яхши тарвуз танлаш учун, биринчи навбатда, унинг овози, пўстлоғи ва рангига эътибор бериш керак.
“Ранги деганда оқ тусдаги чизиқларни назарда тутяпман. Улар қанча оч рангда бўлса, шунча мазали бўлади. Овози дангиллаган, тарсиллаганлари ҳам яхши чиқади, пўқиллаган овоздагиси эса ҳали етилмаган бўлиши мумкин. Тарвузни урганда ундан барабандек, доирадек товуш чиқиши лозим. Бундан ташқари, пўсти ҳам аҳамиятга эга — тарвуз учидаги дум қийшайиброқ ўсган бўлиши керак. Баъзилариники тикка турган бўлади, бу улар ҳали пишиб улгурмаганини англатади”, — дея тушунтирди сотувчи.
Айрим одамлар тарвуздаги катта оқ доғлардан хавфсираб, сотиб олиш фикридан қайтиши мумкин. Биржон аканинг ўргатишича, аслида доғлардан қўрқиш керакмас, у шунчаки сувнинг асорати, холос.
“Тарвузнинг шакли, катта-кичиклиги ҳам аҳамиятга эга эмас. Оиласи кўпчиликни ташкил қиладиганлар каттасини, бошқалар кичкинасини олиши мумкин, таъмида ҳеч қандай фарқи йўқ”, — дейди Биржон Эсхўжаев.
Унинг таъкидлашича, ҳар қайси усулни қўллаб кўрган билан, барибир тарвуз ичидан нима чиқишини аниқ айтиш қийин:
“Барибир аниқ билиб бўлмайди, бу думалоқ нарса, ичида нима борлигини юз фоиз айтиш қийин. Лекин 95 фоиз ҳолатларда биз айтган усулларда тарвуз яхши чиқади. Овозининг тирсиллаши, рангининг оқлиги, бандининг бурама экани — энг асосий жиҳатлар”.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг