12:24 / 20.06.2017
6 900

«Қистир-қистир» урфми?

«Қистир-қистир» урфми?
Аммо бугун ўтказилаётган тўйларда ё мезбонларнинг маънавияти ўта ғовлагани, ё ман-манликка берилгани сабаб кўнгилни хира қиладиган ҳолатлар одатга айланмоқда. Ана шулардан бири “қистир-қистир”лардир.
Илгари тўй эгаларининг хотин уруғлари 15-20 киши қаторлашиб, тўй давомида бир-икки марта ўртага чиқиб, санъаткорларнинг чўнтагини қаппайтиришар, уларни кўрган эр томон ҳам чўнтак ковлашга мажбур бўлар эди. Ҳозир эса даста-даста пулни ҳавога улоқтиришга иштиёқмандлар пайдо бўлди.

Буни четдан кузатган киши тўй иштирокчиларининг маънавий савияси ҳаминқадарлигидан ҳафсаласи пир бўлади. Ахир, ақл-фаросатли одам пешона тери билан топган пулини шу тарзда ҳавога совурмайди-да! Демак, тўй куни ўзининг бойлигини кўз-кўз қилаётган одам ўта нотавон инсон. Пулнинг қадр-қимматини қалбан ҳис этмаган бундай одамларни бошқача атаб бўлмайди.

“Балки, ўша одам мастдир, битта тўйда шу қилғиликни қилган бўлса, шунга шунча ваҳимами? Бошқа тўйлар рисоладагидек ўтиб турибди-ку”, дейишингиз мумкин. Аммо бундай ҳодиса битта тўйдагина эмас, бошқа тўйларда ҳам кетма-кет содир этилса, бунга бемалол қараб туриб бўладими?!

Масаланинг яна бир томони ҳам бор. Ўша тўйда қатнашаётган казо-казо санъаткорлар — маданият аҳли намояндаларининг бундай ҳолга муносабат билдирмаганига нима дейиш мумкин? Микрофон уларнинг қўлида, бир дақиқа тўй иштирокчиларининг эътиборини тортиб: “Азиз мезбонлар, қадрли меҳмонлар! Ҳамма яхши ният билан бошланган тўйнинг кўнгилдагидек ўтиши тарафдори. Ўртага чиқиб пул сочишингиз шарт эмас” деса асакаси кетадими?! Йўқ, улар аксинча босар-тусарини билмаганларни ўртага чиқариб, бор пулини шилиб олиш пайида бўладилар.

Ёмон қилиқ юқумлидир, деган нақл бор. Шунинг учун ҳам урфга айланаётган бундай манманликнинг олдини олиш чорасини вақтида кўриш керак. Қолаверса, тўй инсониятнинг маданиятлилик даражасини кўрсатиб турадиган ўзига хос анъана. Уни ўтказишда исрофгарчиликнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, қадриятларни авайлаб-асраш зарур. Бу — ҳаммамизнинг бурчимиз.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Қистир-қистир» урфми?