15:46 / 11.04.2017
12 009

Зайтун ёғининг соғлиқ учун фойдаси қандай экани аниқланди

Зайтун ёғининг соғлиқ учун фойдаси қандай экани аниқланди
Сичқонларда ўтказилган тажриба зайтун ёғи таркибидаги аксилоксидант ҳидрокситирозол семизлик ва жигар касалликлари билан курашишга ёрдам беришини кўрсатди. Lipids in Health and Disease журналида чоп этилган мақолада шу ҳақида маълум қилинди, деб ёзади Кун.уз нашри.

"Ҳидрокситирозол – янги сиқилган зайтун ёғи таркибида мавжуд полифенол бирикма. У аксилоксидант хусусиятларга эга ва бу зайтун ёғининг соғлиққа фойдасида асосий роль ўйнаши мумкин. Тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, ушбу модда юқори калорияли ва ёғли таомлар билан озиқланган сичқонларнинг жигарини жароҳатлардан ҳимоя қилади", - деди Сантьягодаги Чили университети олими Родриго Валенсуэла.

Зайтун ёғи анъанага кўра, Ўрта ер денгизи парҳезининг энг фойдали компонентларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда олимлар зайтун ёғининг рационга қўшилиши аёлларда кўкрак бези саратони ва бошқа хавфли ўсимталар ривожи эҳтимолини сезиларли равишда камайтиришини аниқлашди, шунингдек унда ёғ кислоталарининг махсус бирикмаларини топишга муваффақ бўлишди. Бу бирикмалар сичқонлар организмини радиациянинг ҳалокатли дозаларидан ҳимоя қилган.

Тадқиқот давомида Валенсуэла ва унинг ҳамкасблари зайтун ёғининг айнан қандай компоненти инсон саломатлиги учун фойдали эканини аниқлашди.

Олимларнинг маълум қилишича, кемирувчилар емишидаги ҳидрокситирозолнинг ҳаттоки жуда кам дозаси ҳам уларнинг аҳволини барқарорлаштирган ва кайфиятини сезиларли даражада яхшилаган. Сичқонларнинг жигари ва бошқа органларининг инсулинга нисбатан реакцияси ижобий томонга ўзгарган ва соғлиқ учун хавфли ёғ кислоталарини фойдали кислоталарга қайта ишлаш жараёни фаоллашган.

Валенсуэланинг сўзларига кўра, одатда бундай реакциялар семизликдан азият чекувчи ва ёғли таомлар истеъмол қилувчи кишилар организмида секинлашади, натижада уларнинг жигари, ошқозон ости бези ва кўплаб бошқа органларини ёғ босиб қолади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳатто оз миқдордаги зайтун ёғи истеъмоли ҳам бунинг олдини олишга имкон берар экан.

Боз устига, сичқонлар организмида "зарарли" холестерин даражаси пасайгани аниқланган.

Валенсуэланинг таъкидлашича, буларнинг барчаси зайтун ёғи фойдали эканлигидан далолат беради. Тадқиқотчи ёғ ва ҳидрокситирозол инсонга ҳам худди шундай таъсир қиладими ёки йўқ, бу модданинг қандай дозалари хавфсиз ҳисобланиши борасида қўшимча тажрибалар кераклигига ишора қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Зайтун ёғининг соғлиқ учун фойдаси қандай экани аниқланди