Тошкентда талабалар ётоқхонадан нега чиқарилди? Вазирлик сабабини тушунтирди

Тошкентда талабалар ётоқхонадан нега чиқарилди? Вазирлик сабабини тушунтирди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Тошкентдаги давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмагани, кадастр ҳужжатлари ва зарур рухсатлар расмийлаштирилмагани сабабли талабалар ундан чиқарилди.
  • Тадбиркор томонидан айрим талабалар тегишли йўлланмасиз ва Тошкент давлат техника университетига алоқадор бўлмаган бошқа ОТМ талабалари ҳам ушбу ётоқхонага жойлаштирилгани аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат техника университети талабаларининг талабалар турар жойидан чиқариб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирди.

Вазирлик маълумотига кўра, Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган, ундан фойдаланиш учун зарур рухсатлар ҳам олинмаган. Шу сабабли талабаларни унга расмий тартибда жойлаштириш мумкин бўлмаган.

Амалдаги тартибга кўра, талабалар турар жойига жойлашиш учун талаба Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz орқали ариза топшириб, белгиланган тартибда йўлланма олиши керак. Бироқ тадбиркор томонидан айрим талабалар мазкур объектга тегишли йўлланмасиз жойлаштирилгани аниқланган. Шунингдек, Тошкент давлат техника университетига алоқадор бўлмаган бошқа ОТМ талабалари ҳам ушбу ётоқхонага жойлаштирилган.

Ҳолат аниқлангач, талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг барчаси объектдан чиқарилган. Тошкент давлат техника университети талабалари университетнинг мавжуд бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилган. Бошқа ОТМ талабалари эса тегишли масъуллар орқали ўз таълим муассасаларига қайтарилган.

Вазирлик хорижий талабаларни ҳам тегишли рухсат ҳужжатларисиз фойдаланишга топширилмаган объектга жойлаштириш мумкин эмаслигини маълум қилди. Шу сабабли улар ҳам хавфсизлик чоралари доирасида ётоқхонадан чиқарилган.

Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, бинода иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.

Вазирликнинг билдиришича, мазкур объектнинг расмий очилиш маросими ҳам ҳали ўтказилмаган. Қурилиш ишлари белгиланган муддатда тўлиқ якунланмагани сабабли август ойидаги очилиш тадбирлари доирасида ундан фойдаланиш бошланмаган.

Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олингач, объект фойдаланишга топширилади ва талабаларни жойлаштириш амалдаги тартиб асосида амалга оширилади.

Шунингдек, аввал мазкур объектга жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 100 фоиз миқдорида қайтариб берилган.

Вазирлик университет ва ўзи талабалар ушбу объектга белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда жойлаштирилганидан олдиндан хабардор бўлмаганини билдирди. Ҳолат аниқланганидан сўнг талабалар хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар