date

Тимур Ишметов олтиндан тушумларни жамғариш ғояси ҳақида гапирди

Тимур Ишметов олтиндан тушумларни жамғариш ғояси ҳақида гапирди

Жорий йилда глобал беқарорлик ва иқтисодий ноаниқликлар фонида олтин нархи тарихий юқори даражаларга кўтарилди. Бу ҳолат Ўзбекистонга катта қўшимча даромадлар келтирди. Бироқ иқтисодчилар ушбу ортиқча маблағларни иқтисодиётга тўлиқ йўналтирмасдан, маълум қисмини жамғариб бориш зарурлигини таъкидлашмоқда. Чунки сўмнинг кескин мустаҳкамланиши узоқ муддатда иқтисодиёт учун салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

11 сентябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг саволига жавоб берган Марказий банк раиси Тимур Ишметов ушбу масала юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Унинг таъкидлашича, олтин савдосидан олинаётган тушумлар Марказий банк ҳисобида эмас, балки ишлаб чиқарувчи корхоналар ва давлат бюджетида тўпланмоқда. Шунингдек, у ортиқча даромадларни жамғариш ғояси ҳақида ҳам алоҳида изоҳ берди.

— Олтин нархининг ижобий шаклланиши, албатта, иқтисодиётимиз учун фойдали ҳолат. Бу корхоналарда қўшимча маблағ пайдо бўлишига ва бюджетга солиқ тушумлари кўпайишига олиб келади. Ортиқча даромадни сақлаб қолиш ёки йўқотмаслик масаласига асосий баённи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бериши тўғри бўлади, — деди Ишметов.

Унинг сўзларига кўра, дунё амалиётида хомашё маҳсулотлари нархи ижобий ўзгарган даврда ортиқча тушумларни йиғиб бориш орқали рецессия пайтида иқтисодиёт харажатларини қоплаш механизмлари мавжуд. Бу эса кўпроқ нефт каби товарларга хос ҳисобланади.

— Масалан, нефт. Иқтисодий ўсиш вақтида унинг нархи кўтарилади, бюджетга тушумлар кўпаяди. Рецессия пайтида эса нефт қиймати пасаяди ва даромадлар камаяди. Шу боис нефтда бу механизм ишлайди. Олтин эса табиатан контрциклик хусусиятига эга: муаммоли вазиятларда одамлар унга инвестиция қила бошлайди ва у автоматик равишда стабилизатор вазифасини бажаради, — дея қўшимча қилди у.

Марказий банк раҳбари фикрича, олтиндан келаётган ортиқча даромадларни жамғариб бориш ғоясини амалда тўлиқ қўллаш қийин. Чунки иқтисодиёт барқарор пайтларда олтин нархи кўпинча паст бўлади ва қўшимча тушумлар юзага келмайди. Нархи юқори бўлиши эса асосан глобал ноаниқликлар ва хавотирлар билан боғлиқ.

Шу жиҳатдан Ишметовнинг таъкидлашича, олтин кўп ҳолларда ўзиёқ автоматик стабилизатор сифатида ишлайди. Шу сабабдан унга нисбатан ортиқча механизм қўллаш самара бермаслиги мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Тимур Ишметов олтиндан тушумларни жамғариш ғояси ҳақида гапирди