6 октябрь куни Тошкент фонд биржасида мамлакатнинг энг йирик тамаки ишлаб чиқарувчиси — “UzBAT” акциялари бўйича катта ҳажмли битим амалга оширилди. Маълумотларга кўра, савдо биржадан ташқари Nego майдончасида рўйхатдан ўтган.
Битим шартларига кўра, компаниянинг 2,6 фоизлик улуши — 641 минг 661 та акция 269,8 миллиард сўмга сотилган.
Шу билан бирга, мазкур операциядан кейин UzBAT компаниясининг умумий капитализацияси 10,36 триллион сўмни ташкил этди. Бу тахминан 855 миллион АҚШ долларига тенг.
Корхона ва ташкилотлар реестри маълумотларига кўра, сотилган 2,6 фоизлик пакет давлатга — Давактив агентлигига тегишли бўлган.
Компаниядаги асосий улуш — 97,38 фоиз акциялар хорижий Saber Baber компанияси ихтиёрида. Шунингдек, 0,1 фоиз акциялар UzBATнинг 40 нафар ходимига тегишли экани қайд этилган.
2024 йил якунларига кўра, UzBATнинг соф фойдаси 40 фоизга ўсиб, 1,41 триллион сўмга етган. Шу йили компания Ўзбекистондаги хусусий сектор вакиллари орасида энг кўп солиқ тўловчи сифатида қайд этилган — UzBAT бюджетга жами 2,9 триллион сўм тўлаган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу битим мамлакатдаги йирик хусусийлаштириш жараёнлари ва акция бозорининг фаоллашаётганидан дарак беради. Шу тариқа, UzBAT бозордаги нуфузини янада мустаҳкамлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!