Тошкентда вояга етмаган қиз билан яшаб келган эркак зўравонликда гумон қилинмоқда

Тошкентда вояга етмаган қиз билан яшаб келган эркак зўравонликда гумон қилинмоқда

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида вояга етмаган қиз билан шаръий никоҳдан ўтиб яшаб келган эркак унга нисбатан зўравонлик ишлатгани ва тан жароҳати етказгани ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.

Аниқланишича, Н.М. 2025 йил 28 август куни Ч.Б. билан шаръий никоҳдан ўтган ва шу кундан буён у билан бирга яшаб келган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ч.Б. вояга етмаган Н.М.га нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжларини қондирган ҳамда қизга тан жароҳати етказган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли воқеанинг барча тафсилотлари ва ҳуқуқий баҳоси ҳозирча маълум эмас.

5 октябрь куни Олмазор туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда туман ИИБ ходимлари вояга етмаган Н.М. ва унинг аммаси Н.Н. билан суҳбат ўтказган.

Ҳозирда қизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, келгусида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Н.М.га ҳимоя ордери расмийлаштирилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар