11:58 / 22.07.2018
4 317

Қўл остидагиларга ёмон муносабатда бўлиш

Қўл остидагиларга ёмон муносабатда бўлиш
Абу Дардодан ривоят қилинади: «У киши одамларга қараб шундай дер эди: «Эй одамлар! Биз сизларни байтарлар ҳайвонларни билганларидан ҳам кўра яхшироқ биламиз. Биз яхшиларингизни ёмонларингиздан ажратиб олганмиз.

Сизнинг яхшиларингиз – яхшилиги умид қилинадиган, ёмонлигидан эмин бўлинадиганларингиздир.

Сизнинг ёмонларингиз – яхшилик умид қилинмайдиган, ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган ва қули озод бўлмайдиганларингиздир».

Шарҳ: Яъни одамлар ундай кишилар ҳақида «бу одам яхшилик қилади, ёмонлик қилмайди» деган хаёлда бўладилар. Қайси бир қавм бир одам ҳақида «ундан яхшилик кутилади, ёмонлик кутилмайди», деган фикрда бўлса, ўша одам яхши одам ҳисобланади.

«Сизнинг ёмонларингиз – яхшилик умид қилинмайдиган, ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган...» яъни бундай одам исталган пайтда бирор ёмонлик қилиб қолиши мумкин.

«...ва қули озод бўлмайдиганларингиздир».

Ўша пайтларда бутун дунёда қулдорлик тузуми ҳукм сурган эди. Ислом қулдорликка қарши ҳаракатни биринчи бўлиб бошлаган, уни йўқ қилиш учун аста-секин кураш олиб борган.

Ушбу курашнинг дастлабки босқичларидан бири – қулини озод қилмайдиган одам яхши одам эмас, деб эълон қилиш бўлган.

Бу эълон қулдорлик тузумига қарши жуда катта зарбадир. Бу масаланинг иймон-эътиқодга қўшиб айтилиши, одамларнинг яхши-ёмон сифатларини белгилашга бир аломат, мезон қилиб қўйилиши Исломнинг қулдорлик тузумига қарши курашда қўйган энг кўзга кўринган қадамларидан бири ҳисобланади.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Одамларга уларнинг яхши ва ёмонини билиш ҳақида хабар бериш мумкинлиги.

2. Яхшилиги умид қилинадиган ва ёмонлигидан эмин бўлинадиган одамлар яхшилар экани.

3. Яхшилик умид қилинмайдиган ва ёмонлигидан эмин бўлинмайдиган одамлар ёмонлардан экани.

4. Қулини озод қилмайдиганлар ёмон кишилар экани.

160. Абу Умомадан ривоят қилинади: «Кануд – меҳмонига икром кўрсатмайдиган, ёлғиз ўзи яшайдиган ва қулини урадиган одамдир».

Шарҳ: Бу ривоятда Аллоҳ таолонинг Аъдият сурасидаги «Иннал инсана ли Роббиҳи ла кануд» оятида келган «кануд» сўзининг тафсири келмоқда.

Кануд – жуда ёмон одам. Бундай одам хасислиги боис меҳмонларига икром кўрсатмайди, зиёфат қилиб бермайди, ҳеч кимга ҳеч нарса бермайди. Бахиллик қилиб, оч қолганга ҳам, меҳмонга ҳам – ҳеч кимга дастурхон ёзмайди.

Таомни ёлғиз ўзи ўтириб ейди, ҳеч кимга бермайди.

Бундай одам бировларни ёқтирмагани учун «яккамохов» бўлиб, ёлғиз ўзи яшайди.

Бундай кишининг учинчи сифати – қулини уради. Қулни уриш ҳам «кануд» сифатининг белгиларидан бири экан.

Маълумки, у пайтларда қулни ҳеч ким одам ўрнида кўрмаган, қулни истаган киши худди ҳайвонни калтаклагандек калтаклаб, ишлатиб, қийнаб, азоблаб юрган.

Ислом эса қулини урган одамни «канудлар», яъни жуда ёмон одамлар қаторига қўшмоқда.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Меҳмондўст бўлмаганнинг ёмон одамлиги.

2. Таомини ҳеч кимга бермай, ўзи ейдиганнинг ёмон одам экани.

3. Қулини, хизматчисини урадиган одам ёмон одамлиги.

161. Ҳасандан ривоят қилинади: «Бир киши қулига туяни эгарлашни буюрди. Қул ухлаб қолди. Хожаси қулнинг юзига олов билан урди. Қул қудуққа тушиб кетди. Тонг отганда Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига келди. Умар унинг юзидагини кўриб, уни озод қилди».

Шарҳ: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қулнинг юзидаги жароҳатларга қараб туриб: «Бор, сен энди қулмассан, озодсан», деб уни қўйиб юборган эканлар.

Демак, қул ноҳақ ёки ҳаддан ошиқ ҳолда азоблангани, зулм кўргани сабабли Ислом давлатининг раҳбари Ислом давлати фуқароларидан бирининг хатосини тўғрилаш мақсадида ҳалиги қулни озод қилиб юборган экан.
Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ

(Одоблар хазинаси китобидан)
Манба: islom.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қўл остидагиларга ёмон муносабатда бўлиш