20:30 / 30.09.2024
24

Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади

Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади
Сенат ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда.

Маълум қилинишича, кооператив қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти экани қонунан белгиланмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги кооперативи камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда ташкил этилиши назарда тутиляпти.

Қонунда қишлоқ хўжалиги кооперативининг бошқарув органлари, жумладан, умумий йиғилиш, кооператив бошқаруви, кузатув кенгашининг аниқ вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзоликка кириш ва ундан чиқиш, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳисобини юритиш, пай бадалларини тўлаш билан боғлиқ нормалар ҳужжатда ўз аксини топган.

Бундан ташқари, кооперативларга қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, қонунларда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонунда давлат томонидан аграр-иқтисодий сиёсат ёрдамида кооперативлар фаолияти учун қулай муҳитни таъминлаш, уларнинг фаолиятини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилаётган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, банк кредитларидан ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланишда кўмаклашиш назарда тутилган. Кооперативларни иқтисодий, социал, ҳудудий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш бўйича қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган.

Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди, ўз ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларни профессионал ва демократик йўл билан бошқариш ҳамда қишлоқ хўжалигида муваффақиятли фаолият юритиш имконини беради.

Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида қишлоқ хўжалиги кооперативлари аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлаб ўтди.

АҚШ, Бразилия, Германия, Дания, Нидерландия, Япония, Янги Зеландия каби қатор ривожланган давлатларда қишлоқ хўжалиги кооперативлари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланган. Уларнинг йиллик айланмаси ўнлаб миллиард долларни ташкил этади.

Ушбу тизимни тўғри ва самарали йўлга қўядиган бўлсак, фермер, деҳқон ва томорқачилар манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинади. Қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг мустақиллиги, манфаатдорлиги, фаровонлиги ошади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати яхшиланади. Янги қувватлар ишга тушади. Экспорт салоҳияти ошади.

Қонунда давлатнинг қишлоқ хўжалиги кооперативларига доир вазифа ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Жумладан, аграр иқтисодий сиёсат орқали қулай муҳитни таъминлаш, рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш вазифасини давлат ўз зиммасига оляпти.

Давлат органлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперативига етказилган зарарни давлат томонидан қоплашга оид мажбурият мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Булар ушбу соҳада ишловчилар учун жуда муҳим
”, деди Сенат раиси.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади