23:20 / 10.11.2018
8 415

Онага яхшилик қилишнинг 150 усули (1-қисм)

Онага яхшилик қилишнинг 150 усули (1-қисм)
Муқаддима

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман. Барча мақтов, шукрлар оламларнинг тарбиячиси Аллоҳга бўлсин. Набий ва расулларнинг энг шарафлиси бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли оилаларига ва асҳобларига салоту саломлар ёғилсин!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг кўп ўринларида Ўзининг ҳаққини ота-онанинг ҳаққи билан ёнма ён келтиради. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт”. (“Исро” сураси, 23, 24-оятлар)

Уларга яхшилик қилишни эса жаннатга киришга сабаб қилиб қўйди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: «Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!» Шунда саҳобийлар: «Ё Расулуллоҳ, кимни айтаяпсиз?» – деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онасининг иккаласи ёхуд бири кексайиб қолган вақтида ҳаёт бўлиб, сўнгра жаннатга кирмаганни», – дедилар. (Муслим ривояти)

Бу борадаги оят ва ҳадислар ота-онанинг ўрни ва фазли ҳақида умумий шаклда келган бўлса, онанинг ҳаққи улуғлигини алоҳида баён қилиб берадиган бошқа ҳадислар билан хосланади. Она бундай шарафга ҳомиладорлик ва дунёга келтириш қийинчиликлари, тарбиялаш ва шу йўлда дуч келинадиган қийинчиликларни матонат билан бўйнига олгани учун сазовор бўлди. Она инсонларнинг яхшилик қилишга энг лойиқроғидир.

Баҳз ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу отаси ва бобосидан ривоят қилди, бобоси айтди: «Эй Расулуллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?» – деб сўрадим. «Онангга!» – дедилар. Мен шу саволимни уч маротаба қайтарсам ҳам, Расулуллоҳ «Онангга» деявердилар. Тўртинчи маротаба сўраганимда: “Отангга ва яқин бўлган қариндошларинга”, – дедилар.

Қўлингиздаги китобда, онага нисбатан, турли ҳолат ва вазиятларда қилинадиган муомаланинг 150 йўли берилган бўлиб, эндиликда онага амалий тарзда яхшилик қилиш ва фарзандларнинг Аллоҳнинг изни ила оналарининг розиликларига ноил бўлишлари кўзда тутилгандир. Хусусан, шаръий таълимотлардан хабардор фарзандлар бу таълимотлардан ҳам воқиф бўлиб, кундалик ҳаётларида уларни татбиқ қилишга йўл қидиришлари айни муддао бўлади.

Мен ўша йўлларни мавзулар асосида тартибламасдан ёздимки, киши турли шароитларда ҳаёт кечираркан, ўзига муносибини танлаб олсин. Ҳар хил ерларда яшаркан, муайян ҳолатларнинг айни ўзига хослашдан малолланмасин. Шунингдек, бу китобдан нафақат ўғил фарзандлар, балки қиз фарзандлар ҳам фойдалана оладилар. Яна бу китобдан фақатгина қиз фарзандларнинг ўзларига тегишли бўлган нуқталар ҳам ўрин олган.

Аллоҳ таолодан ота-оналаримиз ҳақларига риоя қилишимизга мадад беришини, барчамизни ота-оналаримиз билан фирдавс жаннатларида бирга бўлишимизни, бизга ўз лутфи ила уларга меҳр-муҳаббат, шафқат ва яхшилик қилишни насиб қилишини ва Ўзининг розилигига муваффақ қилишини сўраб қоламан.

Киришишдан олдин

Ота-оналарига яхшилик қилишга муваффақ бўлганларнинг кўпчилигининг ҳолатларини тааммул қилиб кўрдим. Уларнинг қилаётган ишларини осон, уларнинг розилигига эришиш учун қилган ҳаракатлари енгил, ишларини хурсандчилик билан қиладилар. Улар кўп меҳнат қилиб, катта машаққатни кўтармайдилар. Улар доимо уч нарсани ташийдилар: зийрак (фаросатли) қалб, кулгувчи юз (табассум) ва ихлос. Ихлос ҳар қачон юқоридаги иккаласини озиқлантириб туради. Муваффақият уларнинг ҳамроҳлари, тавфиқ эса йўлдошларидир.

Азиз биродарлар!

Бу китобда менинг атрофимдаги оналарига яхшилик қилаётганларни кузатиш асносидаги мушоҳада ва мулоҳазаларим ўрин олган бўлиб, шояд уларга эргашишга сабаб бўлса, уларнинг йўлларига эргашишга, муваффақ бўлсак деган умидда тақдим қиляпман.

Қуйида яхшиликнинг 150 йўли турибди, улар орасида татбиқ қилишга лойиғини топсангиз, шошилиб қолинг, шошилинг... Агар лойиғини топмасангиз ҳам, биродарингизни дуодан бенасиб қилмаслигингизни сўрайман.
(Давоми бор...)
Сулаймон Соқир
"Онага яхшилик қилишнинг 150 йўли" китоби

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Онага яхшилик қилишнинг 150 усули (1-қисм)