UFC «Ҳумо Арена»да турнир ўтказишни режалаштирмоқда: сиздирилган ҳужжат тафсилотлари

Куни кеча UFC ўзи учун янги минтақа — Марказий Осиёдаги илк турнирини Қозоғистонда ўтказиши ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унга кўра, лига 2027 йилнинг 1 май куни Олмаота шаҳрида мусобақа ташкил этишни режалаштирмоқда.
Эътиборлиси, ижтимоий тармоқларда UFC'нинг 2027 йилги минтақавий кенгайиш режасига оид ички ҳужжатдан лавҳа пайдо бўлди. «UFC Event Expansion: EMEA & Central Asia» (2026 йил 12 ноябрь санаси билан расмийлаштирилган) номли ушбу ҳужжатга кўра, дунёнинг етакчи ММА промоушени 2027 йилнинг учинчи чорагида (Q3 2027), яъни куз фаслида Тошкент шаҳридаги «Ҳумо Арена» мажмуасида ҳам турнир ўтказишни кўзда тутмоқда.
Ҳужжатдаги 4 та шаҳар, ареналар ва жорий мақом
Тарқалган ҳужжатда 2027 йил учун таклиф этилган тўртта мусобақа манзили, тахминий сана, арена сиғими ва лойиҳанинг ҳозирги ҳолати қуйидагича келтирилган:
№ | Шаҳар ва давлат | Таклиф этилган сана | Дастлабки арена (сиғими) | Ҳозирги мақоми (Status) |
1 | Олмаота (Қозоғистон) | 2027 йил 1 май | «Almaty Arena» (~12 000) | Музокара босқичида (In Negotiation) |
2 | Тошкент (Ўзбекистон) | 2027 йил 3-чорак (Q3) | «Ҳумо Арена» (~12 500) | Кўриб чиқилмоқда (Under Review) |
3 | Бишкек (Қирғизистон) | 2027 йил 4-чорак (Q4) | «Bishkek Arena» (~10 000) | Концепция босқичида (Concept) |
4 | Тбилиси (Грузия) | 2027 йил 3-чорак (Q3) | «Tbilisi Sports Palace» (~9 500) | Музокара босқичида (In Negotiation) |

Лига минтақани танлашда нималарга таянмоқда?
Ҳужжатнинг «Асосий омиллар» (Key Considerations) бўлимида UFC Марказий Осиё бозорига кириб келишида тўртта муҳим жиҳатни қайд этган:
Марказий Осиёда UFC мухлислари аудиториясининг жадал ўсиб бораётгани;
Минтақадан етишиб чиққан юқори савияли ва таниқли жангчиларнинг (жумладан, Шавкат Раҳмонов, Асу Алмабаев ва бошқаларнинг) мавжудлиги;
Маҳаллий ҳукуматлар томонидан кучли қизиқиш ва ташкилий-промоутерлик қўллаб-қувватлови;
Ареналар тайёргарлиги ва телетрансляция логистикаси бўйича ишлар олиб борилаётгани.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров АҚШга ташрифи доирасида UFC раҳбари Дана Уайт билан учрашган эди. Ҳозирча тармоқларда тарқалган ушбу ҳужжат юзасидан лига томонидан расмий тасдиқ берилмаган.
Сизнингча, 2027 йил кузида Тошкентдаги «Ҳумо Арена»да UFC турнири ўтказилса, кардда қайси ўзбекистонлик жангчиларни кўришни энг кўп истардингиз? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг!
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

































Изоҳлар0
…