22:22 / 27.12.2018
5 135

Қўшилган қиймат солиғи яхшими ёки ягона солиқ?

Қўшилган қиймат солиғи яхшими ёки ягона солиқ?
Ниҳоят 2019 йил учун асосий солиқ параметрлари расман эълон қилинди ва табиийки, нафақат солиқ тизимидаги ходимлар ёки ҳисобчилар, балки энг пастки қатламдаги якка тадбиркорлар учун ҳам муҳим ўзгаришлар кутилмоқда.

Янги солиқ ставкалари, асосий шартлар ва мажбуриятлар ҳақида тўлиқ маълумотларни топишингиз мумкин, бу ерда эса, шу пайтгача аксарият иқтисодий субъектлар учун бегона, энди эса, тушунарсиз бўлиб қолаётган ҚҚС ҳақида қисқача маълумот берамиз.

ҚҚС нима ўзи?

Ўз номи билан - «қўшилган қиймат солиғи», яъни маълум тайёр маҳсулот учун қиймат яратадиган ҳар бир субъект ўзи қўшган қиймати миқдоридангина солиқ тўлайди.

Мисол учун. Болалар кийими ишлаб чиқариладиган бир тизимда фаолият кўрсатадиган барча тадбиркорлар ҚҚС эмас, «Ягона солиқ», яъни товар айланмасидан солиқ тўлайди, деб тасаввур қилайлик. Ип йигирувчи корхона 800 сўмлик ип ишлаб чиқаради, ундан ипни сотиб олиб, мато тўқийдиган корхона мато нархини 1200 сўм деб белгилайди. Матони олиб, бошқа корхона ундан кийим тикади ва 1500 сўмга улгуржи савдо фирмасига сотади. Улгуржи савдо билан шуғулланаётган корхона товарни 1800 сўмдан чакана савдо шохобчаларига сотади. Магазин ўзининг фойдасини қўйиб, айтайлик 2000 сўмдан болалар кийимини харидорга сотади.

Энди бу корхоналарнинг ҳар бири ягона солиқ тўловчисилигини инобатга олсак, (800+1200+1500+1800+2000 = 7 300) умумий товар айланмаси 7300 сўмни ташкил қилиб, ундан тўланадиган Ягона солиқ 5 фоиз, яъни, 365 сўмни ташкил қилади. Гап фақат якуний суммада эмас, эътибор берган бўлсангиз, дастлабки корхона ишлаб чиқарган ип нархи кейинги ҳосил бўлган ҳар бир маҳсулотнинг ичида ўтирибди ва аслида, ўша 800 сўмлик ип қийматидан 5 марта 5 фоизлик Ягона солиқ олиняпти. Ип йигирувчи корхона, мато туқувчи, кийим тикувчи ва савдо корхоналарининг ҳар бири «ипнинг қиймати» учун ҳам 5 фоиз солиқ тўлашмоқда. Ўз ўзидан бу солиқлар якунда харидорнинг гарданига тушади.

«Қўшилган қиймат солиғи» эса, субъектларнинг фақат ўзи қўшган қиймати миқдоридан солиқ ҳисоблашни тақозо қилади. Бу ерда ҚҚСнинг 20 фоиз ставкада бўлиши ваҳимага солмаслиги керак. Юқоридаги мисолдан келиб чиқсак, ип йигирувчи корхона 800 сўмдан, мато тўқувчи корхона эса, ўзи қўшган қиймат, яъни, 400 сўмдан, кийим тикувчи корхона 300 сўмдан, мисолимиздаги савдо корхоналари эса, 200 сўмдан солиқ ҳисоблайдилар. Умумий ҳисоблаганда, ўша 2000 сўмдан сотилган болалар кийимидан 330 сўм, балки ундан камроқ солиқ чиқади. Яъни, фоиз кўринишида катта кўрингани билан, солиқ миқдори ҳатто «Ягона солиқ»дан ҳам камроққа тушиши мумкин (албатта, ҚҚС тўловчиларнинг яна мол-мулк, фойда солиғи каби қўшимча солиқлари ҳам борлигини эсдан чиқармадик, бу энди алоҳида мавзу ва хос ҳисоб-китобни талаб қилади)

Бу қандай ишлайди?

Амалда бу жараённинг ҳисоб-китоби ва ҳисоботи қандай амалга ошади? Корхона бир ой мобайнида сотган маҳсулотлар (ёки кўрсатган хизматлар) бўйича барча счет-фактураларни йиғиб чиқади. Барча счет-фактураларнинг умумий қиймати 120 миллион сўм дейлик. Ундан 20 миллиони ўша фактураларда «ҚҚС» сифатида акс эттирилган. Бу - ҳисобот бўйича Бюджетга тўланадиган ҚҚС қиймати.

Кейин эса, ўз навбатида, корхона томонидан қабул қилинган маҳсулот (хом ашё, хизматлар) бўйича счет-фактуралар жамланади. Бу ерда сотиб олинган хом ашёлар, электроэнергия харажатларидан тортиб, бошқа хизмат турлари ҳам бўлиши мумкин. Бу фактураларда акс этган ҚҚС қиймати жамланади ва бу қиймат, юқорида ҳисобланган Бюджетга тўланиши керак бўлган ҚҚС суммасидан чегириб ташланади. Яъни, масалан, корхона ўша ойда 96 миллион сўмлик хом ашё ва хизматлар сотиб олган бўлса, унинг қўшилган қиймат солиғи - 16 миллионни ташкил этади.

Демак, ўша ойда бюджетга тўланиши керак бўлган ҚҚС миқдори 20 – 16 = 4 миллион сўмдир.

ҚҚСнинг «ҳақиқий» ставкаси

Албатта, 20 фоиз, бу янги тизимдаги энг аниқ маълумотлардан бири. Аммо бир нозик жиҳатни эътиборга олишимиз керак. Бу тушунча азалдан солиқ тизимимизда бор бўлса-да, иқтисодиётимизнинг жуда катта қисми Ягона Солиқ тўловчиси бўлиб келган. Ўзим ҳам анчадан бери ҳисобчи бўлиб ишласам ҳам, ҚҚСга охирги марта 15 йил олдин, қурилиш ташкилотида ишлаб юрганимда «ишим тушган».

Демак, асосий солиқни товар айланмасидан тўлаб келган бугунги «авлод» учун ҚҚСда кўрсатилган 20 фоиз бироз бошқача тушунилиши мумкин. Ягона солиқдаги 5 фоиз билан солиштирганда фарқ 15 фоизни ташкил қиладими?

Йўқ. ҚҚС товарнинг нархи устига «миниши» туфайли, товар нархидан ёки айланма маблағдан ҚҚСни чиқариб олиш учун 20 фоиз эмас, 16.66 фоиз ҳисоблашга тўғри келади. Яъни, масалан нархи 600 сўмлик товарнинг ичидаги ҚҚС 20 фоиз – яъни, 120 сўм эмас. Товарнинг нархи аслида 500 сўм бўлиб, 20 фоиз устига «миндирилган» ва 600 сўм ҳосил бўлган. ҚҚС суммаси бу ерда – 100 сўм.

Ўзимиз ўрганиб қолган умумий товар айланмасидан ҚҚСни чиқариб олиш учун демак, суммани 5га эмас, 6га бўлишимизга тўғри келади. Бу эса, 16.66 фоизни ташкил этади.

Содда қилиб айтганда, ҚҚС маҳсулотлар реализациясининг умумий ҳажмидан 16.66 фоизни ташкил қилади.

ҚҚС яхшими ёки ягона солиқ?

Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган юридик шахслар учун бунақа танловнинг ўзи мавжуд бўлмаса-да, солиштириш, ўтган йилга нисбатан солиқ юки ошадими ёки йўқми, буни билиш учун ҳам бу савол ўринли.

Бу саволнинг умумий жавоби йўқ. Масалан, юқоридаги ҳолатимизда корхона «Ягона солиқ тўловчиси» бўлганида 6 миллион сўм тўларди, ҚҚСда эса, 4 миллион сўм тўлайди. Лекин бунинг акси бўладиган ҳолатлар ҳам бор. Чунки корхона хом ашёни қўшимча қиймат солиғисиз сотиб олаётган бўлиши ҳам мумкин, у ҳолда аввалгига нисбатан солиқ юки бир неча баробар ошиб кетади.

Яъни, қайси бири афзал эканини билиш учун ҳар бир корхона ўз фаолиятидан келиб чиқиши, харажатлари ва тушумларини, ҳамкорлик қиладиган бошқа корхоналарнинг қайси солиқ тўловчиси эканини ҳам эътиборга олишига тўғри келади.

Ҳисоб-китоб натижасида агар ҚҚС тўловчиси бўлиш солиқ харажатларини камайтирадиган бўлса, ҳатто айланма 1 миллиарддан кам бўлса ҳам, ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчисига айланиш фойдалироқ бўлади.

Соддалаштирилган ёки стандарт? Қайси бирини танлаш керак?

Солиқ концепциясининг дастлабки тақдим этилган вариантда мавжуд бўлмаган тушунча ҳам киритилди – ҚҚСнинг соддалаштирилган варианти. Агар сиз 2018 йилда 3 миллиарддан кам товар айланмасига эга бўлсангиз, бемалол, ариза билан ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган вариантига ўтишингиз мумкин (агар 2019 йил давомида айланмангиз бу лимитдан ошиб кетадиган бўлса, ўша ошиб кетган ойдан бошлаб, стандарт ҚҚСга ўтасиз).

Бир қараганда, бу ҳисоб-китобни ҳам ва ҳатто солиқ юкини ҳам бирмунча камайтирадиган имкониятга ўхшаб кўринади. Чунки, жадвалда кўрганингиздек, бу ерда солиқ ставкалари пастроқ, ўйланиб ўтирмасдан ўтиб кутиш мумкиндек. Лекин содда бўлманг, соддалаштирилган вариантнинг ҳам ўзига хос ноқулайликлари бор.

Бу тизимда қабул қилинган счет-фактуралар, яъни хом ашё ва хизматларни сотиб олаётганда акс этган ҚҚСлар инобатга олинмайди. Бу худди «Ягона солиқ»нинг оширилган ставкаси каби ишлайди, сиз товар айланмадан ўша белгиланган фоизда ҚҚС тўлайсиз, тамом.

Яъни, аслида бу солиқ номи билан ҚҚС бўлгани билан, ишлаш принципи ва мантиғи бўйича, оборотдан тўланадиган солиқдир.

Яна ўша саволга қайтамиз, ҳар бир корхона ўзи учун афзал вариантини ҳисоблаб кўриши керак бўлади. Агар сиз хом ашё сотиб олаётганингизда етказиб берувчининг счет-фактураларида ҚҚС акс этаётган бўлса, ёки импорт бўлгани учун божхонада ҚҚС тўлаётган бўлсангиз, бу тўловларни инобатсиз қолдирманг ва стандарт ҚҚСга ўтганингиз дурустроқ. 2019 йилда сизга маҳсулот ёки хом ашё етказиб берувчилар қандай солиқ тўлашларини улардан сўраб, билиб олиш ва шунга кўра ҳаракат қилиш мумкин.

Тадбиркор қайдномасига:

· Агар корхонангиз импорт маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланса, стандарт ҚҚС бўйича ишлаш самаралироқдир. Чунки импорт маҳсулотларининг аксарият қисмида божхона расмийлаштируви пайтида шундоқ ҳам ҚҚС тўлайсиз. Бу сумма эса, солиқ ҳисоботларида акс эттирилиб, тўловингизни камайтиради.

· Агар импорт хом ашёси ёрдамида ишлаб чиқариш билан шуғуллансангиз ҳам худди шу сабаб билан ҚҚС тизими «ягона солиқ»қа нисбатан самаралироқ бўлади. Аммо ҳозирда баъзи тармоқлар каби, хом ашё учун божхона имтиёзларига эга бўлсангиз, «Ягона солиқ»да қолганингиз дуруст. Чунки божхонада имтиёз туфайли ҚҚС тўламайсиз, Лекин ДСИ сиздан тўлиқ ҚҚСни ундириб олади. Яъни якунда ҳеч қандай имтиёзга эга бўлмаган бўлиб чиқасиз.

· Агар ишлаб чиқарадиган маҳсулотингиз ёки хизматингиз асосан йирик корхоналар ва заводлар учун бўлса, ҚҚС тўловчиси бўлишингиз муҳим. Чунки, энди иқтисодиётда ҚҚС тўловчилари кўпайишини эътиборга олсак, ўша йирик корхоналар ҳам мана шундай корхоналар билан ишлашни афзал кўради. Чунки сизга тўлаётган ҚҚС миқдорида уларнинг ҳам солиғи камайишини инобатга олинг.

· Агар сиз ҚҚС тўловчиси бўлсангиз, хом ашё ёки товарларни сотиб олишда бошқа ҚҚС тўловчилари билан ишлашга ҳаракат қилинг. Чунки уларнинг товарлари бироз қиммат бўлса-да, қийматнинг 16.66 фоизи ҚҚС бўлади ва бу сумма сизнинг солиғингизни камайтиради.

· Бунинг иложи бўлмаса, яъни сиз маҳсулотларни асосан чакана ёки кичик корхоналардан сотиб оладиган бўлсангиз, ҚҚС тўловчиси бўлишингиз сизнинг зарарингизга ишлайди. Зинҳор ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси бўлманг.

· Яхшиси ҳар уч ҳолатда (Ягона солиқ, соддалаштирилган ҚҚС ва стандарт ҚҚС) корхонангизнинг солиқ харажатларини ҳисоблаб кўринг. Бу сизга қайси тизим мақбулроқ эканини танлаш, агар танлаш имкониятингиз бўлмаса-да, ўзгаришлар харажатларингизга қай тариқа ва неча сўм миқдорда таъсир ўтказаётганини билиш имконига эга бўласиз. Нарх сиёсати учун муҳим.

Хулоса

Аслида солиқ ставкалари ёки тизимларининг ўзгариши ҳақиқий бизнес рақобатида, эркин иқтисодиётда тадбиркорлар учун катта таъсир ўтказмаслиги керак. Чунки бу ўзгаришлар иқтисодиётнинг барча субъектларига таъсир қилади, жумладан рақобатчи корхоналарга ҳам. Натижада, ҳамманинг харажати бир деярли бир хил суръатда ўзгаради ва бу ўзгариш нархлар белгиланишида бир хил акс этади. Бу ерда ютадиган ёки ютқазадиган томон фақат харидор бўлади холос.

Аммо бизнинг ҳолатимизда бу ўзгаришлар янада оғриқлироқ юз бериши ҳақиқатга яқин бўлиб турибди. Сабаби, ҚҚС тизимига ўтганимиз билан, барибир, «айланма маблағлардан солиқ», яъни «Ягона солиқ»дан буткул воз кечганимиз йўқ. Бир пайтнинг ўзида, бир-биридан кескин фарқ қиладиган икки хил тизимнинг бўлиши вазиятни янада мураккаблаштиради, чалкаштиради.

