07:03 / 13.03.2018
12 352

Чарчоқни даволаса бўлади

Чарчоқни даволаса бўлади
Баъзан ҳамма ҳам ўзида қаттиқ чарчоқни сезади. Аммо бу ҳол бир неча ой давом этса, бу шунчаки толиқиш эмас. Бу СЧС — сурункали чарчоқ синдроми.

Сурункали чарчоқ синдроми ҳақида илк бор ўтган асрнинг 80-чи йилларида гапира бошлашди. Вақт ўтиши билан бу ҳолатни қўзғатувчи омилларни аниқлашга муваффақ бўлинди.

Сабаби нима?
Атроф-муҳитнинг ёмонлиги. Ҳаёт суръатининг тезлиги, ишланган газлар, доимий шовқин, хлорланган сув ва сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилиш сурункали чарчоқ синдромининг “дўстлари” ҳисобланади. Статистикага кўра, катта шаҳар аҳолиси СЧСдан қишлоқ аҳолисига нисбатан кўпроқ азият чекади.

Носоғлом турмуш тарзи. Жисмоний юкламаларнинг камлиги, ўтириб ишлаш, тоза ҳавода кам бўлиш, ортиқча асабий ҳамда ақлий юкламалар, доимий уйқуга тўймаслик — буларнинг ҳаммаси аста-секин кучимизни олади.

Яллиғланиш жараёнлари. Организмдаги инфекциялар келтириб чиқарган сурункали яллиғланиш жараёнлари ҳам организмга ичдан зарар етказади.

Қандай аниқлаш мумкин?
Сурункали чарчоқ синдромининг асосий белгиси — чарчоқни узоқ вақт (3-4 ой ва ундан кўпроқ) ҳис қилиш, у дам олгандан кейин ҳам ўтиб кетмайди. Чарчоқ ҳам жисмоний, ҳам руҳий бўлади.

Инсоннинг иш қобилияти кескин тушиб кетади: бирор нарса қилиш хоҳиши йўқолади, ҳатто масалан, душ қабул қилиш ёки уй йиғиштириш каби кичик ҳаракатларни ҳам бажаргиси келмайди. Диққатини жамлай олмайди, хотираси ёмонлашади. Тез-тез шамоллаш, сурункали фарингит, мушак ва бўғинларда яллиғланиш бўлмаса ҳам оғриқлар пайдо бўлиши, мушакларнинг бўшлиги, томоқда нимадир тиқилиши, уйқунинг бузилиши, хавотир, жаҳлдорлик, юрак уришининг бузилиши, иштаҳанинг бўлмаслиги, ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши кузатилади.

Ақлий ёки жисмоний юкламадан кейин бу белгилар кучаяди.

Қандай чора кўриш лозим?

Мустақил даволанмай, шифокор қабулига ёзилиш зарур. Шифокор бемор билан суҳбатлашиб, унинг ҳаёт тарзи, жисмоний ҳамда руҳий юкламалари, меҳнат ва дам олиш тартиби, овқатланиши ҳақида маълумот олади.

Лаборатор текширувлар (қон ва пешоб таҳлили) керак бўлади.

Беморда сурункали ёки ўткир касалликлар, инфекция ҳамда вирусли патологиялар бўлмаганидагина СЧС ташхисини қўйиш мумкин.

Афсуски, СЧСни даволайдиган универсал дори воситаси йўқ, шунинг учун даволаш касаллик аломатларини енгиллаштиришга қаратилади. Одатда физиодаволаш муолажалари (уқалаш, гидромуолажалар, аккупунктура, даволаш физкультураси, магнитотерапия), ўртача жисмоний юкламалар, дармондорили-минералли комплекслар, психотерапия сеанслари белгиланади. Ўта оғир ҳолларда нестероидли яллиғланишга қарши дорилар, тинчлантирувчи, иммунитетни кўтарувчи дорилар, кундузги транквилизаторлар, антидепрессантлар, ноотроп воситалар (мия фаолиятини яхшилаш учун) белгиланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам даволаш усули алоҳида: касалликнинг ривожланиш тезлиги ҳам, беморнинг ёши ҳам, умумий ҳолати ҳам эътиборга олинади.

Шунингдек тўғри овқатланиш керак бўлади. Таомномада албатта ёғсиз мол гўшти, балиқ, денгиз маҳсулотлари, денгиз карами, бир оз аччиқ шоколад, янги сабзавот ва мевалар бўлиши керак. Ҳар куни 1 ош қошиқ дармондорили аралашма ейиш тавсия қилинади. Шунингдек, 100 граммдан баргак, майиз, қора олхўри, анжир, ёнғоқ, асал, бир дона лимон пўсти билан гўшт майдалагичдан ўтказилиб, аралаштирилади. Бу ҳам касалликни енгишда фойдали таом ҳисобланади. Албатта, меҳнат ва дам олиш тартибига риоя қилиш ҳам зарур.

Билиб қўйган яхши
Сизда ҳолсизликка олиб келувчи бошқа касалликлар бўлмаган тақдирдагина юқоридаги касаллик аломатларини СЧС белгилари дейиш мумкин. Акс ҳолда асосий касалликни даволаш зарур.

Хусусан, мазкур белгилар:
- жигар ёки буйрак муаммолари;
- гормонал бузилишлар (гипотиреоз, қандли диабет);
- камқонлик;
- жинсий аъзолар сурункали касалликлари;
- гипертония;
- вегетатив бузилишлар;
- уйқу апноэси;
- глютенни кўтаролмаслик;
- ичак дисбактериозидан далолат бериши мумкин.
Руҳий бузилишлар (депрессия, ҳаяжон, хавотир) ҳам асабий ҳамда руҳий чарчоққа ва бунинг оқибатида умумий ҳолсизликка сабаб бўлиши мумкин.

Манба: Tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Чарчоқни даволаса бўлади