16:07 / 27.01.2025
441

Пулларни тўғри ишлатишнинг «Олти хумча усули» ҳақида

Пулларни тўғри ишлатишнинг «Олти хумча усули» ҳақида
«Олти хумча усули» — пулларни ўз ўрнида ва тўғри ишлатиш учун учун таклиф қилинадиган классик усуллардан бири. Уни Т. Харв Экер ўзининг «Миллионер каби фикрланг» китобида тавсифлаган.

Бу усулнинг моҳияти барча даромадлар, яъни пулларни олти тоифага тақсимлашдан иборат ва ҳар тоифадаги пуллар фақат маълум мақсадларга йўналтирилади.

1-хумча
Энг муҳим ёки жорий харажатлар учун — 55 фоиз.

Биринчи хумчада кундалик эҳтиёж учун зарур пулларингизни сақлайсиз: озиқ-овқат, коммунал тўловлар, кредитлар, дори-дармон, йўл-транспорт, шифокорга бориш ва ҳоказолар. Булар асосан кунда харажат талаб қилувчи эҳтиёжлар.

2-хумча
Шахсий эҳтиёжлар учун — 10 фоиз.

Иккинчи хумчадаги пулларни фақат шахсий эҳтиёжларингизга ишлатасиз. Ҳар доим қилинмайдиган харидлар (кийим-кечак, енгилроқ электрон қурилма ва бошқалар). Шу пулларни тренажёр залига, концертларга (ёки бўлмаса улфатлар билан чойхонага) ишлатсангиз ҳам бўлади. Фақат шу пулларни ишлатсангиз ортиқча харажат қилдим деб виждонингиз қийналмайди.

3-хумча
Молиявий эркинлик учун — 10 фоиз.

Учинчи хумчадаги пуллар — молиявий эркинлик учун чиптангиз. Ҳар нима бўлганда ҳам бу хумчадаги пулларни сарфламанг. Уларни фақат пассив даромад олиш учун инвестиция қилинг. Ҳатто молиявий эркинликка эришган тақдирингизда ҳам фақат фойдадан қолган пулларни ишлатишингиз мумкин.

4-хумча
Таълим учун — 10 фоиз.

Бу хумчадаги пулларни фақат таълим ва шахсий ривожланиш учун сарфлашга рухсат этилади. Ўзингиз ва фарзандларингизга инвестиция — пулларни ишлатишнинг энг аъло усули. Бу пуллар ўрганиш (масалан, инглиз тили, дастурлаш ёки ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш), мастер-класслар, тренинглар, китобларга сарфланади.

5-хумча
Захира жамғармаси ва бўлғуси харидлар учун — 10 фоиз.

Бешинчи хумчадаги пуллар ҳам молиявий хавфсизлик ётиқчаси (захира жамғармаси), ҳам йирик харидлар (автомобил, таътил, кир ювиш машинаси ва бошқалар) учун сақланади. Шунда молиявий қийинчиликлар, қарзга ботиш каби балолар сизга яқинлашмайди, эртанги кунингиздан хавотирланмайсиз.

6-хумча
Совғалар ва хайрия учун — 5 фоиз.

Олтинчи хумчадаги пулларни яқинларингиз, дўстларингизга совға-салом олиш ёки хайрия мақсадларига ишлатасиз. Уларни шунчаки сарфламайсиз, балки одамларга яхшилик улашасиз, шунинг учун кетгани ҳам билинмайди ва ўрни тез қопланади. Муҳими, савобли ишлар инсонга катта куч беради.

Тавсиялар

Юқоридаги хумчалардаги фоиз кўрсатмалари нисбий, уларни сиз ўз имкониятингиздан келиб чиқиб белгилашингиз мумкин. Аммо рақамлар юқоридаги каби бўлиши — энг мақбул танлов.

Ҳеч қачон маълум харажатлар учун мўлжалланган пулларни бошқа мақсадларга ишлатманг. Фақат энг муҳим харажатларни амалга оширинг. Хумчаларда қолган пуллар ойдан-ойга ўтиб боради — эҳтимол, кейинги сафар улар сизга кўпроқ керак бўлиши мумкин.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали