10:06 / 13.03.2019
3 601

Қачон қусурларимизни маънавият мезони билан ўлчаймиз?

Қачон қусурларимизни маънавият мезони билан ўлчаймиз?
Болалигимизда тўй бўлишини интиқиб кутардик. Сабаби – бувим тўйдан қайтганларида ёш болалар – биз невараларига тўйдан қанд-қурс, ширинлик, хуллас, тўйхона эгалари тугунга солиб юборган егуликларни улашардилар. Ҳали ҳануз олисларда қолган болалигимни соғинч билан қўмсаганимда, бувимнинг бошдаги тугун ва ундаги тўйхонанинг ҳиди келаётган насибаси кўз олдимда намоён бўлади.

Улғайдик. Энди тўй-маросимларга қатнашадиган, маҳалла-куйга аралашадиган бўлдик. Улғайганимиз сари замон ўзгариб борди. Замонга мос дунёқарашимиз, руҳиятимиз ҳам ўзгарди. Кундан кунга ўзгариб бормоқда. Ҳар турли ўзгаришлар аро энди ўзимиз ҳам ҳайрону лолмиз. Ўзгаришларнинг ижобийлари-ку, майли, фойдамизгадир, аммо салбий томонга ўзгараётган одатлар ҳар турли иллатларни келтириб чиқармоқдаки, кўп таъкидланганидек ортиқча дабдабаю, ўзимиз зараримизга кашф қилган одатлардан яна ўзимиз азият чекаётирмиз. Ачинарлиси, ортиқча кучаниш белни зўриқтираётганини тан олмаймиз... Қизиқ-а? Асли одам боласининг табиати ғалати-да. Осонлаштириш ўрнига ҳаммасини мураккаблаштиришади. Ўзига зулм қилишни яхши кўрадими-ей, деб ўйлаб қоламан, баъзида айрим одамларнинг, тўғрироғи аёлларнинг ҳатти-ҳаракатларини кузатар эканман.

Майли, демоқчи бўлганларимдан бироз чалғиб кетдим. Мулоҳазаларим аввалида бувимнинг тўйдан биз болаларга насиба келтиришлари ҳақида айтдим. Халқимизнинг бундай удумлари замирида, албатта, ўзаро меҳр-мурувват, оқибат ва қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш каби эзгу ниятлар мужассам. Ҳадя меҳр-муҳаббатни оширади, одамларни янада бир-бирига жипслаштиради. Кексаларимиз бир дастурхон атрофида ўтириб, бир қозондан сузилган таомни биргалашиб ейиш билан кишиларнинг бир-бирларига яқин бўлишларини айтишади. Тўй ва тўйга ўхшаш шодиёна маросимлардан насиба улашиш ҳам шундай эзгу ниятлар билан қилинажак амаллардандир.
Аммо бугунга келиб бу чиройли удумларимизга ҳам кибр, риё, манманлик, дабдаба ва ортиқча чираниш каби иллатлар аралашиб, ёқимсиз, кераксиз ва ҳаттоки уялгулик одатларга айланяпти. Оғриқли жиҳати шундаки, тўй қолиб ҳатто аза маросимларида ҳам таъзияли уй эгалари кўнгил сўраб келганларнинг қўлига насиба солинган халта тутқазиб юборишяпти. Тўғриси, бу антиқа одат пойтахт ҳудудида “расм” экан. Даставвал, бу “антиқа” удум ҳақида эшитганимда ишонмадим. Суҳбатдошим қайта-қайта кўнгил сўраб борган таъзияли хонадонидан нон, ширинлик ва пишириқлар, қанд, ҳолва каби тансиқ егуликлар солинган халта билан қайтганини айтган эди, асли пойтахтлик бўлган ҳамкасбимга савол назари билан қарадим.

– Ҳа, шундай одат бор, деди ҳамкасбим нигоҳларимдан нима демоқчилигимни уқиб. – Ўлик чиққан кунининг учинчи кунида қандайдир маросим қилиб, таъзияга келган аёлларга халтада егуликлар улашилади...

