Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази раҳбари, иқтисодчи Юлий Юсупов Ўзбекистонда АҚШ доллари курсининг кескин ошиб кетиши сабаблари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мени доллар курси кўтарилиши сабабли ижтимоий тармоқларда бошланган ваҳима ҳайрон қолдирмоқда.
- Гўёки янги тарихимизда алмашув курсининг бундан каттароқ сакраши бўлмагандек. Ҳаттоки 2017 йил сентябрдаги девальвация каби мисолни назарда тутаётганим йўқ. Либерализациягача доллар қора бозорда қанчалик кўтарилганини ёдимиздан чиқариб қўйдик шекилли.
- Гўёки 2017 йил сентябргача биржа курси 10 минг сўмлик “психологик кўрсаткич”дан ошмагандек. Бизга импорт маҳсулотлар нархини худди шу курсда ҳисоблашмаганди. Энди эса 10 минг сўмлик кўрсаткич худди охирзамондек туюлмоқда. Зеро бу кўрсаткични бир неча йил аввал қайд этганмиз.
- Гўёки бозор алмашув курси бошқа давлатларда, айниқса собиқ СССРдаги қўшниларимизда кўтарилмаётгандек. Уларда ошмоқда, бизда нима учун ошмаслиги керак?
Миллий валюта алмашув курси нега тушиб кетмоқда?
Асосий сабаб – ортиқча пул массаси эмиссияси. Валюта бозорида ҳам бошқа бозорлардаги сингари талаб ва таклиф қонуни амал қилади: агарда иккита маҳсулот бир-бири билан алмаштирилаётганида бир маҳсулот иккинчисига нисбатан кўпроқ таклиф қилинса, у ҳолда биринчисининг нархи иккинчисига нисбатан тушади. Агарда сўмнинг ортиқча массаси эмиссияси тезлиги бошқа валюталар эмиссиясиникига нисбатан ошиб кетса, у ҳолда сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан қиймати пасаяди.
Ортиқча пул эмиссияси нима? Иқтисодий ўсиш суръатидан ортиқ бўлган пул эмиссиясининг (чиқарилиши) ўсиши. Оддий сўз билан айтганда, маҳсулот массасига нисбатан пул массасининг ўсиши. Агарда ортиқча пул эмиссияси бўлса, миллий валюта мамлакат ичида ҳам (бу ички нархларнинг ўсишида кўринади, яъни инфляцияда), мамлакат ташқарисида ҳам (миллий валюта алмашув курси тушиб кетишида намоён бўлади) қадрсизланади. Шу орқали инфляция даражаси бўйича валюта бозорига чиқадиган ортиқча пул массасини мувозанатга солиб туриши керак бўлган алмашув курсининг тахминий ўзгаришларига баҳо бериш мумкин.
Нима учун фақат “тахминий ўзгаришлар” ҳақида гапириш мумкин. Чунки алмашув курсига ортиқча пул массасидан ташқари, бошқа омиллар: импортга бўлган талабнинг ўзгариши, меҳнат мигрантларидан келадиган валюта, кредит ва хорижий инвестициялар ҳамда савдо шерикларимизнинг валюта курсларидаги ўзгаришлар ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис инфляция даражаси – бу алмашув курсининг ҳозирги ва келажакдаги ўзгаришларининг тахминий мўлжали ҳисобланади.
Бизда ҳозир инфляция даражаси қандай? Масалан, 2018 йилда Статистика қўмитаси маълумотига кўра, 14,3 фоиз бўлган. Бу рақам тақрибий. Аммо у рақамлар ҳақида сўзлайди.
Кейинги йил давомида сўм қанчалик қадрсизланди? Бир йил аввал 1 доллар расмий курс бўйича 7765 сўм эди. Бугун – 8705. Ўсиш қандай? Атиги 12 фоиз. Бу оз. Сўм янада кўпроқ қадрсизланиши керак эди! Айниқса, аввалги йилда у деярли қадрсизланмагани ҳисобга олинса. Эслатиб ўтаман, 2017 йил сентябрда (валюта бозори либераллаштирилганидан кейин) доллар нархи 8094 сўм эди. Сўм икки йил ичида қанчалик қадрсизланди? 7,5 фоиз! Бу мамлакатдаги ҳақиқий инфляция ҳисобга олинадиган бўлса, кулгили рақам.
