13:05 / 25.07.2017
34 031

Сиз қандай темперамент соҳибисиз?

Сиз қандай темперамент соҳибисиз?
Инсоннинг руҳий дунёси, ақл-идроки, ҳиссиётлари, иродаси қандай эканига қараб, унинг феъл-атворини аниқлаш мумкин. Бироқ, буларнинг барчаси турли ёшдаги кишиларда турлича намоён бўлади.

Баъзи одамлар тафаккури ўткир, идроки кенг, ҳаракатлари чаққон, ғайратли бўлсалар, айримлари ҳаракатда суст бўлиб, ҳиссиётга у қадар берилмайдилар. Кўринадики, инсонлар ҳаракат ва ҳиссиёт доирасида бир-бирларидан кескин фарқ қилар экан.

Одамларнинг темпераменти деб аталувчи индувидуал хусусиятларини ўрганган олим, буюк табиб Гиппократ томонидан ишлаб чиқилган назария бу борадаги эътиборга молик тадқиқотдир. У инсонларни табиатига қараб, тўрт гуруҳга ажратади:

ХОЛЕРИК. Бундай темпераментли кишилар табиатан қўпол бўлсалар-да, баъзида дилкаш ва хушчақчақдирлар. Улар кўп ҳолларда сержаҳл ва асабийликдан қийналадилар. Аммо билим борасида улардан энг қизиқарли фикрлар чиқиши исботланган.
Ижобий хусусиятлари: мулоқотга киришувчан, ҳаракатчан ва фаол.
Салбий хусусиятлари: қўпол, қайсар, дилозор.

Сиз — бир вақтнинг ўзида саранжом ва беҳаловат бўлсангиз, қатъиятли ва ташаббускор, ўжар қайсар, тортишув ва баҳсларда топқир, жаҳли тез, таваккалчиликка мойил, ўзгарувчан кайфият ва ифодали мимика эгаси бўлсангиз, демак, холериксиз

САНГВИНИК. Бу темперамент соҳиблари янги шароитга тез кўникувчан, нутқлари равон, овозлари баланд, мимика билан сўзлаш бобида жуда фаол инсонлардир.
Ижобий хусусиятлари: қизиқувчан, меҳнатсевар, ҳозиржавоб.
Салбий хусусиятлари: ўзига ортиқча баҳо берувчи.

Сиз — дилкаш ва қувноқ, тиришқоқ ва ишбилармон, чидамли ва меҳнатсевар, тетик кайфиятли, тез қарор қабул қилиб, ундан тез воз кечиш фазилатларига эга бўлсангиз, сангвиниксиз!

ФЛЕГМАТИК. Улар хотиржам, вазмин, камгапдирлар. Бундай инсонларнинг ҳаракатлари суст, нутқи равон бўлади. Узоқ ўйлаб, ақл билан иш кўрадилар. Янги шароитга жуда секин кўникканлари боис, ўзгаришларни хушламайдилар.
Ижобий хусусиятлари: ўз фикрида собит, хотиржам, ишбилармон.
Салбий хусусиятлари: дангаса ва тушкун.

Сиз — ишда тартибли ва изчил, эҳтиёткор, тоқатли, беҳуда куч сарфламайдиган, ҳаяжонни осон енгувчи, кун ва иш режимига қатъий амал қилувчи флегматиксиз!

МЕЛАНХОЛИК. Тез ранжувчи, таъсирчан, қарор қабул қилишга қийналувчи темперамент эгалари бўлган бундай одамлар арзимаган муваффақиятсизликдан ҳам тез тушкунликка тушадилар. Кундалик ҳаётда ҳамма нарсага жуда эътиборли бўладилар. Таваккал қилишни ёқтирмайдилар.
Ижобий хусусиятлари: мулойим, фаросатли, гўзалликка интилувчан.
Салбий хусусиятлари: аразчи ва ғамгин.

Сиз — уятчан ва тортинчоқ, ёлғизликни хуш кўрувчи, ўзгалар таъсирига тез берилувчи, бўйсунувчан ва итоаткор, ўзига, атрофидагиларга нисбатан талабчан бўлсангиз, меланхолик гуруҳидаги кишилар тоифасига мансубсиз!

Юқоридаги хусусиятлар асосида ўзингизнинг қандай темперамент соҳиби эканлигингизни билиб олишингиз мумкин.

Тайёрловчи: Дилноза ХОЛМАТОВА

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сиз қандай темперамент соҳибисиз?