Ҳар қандай инсон камида бир йилда бир неча марта инфекция юқтиришига қарамай, мавсумий шамоллашни жуда енгил қабул қилади. Агар касаллик пайтида эрта ишга борилса ёки организм ортиқча зўриқса, жиддий асоратлар ривожланиши мумкин, бу ҳатто ҳаёт учун хавфли. “Новый очаг” нашри қандай одатлар соғайишни кечиктириши ва касалликни янада оғирлаштиришини маълум қилди.
Касал бўлганда ишга бориш
Дорилар ёрдамида аломатлар бостирилса ёки ниқоб билан ҳимояланилса ҳам, тузалмасдан аввал ишга бормаслик керак. Биринчидан, вирус атрофдагиларга юқиши мумкин. Иккинчидан, шу тарзда грипп ва шамоллаш пайтида юрак қўшимча зўриқади ва бу вақтда юрак хуружи хавфи 6 баробар ортади.
Қучоқлашиш
Қучоқлашиш стрессни камайтиришга ёрдам беради, бу касаллик пайтида ҳам иш беради. Аммо бемор юмшоқ ўйинчоқлари билан қучоқлашгани маъқул: окситоциннинг кўтарилиши тахминан бир хил бўлади ва қучоқлашиш уларга зарар келтирмайди. Аломатлар бутунлай йўқолганидан кейин ҳам бир ҳафта ичида бемор вирус ташувчиси бўлиб қолади. Шундай экан оила ва дўстларни хавф остига қўймаслик зарур.
Қўлларни ювмаслик
Аксарият респиратор вируслар ҳаво томчилари орқали юқади, аммо уни касал одам эшик тутқичи, калит, компьютер клавиатураси ёки стол юзасига тегиш орқали ҳам осонлик билан юқтириб олиши мумкин. Бошқаларга ғамхўрлик қилиш учун касал бўлганда қўлни иложи борича тез-тез ювиш, шунингдек, дезинфекцияли салфеткалар билан тегилган нарсаларни артиб олиш тавсия этилади.
Кечгача фильм ва сериаллар томоша қилиш
Шамоллаш вақтида сериал ва фильмларни томоша қилиш тўғрими? Афсуски, бу яхши ечим эмас: ахир, уйқуда сарфланган ҳар бир соат тикланиш учун ҳал қилувчи жараён бўлиши мумкин. 2019 йилда Journal of Experimental Medicine журналида чоп этилган тадқиқот шуни кўрсатдики, яхши тунги уйқу Т ҳужайралари деб аталадиган баъзи махсус иммун ҳужайраларининг самарадорлигини ошириши ва шу билан шифо жараёнини тезлаштириши мумкин.
Совуқ душ қабул қилиш
Аксарият одамлар юқори тана ҳароратини совуқ душ ёки ҳаммом билан тушириш мумкин, деб ўйлайди. Дарҳақиқат, қисқа муддатли енгилликдан сўнг ҳарорат янада юқори кўтарилади ва бу вақтда шифокор ёрдами керак бўлади.
Ижтимоий тадбирларда қатнашиш
Агар ҳолат анча яхшиланса ва дўстлар билан учрашиш учун етарли куч бўлса ҳам, барча ижтимоий тадбирларни бошқа вақтга қолдирган маъқул. Аломатлар тўлиқ йўқолганидан кейин камида етти кун давомида вирусни бошқаларга юқтирмаслик учун ихтиёрий изоляцияни сақлаш ва жамоат жойларига боришдан бош тортиш керак.
Нотўғри ичимлик ичиш
Кўп миқдорда илиқ ичимлик ичиш — тез тузалишнинг иккита муҳим таркибий қисмидан биридир. Лекин ичимликларни тўғри танлаш ҳам муҳим: кофеинсиз, шакарсиз ва, албатта, спиртсиз. Энг яхши танлов лимон ва асалли илиқ сув ёки минимал шакар миқдори бўлган резаворли ичимликлардир.
Нотўғри овқатланиш
Касаллик вақтида иштаҳа бутунлай йўқолиши мумкин, аммо бу овқатдан бош тортиш учун сабаб эмас: организмга вирусга қарши курашда ёрдам керак. Шунинг учун тўғри овқатланиш жуда ҳам муҳим. Аммо қовурилган ва фастфуд егуликлардан бутунлай воз кечиш лозим: зарарли ёғлар билан тўйинган озиқ-овқат иммунитетни заифлаштиради, натижада организм учун вирусга қарши курашиш қийинроқ бўлади.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг