Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар 7 фоизга оширилади

Ўзбекистонда аҳоли даромадларини қўллаб-қувватлаш мақсадида иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар босқичма-босқич 7 фоизга индексация қилинади.
Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 23 июнда қабул қилинган ПФ-115-сонли фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, пенсия ва нафақалар 2026 йил 1 июлдан, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда талабалар стипендиялари эса 1 сентябрдан оширилади.
1 июлдан пенсия ва нафақалар ошади
2026 йил 1 июлдан бошлаб барча турдаги пенсия ва нафақалар 7 фоизга индексация қилинади.
Шундан сўнг пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 504 минг сўм этиб белгиланади.
Ёшга доир энг кам пенсия миқдори 983 минг сўмга, минимал ногиронлик пенсияси эса 1 миллион 83 минг сўмга етказилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга тўланадиган нафақа миқдори 450 минг сўмни ташкил этади.
Болалар нафақаси эса оиладаги болалар сони ва тоифасига қараб 295 минг сўмдан 386 минг сўмгача белгиланади. Иккинчи ва ундан кейинги болалар учун қўшимча тўловлар ҳам сақлаб қолинади.
1 сентябрдан маош ва стипендиялар кўтарилади
2026 йил 1 сентябрдан бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг иш ҳақи ва талабалар стипендиялари 7 фоизга оширилади.
Шу санадан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 миллион 360 минг сўм этиб белгиланади.
Базавий ҳисоблаш миқдори эса 440 минг сўмга етказилади.
Янги миқдорлар кучга киргач, БҲМга боғлиқ айрим тўловлар, жарималар, давлат божлари ва хизматлар қиймати ҳам қайта ҳисобланиши мумкин.
Қабул қилинган фармон аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, даромадларни инфляция таъсиридан ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини яхшилашга қаратилган.




























Изоҳлар 0
…