Одамлардан минора: Испаниядаги ноодатий мусобақада тарихий натижа қайд этилди

Одамлардан минора: Испаниядаги ноодатий мусобақада тарихий натижа қайд этилди

Испаниянинг Таррагона шаҳрида одамлар бир-бирининг елкасига чиқиб, улкан миноралар қурадиган анъанавий “castells” мусобақаси ўтказилди. 4 октябрь куни бўлиб ўтган XXX Таррагона инсон миноралари мусобақасида Каталониянинг 12 та кучли жамоаси қатнашди. Бу ҳақда Catalan News хабар берди.

Мусобақада юзлаб иштирокчилар бир-бирининг елкасига чиқиб, имкон қадар баланд ва мураккаб конструкциялар барпо этади. Энг кучли жамоалар 10 қаватгача бўлган минораларни қуради. Бунда фақат минорани тиклаш эмас, балки уни хавфсиз тарзда тўлиқ тушириш ҳам муҳим ҳисобланади.

Бу йил Castellers de Vilafranca жамоаси 14 635 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Жамоа дастлаб иккита 10 қаватли минорани муваффақиятли бажарди. Мусобақанинг ҳал қилувчи босқичида эса тарихда илк бор тўққиз кишилик қатламлардан иборат, тўққиз қаватли “9 de 9 amb folre” минорасини тўлиқ қуриб, хавфсиз тарзда туширишга муваффақ бўлди.

“Castells” анъанаси Каталонияда қарийб 200 йиллик тарихга эга. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, инсон миноралари одатда олти қаватдан 10 қаватгача бўлади ва бу маҳорат авлоддан авлодга ўтиб келади.

2010 йил 16 ноябрда “castells” анъанаси ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар