12:50 / 11.06.2017
8 315

Нега муваффақиятли инсонлар ва компаниялар сири сизга ёрдам бермайди?

Эмре Сўяр, Робин Ҳогарт

Ҳар қандай одам вақти-вақти билан ҳаётда муваффақиятга эришган инсонларнинг сирлари ҳақида ўқиб туради. Бу — биров билан бўлишиш осон бўлган завқли мутолаа, бундай матнларнинг жуда кўплиги ҳам шу билан тушунтирилса керак. Бу каби мақолаларда бериладиган маслаҳатлар кўпинча жўялидек туюлади ҳам.
Нега муваффақиятли инсонлар ва компаниялар сири сизга ёрдам бермайди?
Бутунжаҳон иқтисодий форуми Business Insider билан биргаликда муваффақиятга эришган инсонлар нонуштагача амалга оширадиган 14 иш ҳақида эълон қилди. Бу рўйхатда сув ичиш, ўринни тартибга келтириш каби пунктлар ҳам бор. Forbes’да эълон қилинган рўйхат муаллифи ҳар қандай муваффақиятли инсон "қачон кетиш ва қачон қолиш кераклиги"ни биладиган сифатга эга эканлиги ҳақида ёзади. Entrepreneur эса ўз ўқувчиларига муаммоларни кўришдан воз кечиб, имкониятларни қидира бошлаш кераклигини уқтиради. Бу эса Inc. нашридан маслаҳат: атрофингиздагиларнинг маъқуллашини излаш ва ўз заиф томонларингизга диққат қилишни бас қилинг.

Бир қараганда кишини чоғланишга ундовчи бу матнлар замирида аслида хавф-хатар ётади. Қуйида бундай маслаҳатлар менежерлар ва ишбилармонлар учун нафақат бефойда, балким зарарли ҳам бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Маълумотлар тадқиқотларга асосланмаган, шунчаки турли инсонларнинг ҳаётидаги тасодифий эпизодларга қараб тузилган. Бу мақолалардан ўрин олган кўплаб маслаҳатлар тизимли илмий таҳлилга эмас, шахсий воқеаларнинг субъектив талқинига асосланган. Агар бирор киши бу маслаҳатлар ва рўйхатларни илмий услублар билан баҳоламаган экан, уларнинг фойдаси ҳақида гапириб бўлмайди. Боз устига, ҳаётдаги ҳодисаларни юзаки тушуниш — сабаб ва оқибат ўртасидаги чегараларни бузиб юборади.

Инсоннинг муваффақиятга эришганига сабаб унинг иш юзасидан учрашувларига бормаганими ёки у айнан муваффақиятга эришгани учун учрашувларга бормайдими? Гўёки барча муваффақиятли инсонларга тааллуқли бир талай одатлар (уларни эса ўз навбатида бошқалар нима деб ўйлаши қизиқтирмайди, учрашувларга боришмайди, асосий нарсани иккинчи даражалисидан ажрата олишади ва умуман, доимо "йўқ" дея олишади), эҳтимол, фавқулодда муваффақият қозонган инсонлар учун зийнат ҳисобланар, лекин шу ҳолда ҳам улар эътирофга сазовор бўлиб улгуришган бўлади. Демак, бу одатларнинг айримлари муваффақиятнинг натижаси, асло унинг сабаби эмас.

Тадқиқотлар натижаларини ҳар доим ҳам бошқа контекстга менгзаш ярамайди. Шундай вазиятлар бўладики, сифатлар рўйхати ҳақиқатдан ҳам чуқур таҳлил натижасида юзага келади, бироқ академик тадқиқотлар кўпинча контекстга боғлиқ бўлади. Масалан, ўжарлик муваффақият гарови, деган тушунчани олайлик. Гарчи Энжела Дакуортнинг илмий ишлари ва унинг TED конференциясида қилган чиқишлари таъсирли бўлса-да, бу сифат самараси устидан яқинда ўтказилган метатаҳлил унинг устунлигини шубҳа остига олади. Комплекс муаммолар билан тез-тез учраб тургани каби, ечимлар ва уларни амалиётга татбиқ этиш — муаммолар тасаввур этиладиган шаклга нисбатан кўпроқ ньюансларга эга, боз устига, инсон тушиб қолган шароит ва контекстларга кучли боғлиқ.

