date

P2P ўтказмалари савдодаги яширин айланмаларни фош қилмоқда

Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тизимида очиқликни кучайтириш ва савдо соҳасида ҳаққоний ҳисоб-китобни таъминлаш мақсадида айрим P2P, яъни пластик картадан пластик картага пул ўтказмалари таҳлил қилинмоқда.

Солиқ қўмитаси маълумотига кўра, ушбу жараён тадбиркорларга босим ўтказиш ёки уларни жазолаш учун эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин пул айланмаларини камайтириш ва қонун доирасида ишлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Қайд этилишича, айрим савдо фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик субъектларида тўловлар расмий касса ёки ҳисоб рақам орқали эмас, балки P2P ўтказмалари орқали қабул қилинаётгани ўрганилмоқда. Баъзи ҳолатларда эса ушбу маблағлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмаётгани таҳлил қилинган.

Бу эса давлат бюджетига тушиши лозим бўлган айрим солиқ тушумлари тўлиқ шаклланмай қолишига сабаб бўлиши мумкин. Оддий айтганда, савдо амалга ошади, пул келиб тушади, аммо расмий ҳисоботда бу даромад кўринмаса, бозорда тенг рақобат бузилади.

Шу муносабат билан юридик шахсларда ишловчи раҳбар ходимларнинг банк карталарига келиб тушган маблағлар бўйича ҳам таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда. Бунда асосий эътибор савдо тушумлари шахсий карталар орқали қабул қилинган- қилинмагани ва улар солиқ ҳисоботларида қай тарзда акс этганига қаратилмоқда.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаган даромадлар бўйича тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилиб, улардан тушумларни қонун талабларига мувофиқ расмийлаштириш сўралмоқда.

Солиқ органлари таъкидлашича, бу жараённинг асосий мақсади тадбиркорлик муҳитини соғломлаштиришдир. Чунки кимдир барча тушумни расмий кўрсатиб, солиқ тўласа, бошқа биров тушумни шахсий карта орқали яширса, бу ҳалол рақобатга салбий таъсир қилади.

Шу боис тадбиркорлик субъектлари савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштириш, ҳар бир даромадни солиқ ҳисоботларида ҳаққоний акс эттириш ва молиявий операцияларда шаффофликка амал қилишга чақирилмоқда.

Қисқаси, P2P ўтказмалари энди оддий пул кўчириш воситаси сифатида эмас, балки савдо айланмаларидаги очиқлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий эътибор марказига чиқмоқда. Давр ўзгаряпти: бизнесда “кўринмас тушум” даври секин-аста ёпиляпти, шаффоф ишлаган тадбиркор эса эртага кўпроқ ишонч ва барқарорликка эга бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » P2P ўтказмалари савдодаги яширин айланмаларни фош қилмоқда