Тавба, энди буниси чиндан ҳам ортиқча, ё нотўғрими?! Ҳам жон, ҳам нон экан-да! Тўйдан насиба улашиш, майли, замирида ҳаммани ҳам тўйга етказсин, деган истак билан қилинар, лекин таъзиядан таом тарқатишдан не маъни?

– Яқинда бирин-кетин икки жойда таъзига бордик, дейди Замира исмли аёл. Биринчи борган еримизда қўлимизга халтада иккита нон, ширинликлар, пишириқ ва қанд солиб тутқазишди. Тағин, нонлар ҳам оддий оби нон эмас, катта патир нонлардан. Ширинликлар ҳам тансиқ ва қиммат шоколадлар. Иккинчи жойда эса халталарга тўрттадан патир нон, пишириқ ва ширинликларга қўшиб сомсалар ҳам солишибди. Ҳамроҳларим халтасини ҳайратланмай қабул қилиб олишди, мен эса, биз томонларда бунақа одат бўлмагани учун ҳайрон қолдим. Бу одатни йўқотиш керак, менимча. Ундан кўра, шуни олишга муҳтож бўлган эҳтиёжманд оилаларга тарқатиб, қарз ёки тўловларига ёрдам беришса, унинг савоби улуғдир. Аммо таъзия келганларнинг ҳаммаси ҳам шунга муҳтож эмас, айримлари маъракахонадан берилган таомни фарзандларига едиришдан ирим қилади.

– Ҳар нарсадан ҳам ёмонлик изламаслик керакмикан, деб ўйлайман, дейди бошқа бир тошкентлик муштарийимиз.и – Сиз айтаётган удум яъни, азага келган аёлларга егуликлар улашишда ҳам ўзига хос маъно бор. Шу таомлардан баҳраманд бўлганлар ўтганнинг руҳи ҳаққига дуо қилсин, марҳумга кўпнинг дуоси бўлсин, деган маънода қилинади бу одат...

Балки, чиндан ҳам шундайдир. Хайрли мақсад, эзгу истак билан халталарга егуликлар тақсимланар. Аммо... Аммо, биродар, ўша яқинининг аза маросимида кўнгил сўровчиларга қиммат ва тансиқ егуликлар улашаётган валломат, бирор етим, бева ё эҳтиёжмандга атиги минг сўм эҳсон қилармикан?!

Аммо таассуфки, унаақалардан эҳсон тугул, муҳтож бўлганида қарз сўрасангиз бермайди. Яқин кишисининг таъзиясида кўнгил сўраб борганларга халта улашиш билан давлатини, мол-дунёсини кўз-кўз қилмоқчи бўлади. Бу одат тагида бошдан оёқ манманлик ва кибр-ҳаво ётибди...

Тўй номи билан тўй. Унинг шодлигию қувончи кўпчиликники. Яхши кунда, тўйда ким яқинининг, ким бегоналиги деярли билинмайди ҳам. Аммо оғир кунда кўнгил фақат дўсту ёрларнинг таскинига, меҳрига интиқ бўлади. Тўйга бориб баҳри дилингиз очилади, ана шундай ажойиб, муродбахш кун сизга ҳам насиб қилишини сўраб дуо қиласиз.Таъзияга борганда эса кўнгил бузилади. Бу дунёнинг ўткинчилигига, жонимиз омонат, ўзимиз ана шу омонатликлар ичра ғанимат эканимизни мулоҳаза қиламиз. Азада кўнгил сўраб чиқиш, таъзияли хонадон аҳлининг дардига шерик бўлиб, таскин-тасалли бериш ҳам халқимизнинг азалий одатларидан. Бироқ кейинги пайтларда шу удумларимиз ҳам “замонавий” тусга киряпти.

