20 дан ортиқ банк чалғитувчи реклама учун жаримага тортилди

Рақобат қўмитаси реклама қонунчилиги талабларини бузган 20 дан ортиқ тижорат банки ва микромолия ташкилотига нисбатан молиявий жарималар қўллади.
Қўмита ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат олиб боради. Олиб борилган мониторинг ва таҳлиллар давомида ОАВ, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда қонун талабларига зид рекламалар жойлаштирилаётгани аниқланган.
Маълум қилинишича, бундай ҳолатларнинг асосий қисми молиявий хизматлар рекламасига тўғри келмоқда. Айрим рекламаларда истеъмолчиларни чалғитувчи ёки нотўғри маълумотлар берилган.
Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига кўра, молиявий хизматларга оид реклама бошқа ахборотдан аниқ ажралиб туриши керак. У истеъмолчилар ишончини суиистеъмол қилмаслиги, уларнинг тажрибаси ёки билим етишмаслигидан фойдаланишга қаратилмаслиги лозим.
Бундан ташқари, реклама қилинаётган молиявий хизматга бевосита алоқаси бўлмаган маълумотлар берилиши мумкин эмас. Шартнома тузишда муҳим аҳамиятга эга бўлган шартлар эса тўлиқ очиб берилиши шарт.
Қўмита ўрганишларида айрим рекламаларда омонатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари, амал қилиш муддати, минимал талаблар, қўшимча тўловлар, микроқарз шартлари, воситачилик ёки суғурта тўловлари каби муҳим маълумотлар умуман кўрсатилмагани маълум бўлган.
Баъзи ҳолларда эса бу маълумотлар жуда қисқа, ноаниқ ёки истеъмолчи тушуниши қийин бўлган шаклда берилган. Шунингдек, молиявий хизматлар рекламасида икки маъноли иборалардан фойдаланиш, шартларни бўрттириб кўрсатиш ва бошқа ташкилотлар номи ёки товар белгиларига оид калит сўзлардан фойдаланиш орқали истеъмолчиларни чалғитиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Рақобат қўмитаси молиявий хизматлар рекламасида маълумотлар аниқ, тўлиқ ва истеъмолчилар учун тушунарли шаклда берилиши кераклигини эслатди. Маълумотлар ўқилиши қийин бўлган майда шрифтда, фон билан қўшилиб кетадиган ёки яширин матн кўринишида тақдим этилмаслиги шарт.
Қўмита нотўғри ёки чалғитувчи ахборот жойлаштириш ҳолатлари аниқланса, қонунчиликда белгиланган тартибда молиявий санкциялар қўлланилишини маълум қилди.


























Изоҳлар 0
…