18:45 / 09.02.2018
4 988

Омадсизликни омадга айлантиринг ёхуд «сопини ўзидан чиқариш» усули

Омадсизликни омадга айлантиринг ёхуд «сопини ўзидан чиқариш» усули
Ҳамма ҳам ҳаётда турли қийинчиликлар, кўнгилсизликларга дуч келади. Табиийки, бунда инсоннинг ё омади келади ёки омадсизликка учрайди. Хўш, кутилмаган кўнгилсизликларга қандай ечим топиш мумкин? Омадлироқ бўлишнинг йўллари борми? Муаммолар гирдобига тушиб қолганда нима қилиш керак?

— Ҳар қандай масаланинг ечими, албатта, бўлади, — дейди Республика «Оила» илмий-амалий маркази психология бўлими бошлиғи, психология фанлари доктори, профессор Баҳриддин УМАРОВ. — Инсон йўқки, келажакда ўзи дуч келадиган барча қийинчиликлар ва ҳаётий муаммоларни олдиндан кўра олса. Яхши маош бериладиган ишидан айрилиш, яқин инсонини йўқотиш ёки кутилмаганда улкан молиявий муаммоларга йўлиқишдан ҳеч ким кафолатланган эмас. Ана шундай мураккаб вазиятларда ўзининг бор имкониятини тўғри чамалай олиш керак. Ундан кейин бу ҳолатларда нималар қила олишим, қайси воситаларни қай жабҳага йўналтиришим мумкин, деган саволни ўзига бериш талаб этилади.

Ана шу лаҳзадан бошлаб, сиз содир бўлган воқеа-ҳодисаларга, ҳиссиётларга берилиб, оҳ-воҳ қилиб эмас, балки уларни тўғри англаб, тушуниб муносабат кўрсатишга ўтасиз. Қўрқув, ваҳима, ҳасад ёки чуқур тушкунлик ҳолати атрофдаги воқеа-ҳодисаларни аниқ-тиниқ кўришга халақит беради. Агар муаммо моҳиятини аниқ ва равшан тушуниб олган бўлсангиз, ишнинг ярми битди, деб ҳисобласа ҳам бўлади.

Йўли ҳамиша бор
Бирор муаммо бизга қанчалик ечими йўқдай туюлмасин, барибир, ундан чиқиш йўли бўлади. Тўғри, бу ўзимиз кутгандек жўн ва осон эмас. Ўша муаммодан чиқиш йўли дарров топила қолмаслиги ҳам тайин. Бироқ йўли ҳамиша бор. Дуч келган кў­нгилсизликларни ҳаётнинг сизга берган ва жавобини топишингиз керак бўлган навбатдаги топишмоғи сифатида қабул қилинг. Кейин бундан ўзингизга керакли хулоса чиқаришни ҳам унутманг. Шахсий муаммоларни таҳлил қилиш эса, хулқ-атворингизда нималарни ўзгартириш зарурлигини аниқлашга ёрдам беради. Юзага келган қийинчиликларни бартараф этишга жиддий киришишдан олдин уларнинг ечим вариантларини ёзиб чиқиш ҳам тузуккина самара беради.

Нозик жойни кучлига айлантириш
Исталган одамнинг нозик томони бўлади ва ҳамма ҳам хатога йўл қўяди. Ҳеч ким мукаммал эмас, шу боис омадсизликка учраганда ўзи­нгизда айбдорлик ёки ачиниш ҳиссини уйғотманг. Яхшиси, уддалаши қийин бўлган ишга кўпроқ эътибор қаратинг ва ҳаракатларингизни «чархлаб» боринг. Янаям тўғрироғи, юзага келган вазиятдан келгусида тажрибали кишига айланиш учун имконият сифатида фойдаланинг.

Ишни йўқотиш
Тўғри, бу кайфиятни бузади. Лекин вазиятга бошқа томондан ёндашиб кўрилса-чи? Балки янги касбни ўзлаштириш, янги омад ва ютуқларга эришиш учун сизда қулай имкон туғилгандир? Ёки анча вақтдан бери қилишни истаб юрган машғулот учун йўл очилгандир? Ким билсин, эҳтимол, ишдан бўшатиб юборишгани сизга бошқа янги имкониятлар эшигини очаётгандир?

Саломатлик
Аслида соғлиққа эътибор қаратиш, айрим салбий кўникмалар, одатлардан воз кечиш, оддийгина ютуқдан ҳам қувониш учун имконият эмасми? Яхшилаб ўйлаб кўрилса, иродани, чидамлилик ва сабр-тоқатни кучайтириши мумкин. Бу эса киши ўзида қўшимча куч топишга, мақсадга эришишга бўлган ишончнинг ошишига ёрдам беради.

Чиндан ҳам, ҳаётда кўнгилсизликлар кўп. Аммо уларнинг ҳар биридан ҳаётий тажриба орттириш ва маънан ўсиш учун янги имкониятларни қидириш мумкин.
Нурпўлат НУРҚУЛОВ

Манба: od-press.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омадсизликни омадга айлантиринг ёхуд «сопини ўзидан чиқариш» усули