Кунига 10 минг марта ухлайдиган пингвинлар: уларнинг уйқу сири нимада?

Пингвинларнинг уйқу одати сизни ҳайратда қолдириши мумкин. Улар узоқ вақт давомида кўз юмиб ухлаш ўрнига, кун давомида минглаб марта бир неча сонияга мизғиб олишади. Олимлар Антарктидада яшовчи тасмасимон пингвинларда (chinstrap penguins) шундай ноодатий ҳолатни аниқлашган.
2023 йилда “Science” илмий журналида эълон қилинган тадқиқотга кўра, бу пингвинлар бир суткада 10 минг мартадан ортиқ уйқуга кетади. Ҳар бир уйқу эпизоди ўртача 4 сония давом этади. Шуниси қизиқки, ана шу қисқа танаффуслар йиғилиб, уларнинг ҳар бир мия яримшари учун кунига 11 соатдан ортиқ уйқуни таъминлайди.
Тадқиқотчилар Антарктидадаги Жорж оролида уя қурган 14 та пингвиннинг уйқу жараёнини махсус қурилмалар ёрдамида кузатишган. Маълум бўлишича, қушлар баъзан миясининг фақат бир яримшари билан ухлайди, иккинчи яримшари эса фаол ҳолатда қолади. Бу уларга атрофдаги хавфни сезиш имконини беради.
Бундай уйқу тартибининг асосий сабаби — тухум ва жўжаларни ҳимоя қилиш зарурати. Пингвинлар уя қурадиган ҳудудларда тухумларни ўғирлаши мумкин бўлган йиртқич қушлар, шунингдек, бошқа пингвинлар билан рақобат ва тўқнашувлар кузатилади. Шу сабабли улар узоқ вақт бехавотир ухлай олмайди.
Олимларнинг фикрича, минглаб қисқа уйқу танаффуслари пингвинларга ҳушёрликни сақлаган ҳолда дам олиш имконини беради. Демак, улар учун бир неча сониялик мизғишлар ҳам кунлик уйқу эҳтиёжини қондиришда муҳим аҳамиятга эга.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…