Муваффақиятсизликлар ҳақида сукут сақлаш. «Қора оққуш»да Насим Толиб Цицероннинг Милос шаҳрилик юнон шоири Диагор ҳақидаги воқеасини тилга олади. Диагорга тўфон вақтида денгизчиларни ибодат омон сақлашини айтишганда, у ибодат қила туриб сувга ғарқ бўлганлар ҳақида ҳам сўрайди. Ибодат инсонларни қутқаради, деб ишонишади, чунки омон қолганларнинг барчаси ибодат қилишган. Лекин одамлар ибодат қилиб ҳам сувга чўкиб кетишганда бу стратегия мутлақо бефойда бўлиб чиқади. Шундай қилиб, ҳамма бирваракайига ибодат қилса-ю, фақат баъзилар қутқариб қолинса, гап ибодатда эмас. У фақат омон қолганларга ёки бу воқеанинг гувоҳига қутқарувчи куч бўлиб туюлади.

Социологлар бу ҳодисани "омон қолганларнинг систематик хатоси", деб атайди. Насим Толиб тўфондан омон чиқмаганларни "гунг гувоҳлар" деб атайди. Бу айнан бизга кўринмас натижанинг ўзгинаси. Унинг кўринмаслиги маълум бир ҳаракатларининг самарадорлиги ҳақида хато мулоҳазага олиб келади. Бизнинг тадқиқотларимиз, шунингдек, феъл-атвор билан боғлиқ айрим психологларнинг ишлари кўрсатиб турибдики, биз ўзимиз кўриб ва сезиб турган нарсалар (масалан, кенг тарқатилган муваффақият тарихлари)дан усталик билан хулоса ясаб оламиз. Бироқ, у биз кўра олмайдиган (масалан, бизга билинмайдиган кўплаб муваффақиятсизликлар)ни тушунишда омил бўла олмайди. Бу ҳол бизни заифлаштиради ва аслидаги фарқли равишда, муваффақиятни хийла олдиндан аниқлаб бўлади, деб ҳисоблашга ундайди.

Маслаҳатлар тобора муайян бўлишига қарамасдан, кўплаб муваффақиятсиз уринишлар юзага келган вазиятда, муваффақиятга эриша олмаган инсон ё гўл, ё аҳмоқ кўрина бошлайди. Ҳаммасига сабаб шуки, муваффақиятни ўрганишгагина асосланган таҳлил кўплаб инсонлар худди шу стратегия билан мағлуб бўлишганини ҳисобга олмайди.

Муваффақият қозониш йўлида реал имкониятларини баҳолашда қарор қабул қилувчи учун ушбу рўйхатларнинг барчасида етишмайдиган ҳал қилувчи таркибий қисм бор. У муваффақият ва омадсизликларнинг нисбатидир. Муваффақиятга эришиш учун қанча инсонлар, ғоялар ва ташкилотлар ўйинга қўшилишган? Уларнинг қанчаси алал-оқибатда мақсадига етишган? Бу икки рақам ўртасидаги фарқ қанча катта бўлса, ҳар қандай муайян маслаҳат ёки "муваффақиятли инсонлар умумий сифатлари" вариантининг қиймати шу қадар паст.

Муваффақият — бу шахсий иш. Ҳар қандай муваффақият маълум бир сон ва контекстга тааллуқли. Бироқ муаллифлар кўпинча уни замон ва маконга бўйсунмас ва умумлаштириш мумкин бўлган ҳаммага хос ва қандайдир ўзгармас нарсадек қабул қилишади.