Нима учун айнан ҳозир алмашув курси кескин кўтарилиб кетди?
Ҳа, чамаси, Марказий банк маълум қилганидек, ташқи омиллар таъсир кўрсатмоқда: савдо ҳамкорларимиз бўлган мамлакатлар валюталари озгина қадрсизланди. Аммо асосий сабаб бошқа ёқда. Марказий банк яқин-яқингача ташқи бозорда олтин сотиб сўмнинг ҳақиқий алмашув курсини сунъий равишда мустаҳкамлаб келганди, яъни ортиқча пул эмиссияси сабабли тушиб кетишини тўхтатиб турганди.
Бу эса кейинги бир ярим йил ичида импорт ўсишига асосий сабаб бўлди. Қандай боғлиқлик бор? Экспорт ҳам, импорт ҳам алмашув курсига қаттиқ боғланган. Агарда сўмнинг ҳақиқий алмашув курси ўсса (яъни номинал девальвация инфляциядан ортда қолса), у ҳолда импорт нисбатан арзонлашади ва унга бўлган талаб ошади. Экспорт билан эса ҳаммаси аксинча: миллий валютанинг мустаҳкамланиши эса экспортнинг фойдасини камайтиради (маҳсулотларимиз ташқи бозорда қимматлашади). Натижада хорижий валюта таклифи камаяди, унга бўлган талаб эса ошади.
Марказий банк девальвациянинг ҳозирги сабаби импортга бўлган талабнинг ўсиши деб айтганида мутлақо ҳақ. Фақат бу ўсиш биринчи навбатда Марказий банкнинг аввалги сиёсати натижаси эканлигини айтишмаяпти. Айнан олтин-валюта резервларини сотиш ҳисобига сўмни мустаҳкамлаш сиёсати импортнинг ўсишини рағбатлантирган.
Ҳозирда Марказий банк бу сиёсатдан воз кечди. Доллар пайтдан фойдаланмоқда. Яъни сўм девальвацияси сунъий равишда ушлаб турилганидан сўнг бозорда сакраш юз бермоқда ва мувозанат тикланмоқда.
Энг асосийси, Марказий банкнинг интервенцияси алмашув курсининг кескин сакрашини силлиқлашга йўналтирилиши лозим. Аммо амалиётда бундай сиёсат моҳирона олиб борилмайдиган бўлса, тескари натижани кўришимиз мумкин.
Хулоса қандай?
- Талаб ва таклиф қонунини алдашга уриниб бўлмайди. Бозорни алдаб бўлмайди. Эртами-кечми мувозанат нуқтасига қайтишга тўғри келади. Йиғилиб қолган инфляцияни ҳисобга оладиган бўлсак. Биз бу нуқтага ҳали етиб келмадик. Яъни қисқа муддатли даврда агарда Марказий банк аралашмайдиган бўлса (шундай бўлишига умид қиламиз), доллар яна ошади.
- Ҳозирги девальвация импортнинг қимматлаши, натижада эса ҳажми қисқаришига олиб келади. Бошқа томондан, бу экспортчилар учун манфаатли. Натижада экспорт ўсишини кутиш мумкин (табиийки, мавсумий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда).
- Узоқ муддатли режада доллар курси ортиқча пул эмиссияси муаммосини ҳал қилмагунимизча ўсишда давом этади. Айнан у инфляция ва девальвацияни вужудга келтиради. Молия тизимимизни мустаҳкамлашни истасак, унинг мустаҳкам эмаслиги сабабларини бартараф этишимиз лозим.
Шундай қилиб, молиявий мустаҳкамлигимиз, жумладан алмашув курсининг мустаҳкамлиги Ҳукумат ва Марказий банк ҳамда ташаббуслари иқтисодиётдаги ортиқча пул миқдорига катта таъсир кўрсатувчи Президентнинг қўлларида. Раҳбариятимизнинг оқилона йўл тутишига, молия интизоми ва бозор иқтисодиёти қонунларига риоя қилишига умид қиламиз. “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди