13:20 / 30.06.2018
4 570

Шавкат Мирзиёев солиқ сиёсатига доир тизимли муаммоларни санаб берди

Шавкат Мирзиёев солиқ сиёсатига доир тизимли муаммоларни санаб берди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

Ушбу қарор матнида солиқ сиёсатига доир тизимли муаммолар белгилаб берилган.

Жумладан, солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни тезкор ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг муҳим шартлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, ўрганишлар натижалари мазкур соҳада бир маромда иқтисодий ўсишга, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлиги зарурий даражасини таъминлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларни кўрсатди, хусусан:

биринчидан, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун солиқ юки даражасининг юқорилиги, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимида солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги фарқнинг сезиларлилиги;

иккинчидан, қўшилган қиймат солиғини ундиришнинг самарасиз тизими, солиқ тўловчиларнинг айланма маблағларини жалб қиладиган, шунингдек, истеъмол маҳсулотининг оралиқ ва якуний қиймати қимматлашишига олиб келадиган ҳамда йирик ва кичик бизнес ўртасидаги кооперацияни ривожланишига тўсқинлик қиладиган мажбурий тўловларнинг мавжудлиги;

учинчидан, солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини яширишга олиб келувчи меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқ ставкаларининг юқорилиги;

тўртинчидан, хўжалик юритувчи субъектларни солиқ ва божхона, шу жумладан, индивидуал хусусиятга эга бўлган имтиёзлар ҳисобига қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли амалиёти, натижада соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи имтиёзларнинг самарадорлигини назорат ва мониторинг қилиш тизимининг мавжуд эмаслиги;

бешинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашиш механизмларининг, электрон солиқлар маъмуриятчилиги ҳамда солиқ назоратини амалга оширишнинг шакл ва услубларининг такомиллашмаганлиги;

олтинчидан, ўтказиладиган назорат тадбирларининг сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ва инсофли тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашишларни камайтиришга тўсқинлик қиладиган назорат фаолиятини амалга оширишда хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва бошқаришнинг аниқ тизими йўқлиги;

еттинчидан, маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг маъмуриятчилиги механизмларининг самарасизлиги оқибатида уларни йиғилувчанлик даражаси етарли эмаслиги, шунингдек, кўчмас мулк ва ер участкаларини тўлиқ ҳисобга олиш ва қийматини объектив аниқлашнинг мавжуд эмаслиги.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Шавкат Мирзиёев солиқ сиёсатига доир тизимли муаммоларни санаб берди