Муваффақият ҳаммага бирдек қўлланилиши мумкин бўлиши учун таҳлил қилинаётган қаҳрамонлар, ҳодисалар ёки мақсадли аудиториянинг келиб чиқиши, муддаоси ва шароитлари бирмунча яқин бўлиши ҳам керак. Бир вақтнинг ўзида бизнинг оиламиз, ижтимоий ҳаётимиз, ҳаётдаги устувор режаларимиз ва орзуларимиз қандайдир тажрибада муваффақиятли инсон, деб топилган одамникидан кескин фарқланиши мумкин. Таҳлил қилинаётган қаҳрамонлар муваффақият учун нималарни бажаргани ва нималарни қурбон қилгани эътиборга олинса, эҳтимол, биз умуман унинг ўрнида бўлишни истамай қолармиз.

Бинобарин, бир бир қараганда энг оддий бўлиб кўринган маслаҳатга амал қилишга жазм қилар эканмиз, муқобил чиқимларга тайёр бўлишимиз керак. Агар маслаҳатлар кўнгилга яқин олиб юборилса, бу бизни нимадандир воз кечишга ундаши ёки ўз иродамизга қарши боришга олиб келиши мумкин. Агар саҳар соат 5 да туришга қарор қилсангиз-у (чунки муваффақиятли инсонларнинг бир гуруҳи айнан шундай қилади), бироқ фақат тунлари самарали ишлашга одатланган бўлсангиз, муваффақият қозониш учун имкониятларингизни камайтирганингиз қолади.

Сўнгги огоҳлантириш: бу муаммо фақат маълум бир шахснинг муваффақиятга йўналтириш ҳақидаги маслаҳатлардагина мавжуд эмас, бу шу тахлитдаги барча ғояларга тегишли, масалан, ғалаба қозонишни мақсад қилган компаниялар учун йўриқномалар учун ҳам. Ёдда тутиш муҳим: давр ўзгариб бормоқда ва маслаҳатларнинг кўпчилиги, айниқса бизнесга тааллуқлилари муаллиф ҳисоблаганидан ҳам тезроқ ўз долзарблигини йўқотади. Масалан, Жим Коллинз ва унинг жамоаси "Яхшидан буюкка" китоби устида иш бошлаганида улар бир неча "буюк" компанияларни олиб, уларни ўзларига ўхшаш, бироқ ўша даражага чиқа олмаган ташкилотлар билан таққослашган (юқорида айтиб ўтилган "омон қолганларнинг систематик хатоси"ни ҳисобга олиш учун). Таассуфки, китоб миллионлаб нусхада сотилиб ўлгач, "буюк" компанияларнинг аксарияти қандайдир машмашалар гирдобида қолиб кетади. "Мукаммаллик истаб" китоби (Том Питерс ва Роберт Уотерман муаллифлигида) да баён этилган муваффақият тарихи қаҳрамонларини ҳам шунга ўхшаш тақдир кутади. Дунё доим ўзгариб турибди. У билан бирга муваффақият сирлари ҳам.

Ҳодиса юз бериб бўлгач, уни муваффақият ёки муваффақиятсизлик дея баҳолашдан осони йўқ. Мана, нега имкониятларни чамалай билиш ёки қачон қолиш-у, қачон кетиш кераклигини англаш тасаввуримизни ҳайратга солади. Бу эпизодларни кечаги сана билан таҳлил қилишни ҳамма эплай олади, лекин реал ҳаётда биз уларга олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ва доимо ўзгариб турадиган келажакда рўбарў келамиз.

Муаллифлар ҳақида:

Эмре Сўяр — Истанбулдаги Ўзйеғин университети доценти

Робин Ҳогарт — Барселона Помпеу университети фахрий профессори ва тадқиқотчиси

Манба: Xabardor.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Нега муваффақиятли инсонлар ва компаниялар сири сизга ёрдам бермайди?