18:50 / 06.06.2018
3 418

Банкларда бозор муносабатлари қачон шаклланади ёки долларни еврога алмаштириш мумкин эмасми?

Банкларда бозор муносабатлари қачон шаклланади ёки долларни еврога алмаштириш мумкин эмасми?
Ўзбекистонда бир неча йиллардан сўнг, миллий валюта – сўмнинг конвертация қилиниши йўлга қўйилиши узоқ кутилган ҳодиса бўлди. Бунинг учун давлат раҳбариятининг сиёсий иродаси ҳам лозим бўлди. 2018 йил сентябрь ойи бошидан мамлакатдаги барча тижорат банкларига сўмни долларга ёки аксинча чекловларсиз алмаштиришга рухсат берилди.

Бироқ, назаримизда, айнан тижорат банкларида конвертация воситасида ҳам пул ишлаш амалиёти тўғри йўлга қўйилмагандек. Ахир банк ўз номи билан банк бўлгани учун, у ҳар онда пул топишни ўйлаши, айланма маблағини қандай қилиб кўпайтириш йўлини қидириши, бунда янги ғояларни амалиётга дадил жорий қилиши керак.

Хусусан, валюта либерализацияси амалга оширилиб, конвертацияга рухсат берилган экан, банклар бу имкониятдан ҳам тўлақонли фойдаланиб қолишлари зарур. Айтмоқчи бўлганим, Ўзбекистондаги ҳар қандай банк, хусусий бўладими, давлат улушидаги ёхуд тижорат банклари бўладими, конвертация билан боғлиқ ҳар қандай жараёндан даромад топиши мумкин.

Лекин амалда ундай эмаслигини ўзим кузатганларим асосида ҳукмингизга ҳавола қилмоқчиман. Европага сафар қилишим муносабати долларни еврога алмаштириш ниятида даставвал “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Учтепа туман филиалига мурожаат қилдим. У ердагилар долларни еврога алмаштира олмасликларини, NBU’нинг ҳар қандай шохобчасига учрашиш мумкинлигини айтишди.

Кун кеч бўлиб қолгани сабабли эртаси куни соат 10га яқин NBU’нинг Учтепа тумани филиалига бордим. У ерда эшик олдида кутиб олувчи ходима мени мақсадимни эшитгач, валюта айирбошлаш дарчасига йўллади. Улар эса, долларни еврога алмаштириш масаласида даставвал бошқа дарчага (менимча, шу масала учун масъул ходим) учрашишим кераклигини айтишди.

Бордим, мақсадимни айтдим, у диққат билан эшитар экан, Европанинг ўзида алмаштирсангиз бўлади-ку, бу ерда комиссия олинади алмаштиришга, деган жавобни берди. Мен сафарим якшанба куни бўлиши, қолаверса, яқинда амалга оширган сафарим ҳам якшанба кунига тўғри келгани боис, Европада конвертация масаласида муаммога дуч келганим учун тинчгина шу ердан шай ҳолда кетиш истагида эканлигимни, комиссияни тўлашга розилигимни тушунтирдим. Бу мулозим мақсадимни англагач, кейинги дарчага йўллади.

Бу ерда ҳам ҳаммасини бошидан тушунтиришга тўғри келди. Шундан сўнг, ходима валюталар курси тушдан сўнг юборилишини айтиб, сиз яхшиси “Infinbank”ка боринг, дея тавсия қилди. Нима эмиш, улар хусусий банк эмиш, шу боис, уларда алмаштириш осонроқ бўлиши мумкин экан. Ҳа, бизда рақобатчиларнинг ҳам бағрикенг, инсофи бор, ўзлари комиссия эвазига пул топиши мумкин бўлган жойда ҳам бошқа банкларни ўйлашади.

Гапнинг индаллоси, “Infinbank”нинг Фарҳод бозори яқинидаги минибанки вакиллари бундай амалиётни “Панорама кинотеатри ёнидаги филиал амалга ошира олиши”ни билдиришди. Афсуски, сарсон бўлиб ва вақтимни йўқотиб, у ерга борганим ҳам самара бермади. Улар умуман бунақа мажбуриятга эга эмасликларини айтишди. Улар ҳам бағрикенг экан, NBU’ни тавсия қилишди. Бирор хорижлик сайёҳ шу масала билан келиб қолса, нима қиласизлар, деб сўрасам, уларни ҳам қайтариб юборамиз, дея дангал жавоб бериб қўя қолишди.

Энди NBU валюталар курсини юборишини кутиб, ишдан жавоб сўраб, тушдан сўнг яна хабар олишим керак бўлади. Бағрикенгликлари тутиб “Infinbank”дан бошқасини тавсия қилишмаса бўлгани.

Шу ўринда биргина мулоҳаза. Банкларга ҳам ҳайронман, хусусий ёхуд тижорат банклари эканликларини, раҳбарияти бошқа-бошқа эканликларини даъво қилишади, нима учун рухсат берилган ҳар қандай ҳолатдан даромад топишни йўлга қўйишмайди, бу ҳолда улар қандай “тирикчилик” қилишмоқда? Валюта операцияларига рухсат берилган бўлса, энди долларни еврога алмаштириш учун ҳам алоҳида мажбурият юкланиши шартмикан? Комиссияни олиб, алмаштириб бераверишса, олам гулистон эмасми? Биздаги банкларда бозор тамойиллари қачон шаклланади, буни вақт кўрсатади.

Мен ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Марказий банк сайтида кўрсатилган 200-00-44 телефон рақамига (ишонч телефони экан) қўнғироқ қилдим. Бироқ 14-15да ҳам (14-45 да такроран қўнғироқ қилинди) автомат жавобдан бошқа гўшакни кўтарадиган оператор йўқ эди, чамамда, ҳеч ким жавоб бермади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Банкларда бозор муносабатлари қачон шаклланади ёки долларни еврога алмаштириш мумкин эмасми?