Картадаги қайси рақамларни ошкор қилиш мумкин, қайсиларини йўқ? Муҳим қўлланма

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Банк пластик картасидаги маблағлар хавфсизлигини таъминлаш учун унинг махфий маълумотларини бегона шахсларга ошкор қилмаслик керак.
- Картанинг амал қилиш муддати, эгасининг исм-фамилияси ва телефонга келган СМС-кодни ҳеч кимга, жумладан, банк ходимларига ҳам айтиш қатъиян тақиқланади.
- Пул ўтказмаларини қабул қилиш учун эса фақат картанинг олд томонидаги 16 хонали рақамни ишончли шахсларга тақдим этиш кифоя қилади.
Бугунги кунда банк пластик карталари ва мобил тўлов тизимлари кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Бироқ фуқароларнинг молиявий маблағларини турли ҳийлалар билан қўлга киритишга уринаётган киберфирибгарлар сони ҳам кундан-кунга кўпаймоқда. Кўпинча фуқаролар бехабарлик ёки эътиборсизлик оқибатида картанинг энг муҳим махфий маълумотларини бегона шахсларга тақдим этиб, ҳисобларидаги барча жамғармаларидан ажраб қолмоқдалар.
Ўз маблағингиз хавфсизлигини таъминлаш учун банк пластик картасидаги қайси маълумотларни бериш мумкинлиги ва қайсиларини сир сақлаш шартлигини аниқ билиб олиш жуда муҳимдир.
Мутлақо сир сақланиши шарт бўлган 3 та маълумот
Фирибгарлар картадаги пулни ечиб олиш учун қуйидаги маълумотларни талаб қилишади, уларни ҳеч кимга айтиш мумкин эмас:
Амал қилиш муддатини маълум қилиб бўлмайди: Картанинг олд қисмидаги муддат (ой ва йил) интернет орқали тўловларни амалга ошириш ва картани бегона иловаларга улаш учун асосий калит ҳисобланади;
Исм ва фамилияни айтиш мумкин эмас: Карта эгасининг номи ва фамилиясини бегона шахсларга тақдим этиш хавфсизликка путур етказиши мумкин;
СМСдаги кодни айтиш қатъиян тақиқланади: Телефон рақамингизга келган бир марталик тасдиқловчи кодни (SMS-код) ҳеч кимга, ҳатто ўзини банк ходими ёки тўлов тизими оператори деб таништирганларга ҳам асло айтманг. Банк ва тўлов тизимлари бу кодни ҳеч қачон сўрамайди.
Қайси маълумотни ошкор қилишга рухсат берилади?
Картангизга бошқа шахслар пул ўтказиши учун фақат битта маълумотнинг ўзи кифоя қилади:
16 рақамли номерни фақат ишонган инсонларингизга айтишингиз мумкин: Картанинг олд томонида акс этган 16 хонали рақам маблағни қабул қилиш учун етарлидир;
Картангизга пул тушиши учун на СМС-код ва на картанинг амал қилиш муддати асло талаб этилмайди!
Огоҳликни ошириш ва фирибгарлик қурбонига айланмаслик учун ушбу эслатмани яқинларингиз ва оила аъзоларингизга юбориб қўйинг.































Изоҳлар 0
…