00:09 / 20.06.2017
29 156

Фолбин ва жодугарлар ёхуд сиз «иссиқ-совуқ»қа ишонасизми?

Фолбин ва жодугарлар ёхуд сиз «иссиқ-совуқ»қа ишонасизми?
Инсон яралибдики, жодугар, фолбин, башоратчи, экстрасенс каби атамалар ҳам биз билан ёнма-ён яшаб келмоқда. Орамизда фолбин деб аталмиш алоҳида кимсаларга ишонувчилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Агар фол ва жодуга илм нуқтаи назаридан назар ташлайдиган бўлсак, ҳа, улар нималаргадир қодир. Яъни, жодугар ер юзидаги 90 фоиз одамнинг аураси, энергетика майдонига кириб бора олади, уни ўзи истаган тарафга йўналтира билади. Энди ҳаётга қайтайлик. Фолбин ва жодугарлар аксар ҳолатларда кимнидир кимгадир иситиш, ёки аксинча кимнидир кимдандир совутиш билан шуғулланади. Иситишни фанда оқ жоду, совутишни эса қора жоду деб аташади.

Оқ жоду билан шуғулланувчи жодугар ва фолбинлар мижознинг илтимосига кўра, қолаверса, киссасига пул ишлаб олиш ниятида бировни бировга иситади. Хўш, қандай қилиб? Шубҳасиз, иситилиши лозим бўлган одамнинг суратига қараб ёки кийими ҳидига асосланиб унинг энергетика майдонига кириб боради. Бу майдонни мижоз томонга тўғрилайди. Қарабсизки, орадан маълум вақт ўтиб икки шахс бир-бирини илгаригидек қаттиқ ҳурматлай бошлайди, қайтадан севиб қолади. Лекин яна такрор айтаман, бу вақтинчалик. Орадан маълум фурсат ўтгач, жоду ўз кучини йўқотади.

Бизнинг юртда эса ундай жодугарлар, яъни, кучли фолбин ва жодугарлар йўқ ҳисоб. Борлари ҳам Европа, Америка каби давлатлардаги жодугарлар қаршисида ип эша олмайди. Хўш, жодугарнинг кучи нимада? Худо унга шу жиҳатдан битмас-туганмас қувват бериб қўядими? Тўғри, жодугар кучлилиги ундаги биоқувват, аура бақувватлиги билан боғлиқ. Шундай ҳодисаларга гувоҳ бўлганманки, аураси, биоқуввати кучли жодугар ҳамкасбларига бир марта ёмон қарашда уларни ҳушдан кетишга, чалқанчасига қулашга мажбур этган. Бироқ бундайлар ҳам Оллоҳ ато этсагина шундай имкониятга эга бўла олади. Қолаверса, жодугарни ҳам, фолбин-табиб, дуохон домлаларни ҳам фақат иблис бошқаради. У боқий дунёда қарғишга учраб, худонинг ғазабига мубтало бўлгач, ерга тушиб жодугар, фолбинлар, бузуқликка мойиллиги борлар, ўғирлик, босқинчилик, каллакесарлик, фирибгарлик, иккиюзламачилик, ёлғончилик, қасамхўрликка суяги йўқларни қидира бошлаган. Мана, ҳануз унинг назари тушган банда адойи тамом бўлади. Одамийлик жиҳатидан маҳрум бўлади.

Жодугарлар ва фолбинлар ҳам иблис етагида ёмон ишларга қўл уришади. Нафсини деб ҳатто одам ўлдиришдан ҳам тойишмайди. Юқорида бизнинг юртда ундай кучли аурали жодугар йўқ дегандим. Шунга бир мисол. Уч йил олдин инфарктга учраб ётиб қолдим. Касалхонадан келгач, қўшниларнинг айримлари қўярда қўймай мени бир дуохон домлага олиб борадиган бўлишди. Биламан, манаман деган профессорлар тузата олмайдиган юракни оддий дуохон домла тузата олармиди. Барибир бордим. Биламанки, ҳеч нарса қила олмайди. Кутгандим, сезгандим, олдиндан билгандим. Дуохон домла ўзича дуолар ўқиди-ю, менга бир марта ер остидан тик қарашга жазм этди ва дарҳол фикрини айтди.
— Мен сизнинг аурангизга кира олмаяпман!..
Шу гапининг ўзи домла қанчалар ожизлигини кўрсатиб қўйди.

Халқда иссиқ-совуқ қиладиган жодугарларни икки тоифага ажратишган. Биринчи тоифага иситадиганлари киради. Уларга нисбатан фол ва жодуга ишонувчилар яхши кўз билан қарайди. Иккинчи тоифа бу совутадиганлар. Бу қора жоду деб юритилиб, жодугарлар кўпинча бир одамдан иккинчи одамни совитиш учун мижоз айтган одам аурасига, биомайдонига киради ва ўз ноғорасига ўйната бошлайди. Албатта, ўша одамнинг биомайдони жодугарникидан ожизроқ бўлса-да, бу ниятга етиши мумкин. Афсуски, кўпчилик одамларнинг аураси паст. Сабаби, улар руҳий етукликка элтувчи машғулотлардан бехабар, китоб, газета-журнал ўқишмайди. Энг асосийси, эътиқоди паст. Оллоҳ бандаларни илм даражасига, эътиқоди паст-баландлигига қараб ҳимоя чизиғи белгилайди. Шу асосда бандаларини ташқи таъсирлардан асрайди.

Жодугар эса шу камчиликдан фойдаланиб, одамни ўлимгача олиб боришга интилади. Қора жоду билан шуғулланадиганлар мижоз талабига кўра, нафсини деб мўлжалга олинган одамнинг кўрпа-тўшагига, ё остонасига қабристон тупроғини септириш, ёки суратини қабристонга кўмдириш ва шу каби усуллар ёрдамида икки томоннинг ёвуз ниятини амалга оширишга интилади. Лекин буларнинг барчаси бидьат эканини унутмаслик керак. Иблис одамни ўлдириш, ёки руҳий хастага айлантириш кабиларга қодир эмас. Негаки, бу банда Яратганнинг ҳимоясида турибди. Агар шу бандаси кучли ҳимояга эга бўлса, қилинган жоду ўша ёмон ниятда жодугар ҳузурига келган одамга ва жодугарнинг ўзига қайтади. Оллоҳ шу қадар қудратли ва адолатли. Шундай экан, биродарлар, гарчи Қуръон сураларини ўқиса ҳам жодугар, фолбин, дуохон домлаларга ишонманг. Билингки, Оллоҳнинг амрисиз тикон кирмайди. Саломат бўлинг!

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Фолбин ва жодугарлар ёхуд сиз «иссиқ-совуқ»қа ишонасизми?