Бир корхонанинг аввалги ва бугунги кундаги солиқ юкини солиштиришдан кўра, айни бир пайтдаги икки корхонанинг (улар рақобатчи бўлса) икки хил принципда ишлаши нархлар ҳосил бўлишига, рақобатга жиддий таъсир кўрсатади ва балки жуда кўп корхоналарни молиявий қийин аҳволга тушириши, уларнинг рақобатга дош бера олмай қолишига сабаб бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг, айни иш билан шуғулланадиган икки корхонанинг бири ҚҚС, бошқаси «Ягона солиқ» тўласа? Ва ўша соҳа учун ҳисоб-китоблар «Ягона солиқ» бўйича ишлаш солиқ юкини сезиларли даражада камайтиришини кўрсатса? Бири бир йилда 900 миллион, иккинчиси эса, 1,1 миллиард сўмлик айланмага эга бўлса, деярли бир хил иш юритадиган корхоналарда фарқли солиқ юклари бўлиши рақобатни ўлдирмайдими? Ёки баъзи корхоналар белгиланган лимитни сақлаш учун баъзи айланма маблағларни яшириш ёки кейинги йилга қолдиришга уринмайдими? Ёки ҚҚСдан қочиш мақсадида айни таъсисчи томонидан алоҳида ва бир нечта кичик корхоналарга бўлиниш ҳолатлари рўй бермайдими?

Иқтисодиётнинг бошқа (ишлаб чиқариш, савдо) соҳалари билан деярли кесишмайдиган, яъни моддий қийматликлар яратишда актив иштирок этмайдиган соҳалар бор. Масалан, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, консалтинг, меҳмонхона бизнеси ва шунга ўхшаш. Мана шу каби соҳаларда алоҳида тизимни жорий қилиш ўзини оқлайди. Бу соҳаларга айланма маблағлардан солиқ белгилаш, «Ягона солиқ» тўловини сақлаб қолишнинг зарари йўқ. Аммо бир қозонда қайнаётган тадбиркорлик субъектларининг икки хил йўналишдаги, икки хил принциплар асосида солиққа тортилиши амалга оширилаётган ва оширилиши кўзда тутилаётган ислоҳотларнинг «белига тепади», самарасини пасайтиради. Аксинча, эркин ва шаффоф рақобатга путур етказади. Солиққа тортишнинг реализация ҳажмига қараб фарқланиши тадбиркорларни яна ҳақиқий товар айланмасини яшириш эҳтиёжини пайдо қилади. Сўнгги йилда (конвертациядан сўнг) анчагина очиққа чиққан «яширин иқтисодиёт» яна кўпая бошлайди.

Албатта, ҳар қандай тизимнинг тўлиқ ишлаши учун солиқчи ва солиқ тўловчиларнинг виждони, шаффофлик ва ҳалоллик шарт қилинади. Аммо бунинг учун ҳалол ва шаффоф ишловчи корхонанинг эркин бозор иқтисодиёти шароитида соғлом рақобатга чидамлилигини ҳам таъминлашга эҳтиёж сезилади. Буни таъминлаш эса, аввало, солиқ тизими зиммасидаги вазифадир. Айтмоқчиманки, тадбиркорлардан инсоф билан ишлашни талаб қилиш учун, аввало, уларнинг эркин ишлашлари ва ҳалол рақобат қилишлари учун ҳам барча шароитлар яратилиши шарт.

Шунинг учун, шахсан мен иқтисодиётдаги барча субъектлар учун, унинг ишлаш принциплари, айланма маблағи, ишчилар сони, умуман ҳар қандай кўрсаткичларидан қатъи назар, бир хил тизимдаги солиқ тўлашлари тарафдори бўлиб қолавераман. Фақат шу орқали биз кичик корхоналарни ҳам, катта корхоналарни ҳам, ҳалол корхоналарни ҳам бир пайтда асраб қола оламиз.

Ўзгаришлар эса, якунда ўша ҳамма учун бир хил бўлган тизимга ўтиш учун ташланган қадам эканига ишонгим келади.
Қаҳрамон Асланов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Қўшилган қиймат солиғи яхшими ёки ягона солиқ?