Аксарият аёллар таъзияга бориш маданиятини, одобини деярли билмайди. Азага борган аёлларнинг кийими, пардоз-андози ҳам меъёрдан ортиб бормоқда. Булар ҳам ўз йўлига, аза маросимларининг дастурхонлари тўйнинг дабдабасидан сира фарқланмай қолди. Ҳатто таъзия маъракаларининг ресторан ва қаҳвахоналарда нишонланаётгани, сархил ва тансиқ ноз-неъматларни тўлдириб дастурхон безатиб меҳмон кутишларига ҳам кўникиб қолдик. Бир тишлам нон, ярим коса овқат, бир пиёла чойга тўяди одамнинг қорни. Бу чиранишлар, беҳуда сарф-харажатлар намойишидан кимга қандай наф?
Тўй маросимларининг ресторан ва қаҳвахонларда ўтказилишига “ҳа майли, шодиёна, муродбахш онлар, қувонч билан ўтгани яхши”, деб (Бир пайтлари тўйлар ҳовлиларда, маҳалла майдонларида, ҳатто, кўп қаватли уйларнинг майдончаларида жуда чиройли қилиб ўтказиларди. Таниш-нотаниш, қариндошу бегона бирдай қувнаб яйрарди.
Тўйларнинг тўй эгасиники қолиб овқатланиш муассасаларида ўтказилаётгани ҳам маълум маънода одамлар орасидан меҳр-оқибат кўтарилишига сабаб бўлмаяптимикан, деган хаёлга боради киши. Бу борада ҳам мулоҳазаларимиз бор, аммо уни бошқа мақолада иншо этишни ният қилдик.) ноиложгина кўна қолгандик, энди одамлар таъзия маъракаларини ҳам ресторанда казо-казоларни таклиф этиб кимўзар тарзда нишонлашга ўтишди.

– Бир ҳамкасбимизнинг отаси вафот этганди, дейди таниш аёл. – Йил оши муносабати билан шаҳарнинг номдор ресторанларидан бирида эҳсон дастурхони ёзилаётганини айтишди. Тушлик пайти уч-тўртта аёл бир бўлиб эҳсонга борадиган бўлдик. Ҳамроҳларимиз уч-тўрт киши бир бўлиб, бир тоғорадан пишириқ, сомса, норин ва ҳоказо тансиқ егулик қилиб эҳсонга боришимизни айтди. Тўғриси, бунақа ғайритабиий одатдан ҳайрон бўлдим. Ўзи марҳумни ёдлаш учун ёзилган эҳсон дастурхони бўлса, худойи, эҳсонликдан маъно очларни тўйдириб, уларнинг дуосини марҳум ҳаққига бағишлаш бўлса, яна эҳсон маросимига тоғора кўтариб бориш нимаси экан?! Тоғора жониворнинг ҳам энг арзони 100-150 мингга тушади.

Ҳа, бу хусусда ҳар кимда ҳар хил фикр. Лекин аксарият суҳбатдошларимиз ортиқча одатларнинг озоридан куйиниб гапиришди. Шунга қарамай, кераксиз ва беҳуда харажатларини била туриб, кези келганида шу бекорчи “закун”лардан ёзғирганлар ҳам бўйнини қисиб “элдан чиқмаслик”ка уринади. Ахир ҳамма шундай қиляпти-да! Ҳаммадан айрилиб қолиш яхши эмас. Аллоҳдан уялмаймиз-у, унинг бандаларидан хижолат чекамиз. Диндан бохабарман деб сафсата сотамиз-у, амалларимиз бидъат ва хурофот. Аслида қилаётган амалимизда хайр ва яхшилик сезилмаётган бўлса-да, савоб қилаяпман деб ўзимизни ўзимиз овутамиз.

Моддият билан манманлик туйиш маънавиятсизликнинг энг юқори нуқтаси эканини англаш фурсати келмадимикан? Динмизда, ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин, дейилади. Савоб довруғи остида гуноҳга ботиб, исрофу увол билан наф топиб бўлмаслигига ҳануз иқрор бўлмаган биз бандалар қачон мазкур қусурларимизни маънавият кўзгусига солиб кўрарканмиз?..
Умида АЗИЗ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қачон қусурларимизни маънавият мезони билан ўлчаймиз?